Линклар

Қозоғистонда ўзбекистонлик учувчи ҳалок бўлди


Постсовет ўлкаларида, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларида далаларга кимёвий дорилар сепишда ҳалигача АН-2 самолётидан кўп фойдаланилади.

Постсовет ўлкаларида, хусусан, Марказий Осиё мамлакатларида далаларга кимёвий дорилар сепишда ҳалигача АН-2 самолётидан кўп фойдаланилади.

28 июн оқшомида Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти Сирдарё туманида жойлашган Теренозек қишлоғи яқинида АН-2 самолёти ҳалокатга учради. Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик учувчи Сергей Капилаж воқеа жойида жон таслим қилган.


Теренозек қишлоғи ёнида “Азия континенталь авиалайнс” ширкатига қарашли самолёт, Қозоғистон транспорт прокуратураси тарқатган маълумотга кўра, жума куни соат 19.40 да далаларни дорилаш чоғида ҳалокатга учраган.

Авиаҳалокат чоғида самолёт бортида экипажнинг икки аъзоси – ҳаво кемаси командири, ўзбекистонлик Сергей Капилаж ва иккинчи учувчи, қозоғистонлик Валерий Силавол бўлган.

Тайин қилинган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Капилаж ҳалок бўлган, Силавол эса касалхонага ётқизилган - унинг аҳволи ҳам оғир экани айтилмоқда.

Қўшимча маълумот олиш учун Қозоғистон транспорт прокуратураси билан боғланишга уринишларимиз самара бермади.

Маълум бўлишича, Теренозек яқинидаги авиаҳалокат ҳодисаси бўйича Қизилўрда станциясидаги ички ишлар линия бўлими томонидан Қозоғистон Жиноят кодексининг 295-моддаси 2-банди (эҳтиётсизлик туфайли киши ўлимига сабаб бўлган ҳаво транспортидан фойдаланиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидаларини бузганлик) бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур бўлим телефон гўшагини ҳам шанба куни ҳеч ким кўтармагани учун бу борада қўшимча маълумотга эга бўлолмадик. Шу важдан "Ўзбекистонлик учувчи Қозоғистонда қандай асосда ишлаган?", "Авиаҳалокат айнан унинг хатоси туфайли содир бўлганми ёки техник носозлик туфайлими?", "Капилажнинг суғурта ширкатлари билан шартномаси бормиди?" ва бошқа шу каби саволларга жавоб ололмадик.

Қозоғистон транспорт прокуратураси маълумотларига кўра, ҳозир воқеа жойида тергов-тезкор гуруҳи ишлаяпти, авиаҳалокат содир бўлган жой текширилмоқда.

Айтилишича, самолёт қулаган жойга Қозоғистон транспорт ва алоқа вазирлигининг авиаҳалокатни текшириш бўйича комиссияси ҳам йўл олган.
XS
SM
MD
LG