Линклар

logo-print

Кэмерон Назарбоев билан инсон ҳуқуқлари масаласини муҳокама қиладими?


Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон.

Шу ҳафта охири Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон икки кунлик ташриф билан Қозоғистонда бўлади.


Бу Британ бош вазирининг Марказий Осиёга илк сафаридир. Қозоғистон ғарбидаги Атирау шаҳрида бўлажак сўзлашувларда Қозоғистоннинг энергия манбалари ҳамда Афғонистондан ғарб қўшинларини олиб чиқиш масаласи асосий эътиборда бўлиши кутиляпти.

Айни пайтда қозоқ фаоллари инсон ҳуқуқлари масаласи, журналистлар ва оммавий ахборот воситаларига қарши тазйиқлар билан боғлиқ мамлакатдаги абгор аҳвол жаноб Кэмерон назаридан четда қолмайди, деган умиддалар.

Лондондаги Осиë ва Африка тадқиқотлари институтининг Марказий Осиë бўйича таҳлилчиси Бавна Даве фикрича, Британ бош вазирининг Қозоғистонга ташрифи давомида энергетика ва хавфсизлик мавзуси устивор масала бўлиши тайин.

- Камерон ташрифи икки асосий мақсадни кўзлайди. Биринчиси, иқтисод ва савдо-сотиқ, иккинчиси хавфсизлик, Марказий Осиё ва Афғонистонда Қозоғистоннинг роли каби масала. Қозоғистонни ўзи ҳам муносабатлар айнан шу соҳада ривожланишини хоҳлайди. Демократия ва инсон ҳуқуқлари эса иккинчи даражали масалалардир, - дейди британиялик таҳлилчи.

Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев кўп йиллардан буён Британия бош вазирини Қозоғистонга келишини истаб келган.

Шу жиҳатдан, Кэмероннинг ушбу ташрифини Марказий Осиёда етакчиликка даъво қилаётган Қозоғистон раҳбарининг ютуғи, дейиш мумкин.

Назарбоев, шунингдек, Британиянинг собиқ бош вазир Тони Блейрни Қозоғистон ҳукуматига иқтисодий ислоҳотлар ҳамда Қозоғистонни Ғарбга қандай тақдим этиш борасида маслаҳатчи қилиб ёллаган.

Қозоқ раҳбари Блейрга йилига 13 миллион АҚШ доллари миқдорида ҳақ тўлайди.

Қозоқ президентининг куёви Тимур Қулибоев эса Британия қироличасининг ўғли Шаҳзода Андрю билан боғлиқ коррупция даъволари ҳақидаги мақолаларда бир неча бор тилга олинган.

Қулибоев Назарбоевнинг ўртанча қизи Динарага уйланган.

Қулибоевнинг британ шаҳзодасининг дўсти, асли қозоғистонлик бадавлат тадбиркор Гога Ашкенази билан ишқий муносабатлари ҳам британ матбуоти назарига тушган.

Анъанага кўра, Британия мулозимлари инсон ҳуқуқлари масаласини четлаб ўтишмайди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Мира Ритманга кўра, бош вазир Кэмерон Қозоғистон раҳбари Назарбоев билан учрашувда ҳам ана шу одатга риоя қилиши керак.

- Иқтисодий манфаатлар деб инсон ҳуқуқлари қадриятлари бой берилмаслиги керак, - дейди Ритман.

Британия Қозоғистон иқтисодига сармоя киритиш буйича АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Британиянинг British Gas ва Shell каби йирик ширкатлари Қозоғистоннинг нефт конларида катта ҳисса ва улушларга эгадир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG