Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:46

АҚШ Эквадорни Сноуденга бошпана бермасликка чақирди


АҚШ вице-президенти Жозеф Байден Эквадор ҳукуматини Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Эдвард Сноуденга сиёсий бошпана бермасликка чақирди.

Бу ҳақда матбуотга гапирган Эквадор президенти Рафаэл Корреага кўра, улар Байден билан жума куни Сноуден билан боғлиқ вазиятни телефон орқали муҳокама қилишган.

Президент Корреа ўз мамлакати Сноуден масаласида албатта АҚШ билан маслаҳатлашиб қарор қабул қилишини билдирди.

Эдвард Сноуден етти кундан бери Москванинг Шереметьево аэропортида қолаётгани айтилаяпти. Американинг дунё бўйлаб кузатувларни амалга оширганига оид махфий ахборотни ошкор қилган собиқ разведка ходимининг кейинги режалари номаълум қолмоқда.

30 ёшли Сноуден ўтган якшанба куни Ҳонг Конгдан Москвага учиб келганидан бери жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ.

Россия расмийлари Сноуден Шереметьево аэропортининг транзит зонасида қолаётганини айтмоқда. Қўшма Штатлар Сноуденнинг паспортини бекор қилгани боис у қандай қилиб учинчи мамлакатга чиқиб кетиши мавҳум бўлиб қолаяпти.

АҚШ ҳукумати уни экстрадиция қилишни сўраб, Россияга мурожаат қилишда давом этаяпти. Сноуден Қўшма Штатлар томонидан жусусликда айбланмоқда.
XS
SM
MD
LG