Линклар

Жиззахлик 75 ёшли фаол тингловчи Набижон Жўрабоев Ғаллаорол тумани ИИБсида оғир аҳволда сақланаётгани айтилмоқда. Мустақил манбалардан олинган маълумотларга кўра, отахоннинг ҳибсга олингани ҳақида хабар берганидан сўнг унинг рафиқаси Феруза Маматовага нисбатан ҳам тазйиқ ўтказилган.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси асосида "товламачилик" айби қўйилган ва бир ойдан буён Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимида сақланаётган жиззахлик 75 ёшли Набижон Жўрабоевнинг аҳволи оғирлашгани айтилди.

Озодлик тингловчилари Набижон Жўрабоев сифатида таниган, асл исми эса Тўрабой Жўрабоев бўлган фаол отахон 31 май куни ўз уйидан ноқонуний равишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан олиб кетилган эди.

Шу бўйи Ғаллаорол тумани ИИБда сақланаётган отахонга "товламачилик" айби қўйилгани ҳақида Озодликка унинг рафиқаси Феруза Маматова хабар берган эди.

Аммо орадан бир неч кун ўтгач, отахоннинг рафиқаси билан Озодликнинг алоқаси узилиб қолди.

Шу боис бу оила ҳолидан хабар олиш учун Ғаллаорол туманига борган ва Жўрабоевлар оиласи билан қисқача суҳбатлашолганини айтган Маъмуржон Азимовнинг аниқлашича, Набижон Жўрабоев ҳануз ҳибсда қолмоқда.

- Ҳибсга олинганидан 20 кун ўтиб, хотини билан кўриштиришибди. Хотинидан биринчи сўраган гапи: "20 кундан бери овқат емадим, нега овқат олиб келмаяпсан?" деган гап бўлибди. Хотинининг айтишича, Наби буванинг аҳволи анча оғир, жуда озиб кетган, қон босими ҳам ошиб кетибди, - деди Маъмуржон Азимов.

Унинг аниқлашича, Набижон Жўрабоевга яқинлари егулик ва дори-дармонни олиб бориб бермоқда, аммо омонатлар ҳибсдаги отахонга тўлиқ етказилмаяпти.

- Хотини: "Овқат келтириб бериб турибман-ку?!" деган эканлар, Набижон бува: "Мен 20 кундан бери овқат емадим", дептилар. Шунга қараганда, отахонга сув-пув бериб, овқат бермай, қийноқ аҳволида ушлаб туришибди чамамда, - деди жиззахлик ҳуқуқ фаоли Маъмуржон Азимов.

Ҳуқуқ фаолининг аниқлашича, 75 ёшли отахонга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳануз давом этмоқда.

Айни пайтда, терговчиларнинг Жўрабоевга қарши кўпроқ далил йиғишга уринаётгани ҳам айтилмоқда.

- Шу маҳалласидаги бир дўкончи аёлга ҳам "ун, ёғ - шу продукта олгану, пулини бермаган" қабилида кўрсатма ёзиб беришни сўрашган экан. У аёл: "Ёшим бир жойга борганда бировга туҳмат қилмайман, бунинг жавоби бор", деган экан. Кейин улар шу аёлга ҳам тазйиқ ўтказиб, сансираб, бақир-чақир қилиб, қўрқитишга уринишибди, - деди Маъмуржон Азимов.

Ҳуқуқ фаолининг яна аниқлашича, Набижон Жўрабоевнинг рафиқаси Феруза Маматовага ҳам маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан тазйиқ ўтказилган.

- "Нега оммавий ахборот воситаларига хабар бераяпсан, керак бўлса, сенинг ўзингни ҳам эрингнинг ёнига обориб, қамаб қўямиз!" дегандай тазйиқ қилиб, қўрқитиб, шунақа қилишибди-да. Бир неча киши бўлиб, уйига боришиб, симкарталарини синдиришиб, шунақа ишлар бўлибди, - деди Мамуржон Азимов.

Дарвоқе, ҳуқуқ фаолидан олинган маълумотлар ортидан Озодлик мухбири Феруза Маматова билан боғланишга яна уринди, аммо муваффақ бўлмади.

Озодлик тингловчилари орасида Набижон Жўрабоев исми билан танилган, асл исми эса Тўрабой Жўрабоев бўлган 75 ёшли фаол шу йилнинг 31 майидан буён ҳибсда сақланмоқда.

Туман Ички ишлар бўлими ходими у кишига нисбатан "товламачилик" айби билан жиноят иши очилгани ва тергов якунига етгунига қадар унинг ҳибсхонада қолишини айтган эди.

Ҳибсга олинишидан икки кун муқаддам - 29 май куни Озодлик билан сўзлашган Набижон Жўрабоев уйида тинтув бўлгани ва унинг паспорти, ёзган шикоятлари, баъзи дисклар олиб кетилганини айтган эди.

- 22 майда ҳеч гап йўқ, келиб менинг уйимни тинтиб кетишди-да. Мана прокурорнинг санкцияси, деб. Мен 75 ёшли одам бўлсам, мендан нима истамоқчи булар, деб ўтирибман бошим қотиб. Биласиз-ку, мен Озодликка эшиттириш бериб тураман. Ҳокимнинг камчиликлари тўғрисида республикада керак жойларга очиқчасига ёзаман. Шунинг ҳисобига, мендан нима айб топишни билмасдан келиб, уйдаги папкаларимни, диктофонимни олиб кетишди, - деган эди 29 май куни Озодликка сўзлаган Набижон Жўрабоев.

Набижон Жўрабоев Озодликнинг мамлакат ичидаги юзлаб фаол суҳбатдошларидан биридир.

У киши Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани ва қўшни туманларда содир бўлаётган воқеалар ҳақида ўз муносабатини билдириб келаётган тингловчиларимиздан биридир.

Жумладан, у ўтган йилнинг баҳорида селдан жабр кўрган ғаллаоролликларга ҳукумат томонидан ваъда қилинган ёрдам деярли берилмагани ҳақида, Жиззахда сирли эпидемияга чалинган минглаб қўй ўлгани ҳақида ва шу каби қатор долзарб мавзуларда Озодликка хабар берган эди.

75 ёшли Набижон Жўрабоевнинг асл касби ўқитувчи. У киши 10 йиллар муқаддам асл туғилган жойи бўлган Ғаллаорол туманига Тошкент шаҳридан кўчиб борган.

Рафиқаси Феруза опанинг сўзларига кўра, бундан бир неча йил муқаддам Набижон Жўрабоевнинг уйи номаълум шахслар томонидан ёқиб юборилган.

Жўрабоев ёнғинни уюштирганлар жазосиз қолгани, уларга жазо берилишини сўраб, туман ва вилоятдаги мутасадди ташкилотларга қайта ва қайта мурожаат қилганига қарамай, жиноятчилар жазосиз қолганини айтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG