Линклар

Қозоғистон президенти танқидларга кескин жавоб қайтарди


Британия ва Қозоғистон раҳбарлари Дэвид Кэмерон ва Нурсултон Назарбоев якшанба куни Қозоғистоннинг Болашак нефт заводи ишчилари билан учрашди.

Британия ва Қозоғистон раҳбарлари Дэвид Кэмерон ва Нурсултон Назарбоев якшанба куни Қозоғистоннинг Болашак нефт заводи ишчилари билан учрашди.

Қозоғистонга сафар қилаётган Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон билан қўшма матбуот анжуманида гапирган президент Нурсултон Назарбоев “ҳеч кимнинг бизга қандай яшаш ёки давлатимизни қандай қуришни ўргатишга ҳаққи йўқ”, дея баён қилди.

Назарбоев бу сўзларни британиялик журналистнинг Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари вазияти, жумладан диcсидентларнинг таъқиб қилинишига доир саволига жавобан айтди.

Назарбоев ҳар бир Қозоғистон фуқаросининг “ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланган”, дея таъкидлади.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон душанба куни Остонада Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ва бошқа расмийлар билан музокаралар ўтказди.

Қозоғистонга якшанба куни етиб келган Кэмерон бу мамлакатга сафар қилган илк Британия бош вазири бўлди. Британия раҳбари сафардан кўзланган асосий мақсад икки томон ўртасида иқтисодий шартномаларни имзолашдан иборат экани, лекин “кун тартибида, жумладан, инсон ҳуқуқлари масаласи ҳам” бўлишини таъкидлади.

Назарбоев Қозоғистонни 23 йилдан бери қаттиққўллик билан бошқариб келади.

Британиялик бизнесменларни ўз ичига олган делегация етакчиси сифатида Кэмероннинг ўндан ортиқ бизнес шартномалари имзоланишида қатнашиши ҳамда Қашағон нефт конига доир иншоотнинг очилиши маросимида иштирок этиши кутилмоқда.

Британия бош вазири шунингдек қозоқ ҳукуматини Афғонисотондаги инглиз қўшинларини олиб чиқишда Қозоғистон ҳудудидан транзит сифатида фойдаланиш имконларини кенгайтиришга кўндиришга умид қилмоқда.
XS
SM
MD
LG