Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

Қаюм Ортиқов: Жосусликни бўйнимга қўйиш учун оғир қийноқларга солишди


Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида 5 йил қоровул бўлиб ишлаган қашқадарёлик собиқ ҳарбий Қаюм Ортиқов муҳожиратда туриб, Ўзбекистон қамоқхонасидаги қийноқлардан дунёга хабар йўллади. Британия фойдасига жосусликда гумон қилиниб, оғир қийноқларга солинганини иддао қилган собиқ ҳарбий бундан буён ўз номини оқлаш ҳамда қийноқларга қарши курашиш ҳаракатида бўлишини айтмоқда.



Британия фойдасига жосуслик қилганликда гумон қилинган, аммо, одам савдосида айбланиб, Ўзбекистонда 3 йил қамоқ жазосини ўтаган чирчиқлик собиқ ҳарбий Қаюм Ортиқов муҳожиратда туриб, ўз номини оқлаш учун ҳаракат бошлади.

Шу кунларда хорижда яшаётган (хавфсизлик мақсадида қайси мамлакат экани сир тутилмоқда-таҳр.) 44 яшар Қаюм Ортиқов ўз ҳаракатини Британияда чоп этиладиган Independent нашрига интервю беришдан бошлади.

"Ўзбекистонда мени қийноққа солишди" деб номланган мақолада собиқ ҳарбий Ўзбекистондаги вақтинчалик тергов ҳибсхоналари ва қамоқхоналарда унга нисбатан оғир қийноқлар қўлланганидан сўз очди.

Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасида беш йил қоровуллик қилишдан аввал Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида ҳам ишлаган Қаюм Ортиқов 2009 йилнинг январ ойида одам савдосига алоқадорликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.

Бунга эса унинг ёрдамида Россияга ишлагани кетган ва у ердан маошини тўлиқ ололмай қайтган бир неча ҳамюртининг даъво аризаси туртки бўлгани айтилган эди.

Ҳозир муҳожиратда бўлган Ортиқов қамоққа тушган илк кунидаёқ унга қарши Буюк Британия фойдасига жосуслик қилиш айби илгари сурилгани ва бу айбни бўйнига қўйиш учун оғир қийноқларга солинганини иддао қилмоқда.

2011 йилнинг 4 майида муддатидан аввал озод қилинган Ортиқов ўша пайтда Озодлик мухбири берган қийноқлар ҳақидаги саволларга хавфсизлиги боис жавоб беролмаслигини айтган эди.

Independent эълон қилган мақола ортидан Озодлик мухбири билан суҳбатда ҳозир муҳожиратда бўлган Қаюм Ортиқов 2009 йилнинг февралидан то августига қадар оғир қийноқларга солинганини айтди.

- 2009 йилнинг февралида миллий хавфсизлик хизматидан иккита йигит келди, Тоштурмада сўроқ қилиш учун. "Биз яхши биламиз, сен ва яна элчихонада ишлайдиган шерикларинг Британия жосусисан", деб тўғридан-тўғри айблади. Шу айбни бўйнимга олишим ва яна бир неча таниганларимга қарши кўрсатма беришимни сўрашди. Мен рози бўлмадим ва ўша куниёқ иккаласи 2 соатдан ошиқ, ҳуморидан чиққунча урган эди мени,- дея хотирлади Ортиқов.

Унинг сўзларига кўра, Британия фойдасига жосуслик айбини бўйнига олишини талаб қилиб, уни аввалига миллий хавфсизлик хизмати ходимлари, кейинчалик эса маҳбус "лохмач"лар оғир қийноқларга солишган.

- Уларнинг тилида "Ластока" дейишади, шунақа қилиб осиб қўйишиб, ҳушимдан кетгунимча росса уришган. Энди у ердаги қийноқлар ўта ваҳший, ўта жирганч, ифлос шаклдаги қийноқлар, юраги бор одам кўришга ҳам қўрқади, биласизми?! Биринчи куниёқ қовурғаларимни синдириб ташлашди. Охири, кўкрак қафасим қисилиб, нафас ололмай қолганимдан кейин тўхтатишди. Дўхтирга олиб бориш ўрнига қўлимга баклашка бериб, пуфлашимни айтишди. Ўшандагина билибман, қовурға синганда, қаттиф пуфласангиз, қовурға жойига қайтар экан,- дея хотирлади Қаюм Ортиқов.

Унинг сўзларига кўра, қамалганидан сўнг уни 4 ой давомида яқинларига кўрсатишмаган ва умуман, хабар беришдан бош тортишган.

Натижада, рафиқаси Моҳира Ортиқова адвокат ёллаган ва адвокат 2009 йилнинг май ойида Тоштурмага кириб, Қаюм Ортиқовнинг ҳолидан хабар олишга муваффақ бўлган.

- Шундан кейин, у уйдагиларимга хабар берди. Шундан кейин аёлим бу ҳақда ҳар қаёқларга хабар берди, чет эл матбуотига чиқди. Британия элчисига ёзди. Мен ҳанузгача ҳайронман, нега элчи менинг ҳимоям учун, ҳатто, битта хат ёзмади?! Мен ўша пайтларда қийноқлардан чарчаган, икки марта жонимга қасд қилиб, ўта ҳолдан тойган, тақдирга тан берган эдим. МХХчилар ҳам ҳам тушунган эди, менда ҳеч қанақа гап йўқлигини. Хуллас, аёлим курашдан тўхтамади ва менимча, унинг тўхтовсиз ҳаракати учун, халқаро матбуотда шов-шув бўлгани учун охири қўйворишдида, хуллас,- дейди Қаюм Ортиқов.

У 2011 йилнинг 4 майида муддатидан 3 йилу 7 ой аввал озод қилинган ва унга қолган муддат давомида маошининг маълум бир қисмини давлатга тўлаш мажбурияти юкланган эди.

Қаюм Ортиқов ҳисбга олинганидан тортиб, то озод этилгунига қадар унинг ҳуқуқлари учун курашган рафиқаси Моҳира Ортиқова Озодлик билан суҳбатда таъқиблар кейинчалик ҳам тўхтамаганини айтди.

- Қамалиб чиққанларни ҳар ҳафтада сўроққа чақириш, ишхонасини суриштиришлар ўз йўлига. Лекин ҳар уч кунда чақириб, ярим кечагача ушлаб туришлар, ҳадеб бармоқ изларини олишлар ва шунга ўхшаш тазйиқлар умуман тўхтамади. Охири, биз қочиб чиқишга мажбур бўлдик. Аслида, биринчидан, хўжайнимнинг номини оқлаш ниятимиз бор. Иккинчидан, нормал ҳаётга эришишда, хуллас. Ҳозир биз инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан Ўзбекистон давлатини судга бериш учун ҳужжат тайёрлаяпмиз. Мени шуни тушундимки, индамасанг, булар таҳқирни давом эттираверади, эзаверади. Бунга қарши курашиш керак!- дейди Моҳира Ортиқова.

Айни дамда 4 фарзанди бўлган Ортиқовлар оиласи хориж давлатларидан бирида жон сақламоқда.

Бу оила тақдирини Буюк Британия, Германия ва АҚШдаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қатор халқаро ташкилотлар кузатмоқда.

Жумладан, Хюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё давлатлари бўйича мутахассиси Стив Свердлов ҳам Қаюм Ортиқовга нисбатан аёвсиз қийноқларни қоралаб, баёнот тарқатди.

Қуйида Қаюм Ортиқов билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:44 0:00
Бевосита линк


Озодлик Ортиқовлар оиласи тақдирини кузатиб боради ва янгиликлардан сизни Озодлик сайтида хабардор қиламиз!
XS
SM
MD
LG