Линклар

Туркманистон Президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедовнинг 56 ёши муносабати билан ўтказилган дабдабали базмда қатнашган америкалик машҳур қўшиқчи Женифер Лопез Туркманистонда инсон ҳуқуқлари топталишидан бехабар бўлганини айтмоқда.


29 июн куни Бердимуҳаммедов шарафига Каспий денгизи бўйида 2 миллиард доллар эавзига барпо қилинган Аваза курортида ўтказилган ялтир-юлтру базми жамшидда Лопез билан биргаликда россиялик қўшиқчи Филлип Киркоров, туркиялик Мустафа Сандал ва ливанлик Нэнси Ажрамлар иштирок этди.



Женифер Лопез Бердимуҳаммедовни “сизни туғилган кунингиз билан табриклашдан мамнунмиз”, дея қутлаб “Happy Birthday, Mr. President”, дея куйлади.



Лопез Туркманистонда концерт берган ғарблик илк таниқли қўшиқчи бўлгани айтилмоқда.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Туркманистонни “дунёнинг энг репрессив режимларидан бири”, дея таснифлаган.

Женифер Лопез вакиллари душанба куни баёнот эълон қилиб, “бу ҳукумат ҳомийлигида ўтказилмаган ва сиёсий тусга эга бўлмаган тадбир эди”, дея билдирди.

Баёнотда айтилишича, Лопезнинг Туркманистонга сафарини China National Petroleum Corporation ширкати уюштирган ва Хитой ширкати тадбир хусусий тусга эга бўлишини айтган.

“Инсон ҳуқуқларига оид муаммолардан хабардор бўлганимизда, Женифер бу тадбирда иштирок этмаган бўлар эди”, дейилади яна баёнотда.

Лопезнинг Туркманистон етакчиси шарафига куйлагани, британиялик машҳур қўшиқчи Стингнинг Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова уюштирган тадбирда қўшиқ куйлагани ёки Оскар мукофоти соҳибаси америкалик актрисса Ҳиллари Суонкнинг Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров туғилган кунида қатнашганини эслатади.

Стинг ҳам, Суонк ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдиган режим вакиллари уюштирган тадбирда иштирок этганлари учун узр сўраган эди.

Стингнинг Гулнора Каримова меҳмони бўлгани Британия матбуотида "Стинг душманларини тириклайин сувда қайнатувчи диктаторнинг қизи учун концерт қўйиб берди", деган сарлавҳалар билан қарши олинди. Британия жамоатчилиги босимига учраган Стинг “концертимнинг ўрта асрлардаги каби мустабидлик дунëқараши бўлган президентга алоқаси йўқ”, дея узр сўради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG