Линклар

Ангела Меркел АҚШнинг жосуслик ҳаракатларини "номақбул" дея атади


“The Guardian” Эдвард Сноуден сиздирган навбатдаги ахборотларни эълон қилди.

“The Guardian” Эдвард Сноуден сиздирган навбатдаги ахборотларни эълон қилди.

Германия канцлери Ангела Меркелнинг матбуот котиби Қўшма Штатлар европалик иттифоқчилари ортидан жосуслик қилганига оид хабарлар рост бўлиб чиқса, америкаликлар ҳаракатини “қабул қилиб бўлмайди”, дея баён қилди.

Штефен Зайберт душанба куни қилган чиқишида, АҚШ махфий хизматлари Европа расмийлари ортидан кузатув ўрнатганига оид хабарлар Меркелда “жирканиш” ҳиссини уйғотганини қўшимча қилди.

Душанба куни Британияда чиқадиган “The Guardian” газетаси АҚШ ҳукуматидан қочиб юрган собиқ разведка ходими Эдвард Сноуден сиздирган навбатдаги ахборотларни эълон қилиб, Вашингтон европалик ва бошқа иттифоқчи мамлакатларга доир 38 элчихона ва ваколатхона ортидан кузатув олиб борганини хабар қилди.

Элчихоналари кузатув остида бўлган мамлакатлар орасида Франция, Италия, Греция, Япония ва Туркия каби мамлакатлар борлиги айтилмоқда.

Бундан аввал Германияда чиқадиган “Der Spiegel” журнали Европа Иттифоқининг Вашингтон, Ню Йорк ва Брюсселдаги идоралари АҚШ жосуслик химзатлари кузатувида бўлгани ва бу жараён Германиядан туриб бошқарилганини ёзган эди.

Немис нашрининг ёзишича, Британия ва Канада каби баъзи мамлакатлар кузатув остида бўлмаган махсус мамлакатлар рўйхатига киритилган.

Расмий Вашингтон ўз кузатув дастурига оид тарқалаётган айбловлар юзасидан изоҳ беришини ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG