Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:51

Гулистонда икки киши ўлимига сабаб бўлган "Каптива"ни генералнинг ўғли бошқарган


Воқеа гувоҳлари кўрсатмалари "Каптива" машинасини генералнинг ўғли Александр Қосимов бошқаргани аниқлашга ёрдам берди.
Воқеа гувоҳлари кўрсатмалари "Каптива" машинасини генералнинг ўғли Александр Қосимов бошқаргани аниқлашга ёрдам берди.

Гулистонда икки одам ўлимига сабаб бўлган аварияга генералнинг ўғли сабабчи бўлгани гумон қилинмоқда. Маълум бўлишича, Александр Қосимов воқеа жойидан қочиб кетган, лекин кейинчалик айбига иқрор бўлиб, тергoвчиларга таслим бўлган.


29 июн куни тонгда Гулистон шаҳри бозори яқинидаги Шароф Рашидов ҳамда Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида “Каптива” русумидаги жип машинаси катта тезликда келиб, “Жигули” машинасига урилгани натижасида “Жигули”даги икки киши нобуд бўлгани, бир киши оғир аҳволда шифохонага олиб борилгани айтилмоқда.

Озодлик билан суҳбатлашган воқеа гувоҳларига кўра, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари пачақланган автомобил кузовини кесиб, жасадларни чиқариб олган ва ўт ўчирувчилар йўлдаги қон изларини махсус шланглар билан ювиб тозалашган.

Озодликнинг Ички ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, “Каптива” машинаси ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган.

Манбанинг айтишича, орадан бир муддат ўтгач, 27 ёшли Элдор Ҳожибоев ички ишлар бўлимига келиб “Каптива” рулида бўлганини иддао қилиб, бахтсиз ҳодиса учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

Бироқ воқеа гувоҳлари ҳайдовчининг оқ-сариқдан келган, сочи калта олинган бошқа одам бўлганини айтишгандан кейин терговчиларда гумон пайдо бўлади.

Машинадан бармоқ излари олинади. Машина рулида ҳақиқатан Элдорнинг бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун терговчилар унинг кийимидан микронамуналар олиб қўшимча экспертизага юборишни ҳам таклиф қилади. Аммо Элдор экспертизадан бош тортади.

Бу орада терговга Миллий хавфсизлик хизматининг Ички хавфсизлик бошқармаси терговчилари аралашади ва орадан кўп ўтмай, Александр Қосимов исмли фуқаро ички ишлар бўлимига келиб¸ жиноятни ўз бўйнига олади.

Маълум бўлишича, 27 ёшли Александр Қосимов Ўзбекистондаги хавфсизлик идораларидан бирида юқори лавозимни эгаллайдиган генерал Қосимовнинг асранди ўғлидир.

Озодликка маълум бўлишича, Гулистондаги авария бўйича тергов ишлари ҳарбий прокуратурага ўтказилган.

Милицияга кўра, “Каптива” машинаси Тошкентнинг Юнусобод туманида яшовчи Ҳожибоева Лайлога қарашлидир.

Жиноятни дастлаб ўз бўйнига олган Элдор Ҳожибоевга унинг қариндошлиги бор-йўқлиги номаълум. Элдорнинг жиноятни нима сабабдан ўз бўйнига олганлиги ҳам номаълум қолмоқда.

Фуқаро Александр Қосимовга нисбатан Шарқий ҳарбий округ ҳарбий прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Автоҳалокат натижасида жабрланганлардан бири такси хайдовчиси бўлиб, қолгани икки киши шаҳардаги кафеда бири бармен бошқаси кассир бўлиб ишлагани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG