Линклар

logo-print

Гўзаллик танловида тожикистонлик қиз пешқадамлик қилмоқда


Нисо Муборакшоева тожик нозанинлари қанчалик хушрўй бўлишини кўрсатиб қўйиш ниятида.

Нисо Муборакшоева тожик нозанинлари қанчалик хушрўй бўлишини кўрсатиб қўйиш ниятида.

Россияда ўтказилаётган “Russian Beauty-2013” гўзаллик танлови иштирокчиси асли тожикистонлик Нисо Муборакшоева Интернетдаги овоз беришда етакчилик қилмоқда. Танлов натижалари кузда эълон қилиниши айтилмоқда.


“Russian Beauty-2013” гўзаллик танловида 98-рақам остида иштирок этаётган тожик гўзали 19 ёшли Нисо Муборакшоева онлайн сайловнинг дастлабки натижаларига кўра биринчилар қаторида кетмоқда.

Озодлик саволларига жавоб берган Нисо Душанбеда туғилгани, Тожикистондаги фуқаролар уруши даврида мамлакат шимолидаги Чкаловск шаҳрига кўчиб ўтганини гапириб берди.

“Мактабга Чкаловскда боришни бошлаган бўлсам, ўқишни Москвада битирдим”, дейди у.

Ҳозирда Москвадаги Плеханов номидаги Иқтисодиёт университети талабаси бўлган бу қиз, замонавий мода, реклама ва рақс билан қизиқишини айтади.

- Мен илгари ҳам гўзаллик танловларида иштирок этганман. “Университет гўзали” ва “Афимолл гўзали” – Москвада машҳур савдо маркази номи - унвонлари соҳибиман. Шунингдек, “Шпилкаларда югуриш” мусобақаси ғолибиман, дея кулади Нисо.

Гўзал қизнинг айтишича, у ҳатто Алла Духованинг “Тодес” гуруҳи мусиқа шоуларида иштирок этган, рекламаларда ва мода намойишларида иштирок этиб келади.

Айтиш жойизки, мусобақада ўзини гўзал деб ҳисоблаётган ҳар қайси аёл иштирок этиши мумкин. Ташкилотчилар танловга 1 мингдан ортиқ ариза келиб тушгани, ундан 100 киши танлаб олинганини айтмоқда.

- Кастинг бўлиб ўтди ва ташкилотчилар иштирок этаётган қизлар орасида ноёб кўринишга эга тожик қизни кўриб ҳайрон қолишди. Мен танловга тожик қизларининг гўзаллигини намойиш қилишга келдим. Мен қизларимиз ҳам жуда замонавий экани ва ўзларини муносиб тута олишларини кўрсатмоқчиман,- дейди Озодликка гўзаллик танлови иштирокчиси.

Нисо Муборакшоева олдинда танловнинг яна иккита босқичи тургани, у фотосессия ва реклама съёмкаларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритган 11 нафар қизнинг орасида ўрин олганини қўшимча қилди.

Маълум бўлишича, “Russian Beauty-2013” гўзаллик танловининг бориши Vkontakte, Facebook, YouTube, Twitter ҳамда “REFASHION” журнали саҳифаларида ёритилиб бормоқда.

Суҳбатимиз сўнггида Нисо ғолиб бўлишга барча куч-ғайратини ишга солиши ва кейинчалик ҳам юқорироқ даражада гўзаллик танловларида иштирок этиш ниятидан эканини айтади. Бундан ташқари, тожикистонлик соҳибжамол инглиз ва испан тиллари таржимони бўлиш истаги борлигини маълум қилди.

Россияда ўтказилаётган гўзаллик танловларида ўзбекистонлик нозанинлар ҳам қатнашгани маълум. 2010 йил январида "Татаристон гўзали" унвонини эгаллаган асли бухоролик Ирина Шарипова, Россия танловида фахрли иккинчи ўрин соҳиби бўлган.

Бухорода туғилган Ирина Шарипова гўзаллик унга онасидан ўтганини маълум қилган: бир вақтлари Иранинг онаси Елена Шарипова 1989 йилда "Бухоро гўзали", бир йилдан кейин эса "Ўзбекистон гўзали" унвонига сазовор бўлган.

У отаси ўзбек экани, онасининг қонида эса рус, татар, украинлар қони аралашгани билан фахрланишини маълум қилди.

Ирина Шарипова "Топ-антропос.ком" сайтида олиб борилаётган "Энг гўзал ўзбек аёллари" танловида ҳам иштирок этмоқда.

Сайт нафақат аёллар, балки ўзбек эркаклари орасида энг мафтункорини ҳам сайлаб бормоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG