Линклар

Ҳиндистонда жинсий қулликда тутилган ўзбекистонлик қизлар ватанига қайтолмаяпти


Ҳиндистонда беш ой мобайнида жинсий зўравонликка дучор қилинган ўзбекистонлик икки опа-сингил қаерга боришни билмай овораи сарсон.

Бу ҳақда 1 июл куни хабар қилган The Indian Express нашри исми ошкор қилинмаётган бу қизларнинг Ҳиндистонга сайёҳ сифатида келганларини, уларга иш таклиф қилган аёл эса қизларнинг паспортларини олиб қўйиб, Жанубий Деҳлида фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилганини ёзади.

Нашрнинг қайд этишича, танфурушлик қилишдан бош тортган қизларни аёвсиз калтаклаганлар. “Пулсиз, тузукроқ овқатсиз, кийимсиз ва тиббий ёрдамсиз улар каталакдек хонада бир кун бу азоблардан халос бўлиш умиди билан яшаганлар”, деб ёзади The Indian Express.

Нашрга кўра, асоратда ўтган беш ойдан кейин жиноятчилар чангалидан қочишга муваффақ бўлган ва бу борада полицияга хабар қилган ўзбекистонлик қизларнинг азоб-уқубати бу билан тугамаган.

Бири ҳомиладор бўлган опа-сингилларнинг соғлиғи ёмонлашганидан ташвишга тушган Деҳли полицияси Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Бироқ у ердаги ўзбек дипломатларидан қизларни ватанига қайтариш бўйича ҳали-ҳануз сас-садо чиқмаяпти.
XS
SM
MD
LG