Линклар

Россия президенти Владимир Путин АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг қочоқ хизматчиси Эдвард Сноуден Россиядан бошпана олиш учун қўйилган шартлардан камида биттасини бажариши лозимлигини билдирди.


“Агар Сноуден Россияда қолишни истаса¸ қанчалик ғалати эшитилмасин¸ у америкалик ҳамкорларимиз манфаатларига зиëн еткизувчи ишларни қилишдан тийилиши лозим”¸ дея баëнот берди Кремл раҳбари 1 июл куни ўтказилган матбуот анжуманида.

АҚШ собиқ хавфсизлик ходимининг 23 июнда Ҳонг Конгдан Аэрофлот учқичи билан Москвага келганидан бери¸ Шереметъево аэропортининг транзит ҳудудида қолаëтгани тахмин қилинмоқда.

Путин баëноти арафасида Россия матбуоти Сноуденнинг 30 июн куни Россия ҳукуматидан сиëсий бошпана сўрагани ва бу ҳақдаги мурожаатни расман Шереметъеводаги консуллик идорасига топширганини хабар қилди.

Аэропорт консуллик хизмати ходими Ким Шевченкога таянган ҳолда Интерфакс агентлиги ўзини Сноуден ҳимоячиси деб таништирган Британия фуқароси Сара Ҳаррисоннинг Сноуден расмий аризасини топширгани ҳақида ëзди.

Айни пайтда бошқа агентликлар Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромадановскийнинг бу хабарни инкор қилганини маълум қилдилар.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков бу хабар юзасидан изоҳ беришни рад қилди. АҚШнинг жаҳон бўйлаб олиб бораëтган махфий кузатув операцияларига доир маълумотларни жамоатчиликка очиқлаëтган Сноуден Вашингтон нафақат ўз рақиблари¸ балки яқин иттифоқчилари устидан ҳам муттасил жосуслик қилиб келаëтганини таъкидламоқда ва бу баëнот халқаро майдонда жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда.

АҚШ расмийлари Сноуден паспортини бекор қилди ва Давлат департаменти Россиядан зудлик билан АҚШ ихтиëрига топширишни талаб қилди.

“Бизда ҳозир бирорта аниқ маълумот йўқ. Сноуденнинг қаерда экани ва нима режада экани ҳақида руслар ëки бошқа давлатлар аниқ бир гап айтишлари лозим. Ҳозирча у афтидан Россия ҳудудида қолмоқда. Бу борада бизнинг ëндашувимиз ўша –ўша – у зудлик билан АҚШга экстрадиция қилиниши лозим”¸ деди АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби.

“Ҳозирга қадар Россия ҳукумати бирор давлатга у талаб қилган шахсни топширган эмас ва бундай режаси ҳам йўқ. Бизга ҳам ҳеч ким ҳозирга қадар сўраганимиз шахсларни топширган эмас”¸ деди Путин бундай сўровга жавобан 1 июл куни.

“Сноуден ўзига бошпана бериши мумкин давлатни танлаши ва ўша давлатга кетиши лозим. Афсуски¸ мен бунинг қачон амалга ошишини билмайман. Билганимда¸ ҳозир сизга айтган бўлардим”¸ дея давом этди Путин.

Танзанияга сафар қилаëтган АҚШ президенти Барак Обама Россия ҳукуматининг Сноуденни АҚШ ихтиëрига топширишига ҳамон умид қилаëтганини билдирди.

“АҚШ билан Россия орасида ўзаро экстрадиция ҳақидаги келишув йўқ. Айни пайтда¸ жаноб Сноуден Россияга бекор этилган паспорт ва қонуний ҳужжатларсиз борди ва Россия ҳукуматининг халқаро саëҳат ҳақидаги талаблар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги нормал қоидаларга мос тарзда қарор беришига ишонамиз”¸ деди президент Обама.

WikiLeaks орқали эълон қилган баëнотида Сноуден Обамани бошқа давлатларга ўзига бошпана бермаслик борасида қаттиқ босим қилаëтганликда айблади.

Сноуденни ҳимоя қилаëтган WikiLeaksга кўра¸ қочоқ хавфсизлик ходими ҳозирга қадар дунëнинг 21 давлатидан сиëсий бошпана сўраган ва улар орасида Эквадор¸ Куба¸ Венесуэла¸ Хитой ва Россия бор.

Айни пайтда¸ Сноуден ошкор қилаëтган махфий маълумот халқаро майдонда эътирозлар кучайишига сабаб бўлмоқда.

Хусусан¸ Германиянинг "Der Speigel" журнали Сноуденга таяниб туриб АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги Вашингтондаги Германия ва Европа Иттифоқи дипломатик ваколатхоналари¸ қолаверса БМТ идорасини мунтазам кузатиб келаëтгани ҳақида хабар тарқатди ва бу баëнот АҚШ иттифоқчиларининг норозилигини уйғотмай қолмади.

Бундай хабарга муносабат билдирган Германия канцлери Ангела Меркел матбуот котиби Стеффен Сейберт¸ агар Сноуден иддаоси тўғри бўлиб чиқса¸ АҚШнинг бундай ҳаракати қабул қилиб бўлмас иш эканини билдирди.

Сноуден иддаосига муносабат билдирган Франция президенти Франсуа Олланд¸ “ҳамкор ва дўстларимиздан бундай жосусликни қабул қила олмаймиз”¸ дея баëнот берди.

Италия Мудофаа вазири Марио Мауро¸ агар АҚШнинг жосуслик амалиëтлари ҳақидаги Сноуден иддаоси ўз тасдиғини топса¸ бу АҚШ билан муносабатларга жиддий зиëн етказишини билдирди.

Европадаги ҳамкорлари эътирозига жавоб берган Оқ уй раҳбари¸ немис журнали махфий маълумотни босқичма-босқич эълон қилаëтгани боис¸ бу иддаоларга аниқ бир жавоб қайтаришнинг ҳозирча қийин эканини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG