Линклар

logo-print
Москва Шимоли-шарқий маъмурий округидаги “Медведково” метро бекати яқинида икки нафар аёлни зўрлаганликда гумонланаётган 20 яшар ўзбекистонлик шахс қўлга олинди.

Уни ҳибс этган Бабушкино туманлараро тергов қўмитаси оператив гуруҳи тарқатган маълумотга кўра, ўтган ойда “Медведково” метро бекатидан узоқ бўлмаган дарахтзорда икки кун ичида икки нафар рус аёли зўрланган.

Терговчилар жиноятчининг ташқи қиёфаси ва ҳодиса тафсилотлари тўғрисида жабрланганлардан аниқ кўрсатмалар олган ва иккала жиноятни ҳам бир киши содир этгани тўғрисида хулоса қилган. Жиноятда гумонланаётган шахс аёлларни нафақат зўрлаган, балки уларнинг сумкаларини ҳам олиб қочган ва ўғирланган телефондан бемалол фойдаланиб юрган.

Youtube порталида гумонланаëтган шахснинг ҳибс этилганидан кейин тергов хонасида сўроққа тутилаётгани видеоси пайдо бўлди.

1993 йилда Ўзбекистонда туғилган Ҳусниддин Исмоилов экани айтилаётган муҳожирга берилган “Нима сабабдан бу жиноятга қўл урдингиз?” саволига у:

- Буни мен қилмаганман. Мен 100 фоиз аминман бунга! Душанба куни ҳамма кўради, далилларга қараб мен эмаслигимни билади. Мен қилмаганман бу ишни. Умуман олганда русчани яхши тушунмайман, билмайман, деб гапни қисқа қилди ва экспертиза натижалари ўзининг беайблигини исботлашига ишонишини айтди.



Терговчилар тахминича, биринчи жиноятни содир этганидан кейин айбланувчи кечаси тунги 3-4 лар орасида кўчага чиқиб, ўзига янги ўлжа қидира бошлаган.

Овлоқроқ жойда бир ўзи кетаётган ва шу маҳаллада яшовчи аёлнинг орқасидан келиб унинг оғзини ёпган ва қўрқитиб, ерга йиқитган. Сўнгра у ўлжасини калтаклаб, юзига кийимини ёпган ва зўрлаган.

Иккита айнан жиноятни бир жойда содир этганликда гумонланаётган Ҳусниддин зўрланган аёлларнинг сумкасини ўмарганлик ва ичидаги буюмларни ўзлаштириб олганликда ҳам айбланмоқда.

Бабушкино туманлараро тергов қўмитаси ходимлари ўзбекистонлик муҳожирни жабрланган аёллардан бирига тегишли телефон орқали пеленгация қилиб ушлаганини маълум қилди.

Оператив ходимларнинг аниқлашича, 1993 йилда туғилган Ҳусниддин Исмоилов Россияга ишлаш учун келган. У Москвада аввалига ошпазлик, кейин турли майда ишларни қилиб, кун кечириб юрган.

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича бошқармасида Озодлик мухбирига ҳозирча Исмоиловнинг жиноятга алоқадорлигини аниқлаш бўйича экспертиза натижалари олинмаганини маълум қилишди.

Москва шаҳри Шимоли-Шарқий маъмурий округ бўйича Ички ишлар бошқармасида сўнгги пайтларда оғир жиноятларнинг асосий қисми айнан муҳожирлар томонидан содир этилаётганини баëн қилишди:

- Биз бир гала одамни ҳибс этaяпмиз, жумладан Ўзбекистондан. Зўрлашлар Алексеевскоеда, Медведковода, ҳамма жойда содир бўляпти. Бунга асосан Ўзбекистон, Тожикистон фуқаролари қўл урaяпти – бизнинг чамамизда, зўрлашларнинг 80 фоизига улар алоқадор. Кеча куни лифтда ёш болани зўрлашга уринганликда айбланиб қирғиз йигити ҳибс этилди; 23 июн куни 22 ёшли Аҳрор исмли ўзбек мигранти бир қизни тунаган пайтида қўлга тушди, 25 июн куни Отамурод исмли яна бир ўзбек уйига келаётган рус қизнинг сумкасини олиб қочганида айбланиб кечагина ушланди, дейди муҳожирлар томонидан қилинаётган бу каби жиноятлар одатий ҳолга айланганидан афсусланган бошқарма расмий вакиласи Олга Терешченко.

Россия Давлат Думасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси очиқлаган маълумотларга кўра, ўтган 2012 йилда мигрантлар томонидан Россияда 42 мингта жиноят содир этилган.

Бу рақамларни очиқлаган қўмита раиси муовини Александр Чекалин Москванинг ўзида муҳожирлар содир этаётган жиноятлар сони 42 фоизга, ўта оғир жиноятлар эса 72 фоизга ошганини маълум қилди.

Россия Ички ишлар вазирлигида эса жорий йилнинг ўзида меҳнат муҳожирларига нисбатан қилинаётган қонунбузарликларнинг 8,5 фоизга ўсгани кузатилганини таъкидлашмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG