Линклар

Озодликка Бухоро вилояти Тиббиёт институтидан мактуб йўллаган талабалар кузда пахта теримига кетган бир ярим ойлик дарслар ҳисобига ортиб кетган нагрузка боис, имтиҳонни топширолмаётганини айтмоқда. Пахта дарди боис имтиҳондан ўтолмаётган талабалар эса стипендииядан ҳам мосуво қолмоқда.


Айсбергнинг учи

Озодликка Бухоро вилояти Тиббиёт институти талабалари номидан йўллангани айтилган мактубда талабалар бу йилги ўқув жараёнининг узайиб кетаётганидан норози бўлдилар.

Salom ozodlik radiosi BUXMI da haligacha darslar tugamayapti bir kunga 3 talab testlar quyilga testlar yodlashga uspet qilmayapmiz bizlarga 10 Uyungacha imtixonlar tugash kerak edi likin haligacha davom etayapti kimga murojat qilishni ham bilmaymiz iltimos yordam berilar biz talabalarga ertaroq uyga ketaylik 6 oydan buyon uyga borganimiz yuq”, деб ёзилди Озодликка йўлланган мактубда.

Ушбу мактуб ортидан Бухоро Тиббиёт институтига боғланган Озодлик мухбири 2012-2013 ўқув йилининг чўзилишию, ёзги сессияда бир кунга учталаб имтиҳон белгиланиши аслида муаммолар айсбергининг учи эканига гувоҳ бўлди.


Бир кунда учта имтиҳон

Бухоро Тиббиёт институтида таҳсил олувчи талабалардан бири исми ва овозини эшиттирмаслигимиз шарти билан 2 июл куни учта имтиҳон топширганини айтди.

“Мана ҳозир учинчи имтиҳонга кираяпмиз опа. Бир кунда учта имтиҳон, ҳаммаси тест. Тасаввур қилаяпсизми, Патологик физиология фанидан тест?! Ўзи бугун иккита имтиҳон эди, чақириб, учинчисига кирасизлар, дейишди”, деди бухоролик талаба.

Аслида ўқув йили чўзилиб, ёзги таътил сурилиб кетаётган бир кезда ўзига ишонган аълочи талаба учун имтиҳонни тезда-тезда топшириб, дам олишга кетиш яхшироқ эмасми?!

Аммо:

"Бу дарслар бизга тўлиқ ўтилмаганда! Биз мартдан то майнинг охиригача ҳафтасига 2-3 кундан ҳашарга чиққанмиз. Универсиадага тайёргарлик, деб стадионда ишладик, кўчаларда ободончиликка чиққанмиз", дейди бухоролик талаба.

Унинг сўзларига кўра, шу йилнинг 6 июнидан 8 июнига қадар Бухоро вилоятида ўтган "Универсиада - 2013" спорт тадбирига тайёргарлик жараёнига вилоят талабалари мажбуран жалб қилинган.

"Ўшанда қолиб кетган дарсларни ўқимадик. Имтиҳонда эса бу инобатга олинмади. Бугун иккинчи имтиҳондан 60 кишилик потокда 40 таси йиқилди", деди бухоролик талаба.

Озодлик мухбири талаба билан суҳбатдан сўнг Тиббиёт институтининг Ўқув ишлари бўйича проректори Содиқ Шарипович Олимовга боғланди.

Озодлик мухбири саволларига микрофонсиз жавоб берган проректор сессиянинг бир кунига учта имтиҳон қўйилгани ҳақида талаба берган маълумотни қатъиян инкор қилди.

Айни пайтда проректор ёзги сессияда бир кунга неча имтиҳон белгиланаётгани ва аслида нечта белгиланиши мумкинлиги ҳақидаги саволларимизни очиқ қолдирди.


Бир кунга 6 паралик нагрузка

Бухоролик талабанинг айтишича, аслида ҳафтасига икки кунлик дарсни ҳам мустақил ўзлаштириб олиш мумкин.

Аммо:

"Кузда бир ярим ой пахатага чиққанмизда! Ўша пайтда қолган дарсларни ўзи битта парага учтадан мавзу қилиб ўтамиз. Масалан, энг қийин фан, паталогик физиологиядан учта мавзуни битта парага тиққан. 90 минутга. Ўзлаштириш жуда қийин. Ундан кейин шунақа зичланган учта пара бор. Биласизми, худди 6 парани бир кунга зичлаб ташлаганда. Эрталаб соат 8:30 дан кечки пайт соат 4 гача шунақа дарс", дейди Бухоро Тиббиёт институтининг исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган талабаси.

Бу талабанинг проректори Содиқ Шарипович Олимов талабанинг бу гапларини қисман тасдиқлади.

Проректор талабалар кузда бир ярим ойлик пахта теримига чиққанини тасдиқлади ва ўша пайтда қолдирилган дарслар "мақсадга мувофиқ ва самарали тарзда" ўқув жараёнига тақсимланганини айтди.

Бундай заруратни проректор:

"Бир кунга максимум 4 пара қўйилган. Ундан ортиқ эмас. Бундан ташқари, булар тиббиётчи, улар бир йиллик ўқув режасини тўлиқ ўқиши керак. Чунки, булар инсон саломатлиги учун масъул", деб изоҳлади.

Бир ярим ойлик дарсни вақтида ўқимаган "инсон саломатлиги учун масъул" талабалар зиммасига қўшимча тарзда дарс юклаш ортиқча нагрузка эмасми, мазмунидаги саволга жавобан проректор: "Йўқ, бу назарий жиҳатдан ўрганилган", деди Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.


Имтиҳондан йиқилганга стипендия йўқ

Кузда бир ярим ой пахта териб, баҳорда эса маҳаллий тадбир учун ҳашарга чиқиб, дарс қолдиришга мажбур бўлаётган "инсон саломатлиги учун масъул" талабалар камига стипендиядан ҳам маҳрум бўлмоқда.

Проректор билан суҳбатдан сўнг Озодлик мухбири бухоролик талабага боғланганида у: "Учинчи имтиҳондан ҳозиргина чиқдик. Ҳали натижаси маълуммас. Лекин мен уже сентябр билан октябрнинг стипендиясидан қуруқ қолдим", деди.

Унинг сўзларига кўра, у 2 июл кунига белгиланган иккинчи имтиҳондан йиқилган. Қайта топшириш имкони эса кейинги ўқув йилига қолган.

Ушбу институтнинг бухгалтериясида ишловчи ходиманинг сўзларига кўра, бу ҳолда талаба автоматик равишда ҳисобчилар тилида "11А" дейилган гуруҳга киритилади.

"Бу талаба энди кейинги семестрда имтиҳон топиширадида. Октябрнинг 23 сигача зачётни ёпса, сентябр стипендияси куяди. Агар унгача ёполмаса, октябр ҳам куяди", деди ҳисобчи ходим.

Лекин октябр ойида талаба имтиҳонни топшира олмайди, чунки, яна пахта теримида бўлади. Демак, октябр ойи стипендияси аниқ куяди...


Холис хизматга тўлов

Бухоро Тиббиёт институти ҳисобхонасидан олинган маълумотга кўра, талабаларнинг "куйган" стипендиялари институт ҳисобига ўтказилади.

Институт ҳисобидаги маблағ тақдири нима бўлишидан талаба тугул, ҳисобчининг ҳам хабари йўқ экан.

"Институт ҳисобига ўтган стипендия нима бўлади - биз билмаймиз. Лекин ҳозирни ўзида бизнинг потокдан 40 та кишининг сентябр-октябр стипендияси куйгани аниқ", деди бухоролик талаба.

Бухоро Тиббиёт институтида нафақат шу вилоят, балки қўшни вилоятлардан бориб ўқиётган талабаларнинг кўпчилик экани айтилди.

Институт ҳисобхонасидагилар раҳбарият талабаларнинг ижтимоий-молиявий аҳволидан келиб чиққан ҳолда стипендия масаласини "бир амаллаб ҳал қилиб бериши мумкин"лигини қўшимча қилди.

Озодлик сўзлашган талаба бу институтда контракт-тўлов асосида ўқийди. У 2012-2013 ўқув йили учун 3 миллион 600 минг сўм миқдорида пул тўлаган.


Изоҳга на ҳожат...

Бухоро Тиббиёт институтининг Ўқув ишлари бўйича проректори Содиқ Шарипович Олимов Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда битта гапни қатъий оҳангда бир неча бор такрорлади:

"Бизнинг институтимизда ўқув жараёни давлатимиз таълим стандартлари асосида ташкил этилган. Сизга хат ёзган талабаларнинг ўзи дангаса, вақтида ўқимаган ва ана энди имтиҳондан ўтолмай, институтимизни обрўсизлантирмоқчи. Уларнинг гапи ғирт ёлғон!"

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG