Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:38

АҚШда Фазлиддин Қурбонов маҳкамаси бир йилга кечиктирилди


Фазлиддин Қурбонов. Фейсбук саҳифасидан олинган сурат.
Фазлиддин Қурбонов. Фейсбук саҳифасидан олинган сурат.
Терроризм айбловлари билан АҚШда ҳибсга олинган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов устидан маҳкама айблов томон илтимосига кўра бир йилга кечиктирилди.

Қурбонов маҳкамаси 2 июл кунига белгиланган эди, бироқ Айдаҳо штати прокурори ўзбекистонлик иши белгиланган суд кунида муҳокама этилмас даражада анча мураккаб эканини билдириб, маҳкамани кечиктиришни сўраган.

Шунингдек, прокурор маҳкамада ўзбек тилини биладиган таржимон ҳам бўлиши зарурлигини айтган.

Қурбоновнинг адвокати Чарлз Петерсон ҳам ўз навбатида маҳкаманинг кечиктирилишига эътироз билдирмаган.

Сешанба куни ишни кўриб чиқаётган федерал судя Эдвард Лодж маҳкамани 2014 йилнинг 1 июлига қодириш ҳақида қарор чиқарди.

30 ёшли Фазлиддин Қурбонов 16 май куни Айдахо штатининг Бойсе шаҳри жанубидаги квартирасида ҳибсга олинган эди.

Айдахода Қурбонов террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари қўйилган.

Шунингдек, унга Юта штатида портловчи модда ясашни ўргатиш айблови ҳам қўйлмоқда.

У дастлабки маҳкамада Айдахо штати ҳуқуқ-тартибот органлари тарафидан ўзига қўйилган уч бандлик айбловларни тан олмаган.

17 май кунги маҳкамада ҳакам Микел Уилямс Фазлиддин Қурбонов маҳкамаси 2 июл куни давом этишини айтиб, тингловни якунлаган эди.

Фазлиддин Қурбонов, жорий йилнинг январида қандай қилиб портловчи модда ясаш, керакли ашёларни қаердан сотиб олиш бобида йўл-йўриқ кўрсатган, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этганликда гумонланмоқда.

Қурбонов 2009 йилнинг августидан буён АҚШда яшаб келади. Ҳибсга олингунга қадар у юк машина ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

Сўнгги йилларда бир неча ўзбекистонлик Қўшма Штатларда террор ҳаракатларига оид айблар билан ҳибсга олинди.

2011 йил ёзида Улуғбек Қодиров АҚШ президент Барак Обамани ўлдиришга қасд қилиш айби билан қўлга олинди ва 2012 йил июлида 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

2012 йил 21 январида эса жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак кўрсатишга оид айблар билан аэропортда ҳибсга олинди.
XS
SM
MD
LG