Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:44

Танишинг: Туркманистон вориси?



Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов оиласи ҳақида на маҳаллий ва на халқаро жамоатчиликка деярли ҳеч нарса маълум эмас. Унинг давлат ва жамоат тадбирларида рафиқаси билан қатнашганини биров кўрган эмас. Аммо кейинги бир йил давомида туркманбоши ëнида тез-тез кўрина бошлаган оила аъзоси – унинг набираси Керимгули жамоатчилик назарига тушмоқда.


12 ëшлар чамасидаги Керимгули бобоси Қурбонқулининг куни-кеча Туркманистондаги энг муҳим давлат тадбири сифатида нишонланган туғилган кунида Женифер Лопез билан ëнма-ëн саҳнага чиқди; туркман болалари ўртасида ўтказилган от ва қўшиқ пойгасида диққат-марказига тушди.

Айни пайтда¸ бу ўсмир аксар давлат тадбирларида бобоси қўлидан ушлаган ҳолда кўриниш бермоқда.

Шу кунларда туркман оммавий ахборот воситалари Керимгулига қарийб бобоси қадар аҳамият қаратмоқда¸ унинг кўп қиррали истеъдодини кўз-кўз қилмоқда.

Биринчи маротаба туркманбошининг севимли набираси 2012 йил февралида бобоси билан қўл ушлашган ҳолда сайлов участкасида кўриниш берди.

Шундан бери у жамоат ва давлат тадбирларининг кунда-шундасига айланди.

29 июн куни Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг 56 йиллик таваллуд куни Каспий бўйидаги Аваза курортида ўта ҳашаматли бир тарзда нишонланган кунда Керимгули дунëнинг турли бурчагидан келтирилган эстрада юлдузлари даврасида бобосига ҳадя ўлароқ саҳнага чиқиб пианино чалди.

Туркманистон президенти невараси Каримгули
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:09 0:00
Бевосита линк


Туркман миллий либоси кийган туркманбоши набираси Керимгули Бердимуҳаммедов дея тақдим этилди ва саҳнани тўлдирган қўшиқчи ва мусиқачилар жўрлигида ўз бобосига ҳамду сано куйлади.

Бердимуҳаммедов оиласига оид маълумот давлат сири каби қўриқланаëтган Туркманистонда маҳаллий телеканаллар юлдузига айланганига қарамай¸ ҳозирча на Керимгули ва на унинг ота-онаси ҳақида тайинли маълумот йўқ.

Туркманистон Президенти Қурбонгули Бердимуҳаммедов 56 ёшини дабдабали нишонлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:17 0:00
Бевосита линк


Туркманистондаги АҚШ элчихонаси 2009 йил декабрида Вашингтонга юборган каблограммада ëзилишича¸ Бердимуҳаммедовнинг икки қизи ва бир ўғли бор.

Бердимуҳаммедовнинг Сардор исмли ягона ўғли¸ ëзилишича¸ Москвада халқаро муносабатлар соҳасида ўқиган ва ўтган йили Туркманистон Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган.

Туркманбошининг тўнғич қизи Гулжаҳон Язгелди Аманов деган йигитга турмушга чиққан ва унинг эри ҳозирда Туркманистон углеводород заҳираларидан фойдаланиш ва бошқариш агентлигининг Лондонда жойлашган Европа идорасида ишлайди.

АҚШ элчихонаси ëзишмаларида қайд этилишича¸ Гулжаҳоннинг 8 ва 4 ëшли ўғил ва қизи бор.

Бердимуҳаммедовнинг иккинчи қизи¸ ëзилишича¸ 2009 йилдан бери Парижда яшайди ва унинг турмуш ўртоғи Туркманистоннинг Франциядаги элчихонаси дипломатидир.

АҚШ элчихонаси ëзишмаларида Бердимуҳаммедовнинг Марина исмли ўйнаши борлиги ҳам айтилади. Унга кўра¸ Марина Бердимуҳаммедов тиш доктори бўлиб ишлаган пайтда унинг ҳамшираси бўлган ва бу рус аëлининг ҳозирги президентдан бўлган 17 ëшлар чамасидаги қизи ҳам борлиги айтилади.
XS
SM
MD
LG