Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:31

Ўзбекистонда қолаëтган тожик чўпонлари яқинлари ТИВга мурожаат қилди


Тожикистоннинг Панжакент тумани яйловидаги қўйлар суруви
Тожикистоннинг Панжакент тумани яйловидаги қўйлар суруви
Ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ҳибсга олинган тожикистонлик чўпонларнинг яқинлари ёрдам сўраб, Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Бундан 20 кун аввал 5 нафар чўпон ва 2200та қўй ўзбекистонлик чегарачилар томонидан Тожикистон ҳудудидан олиб кетилгани иддао қилинган эди. Бироқ ўзбек томони чўпонлар ва қўйлар Ўзбекистон ҳудудида ушлангани ҳақида баёнот тарқатди.

Ўзбекистонлик чегарачилар томонидан ҳибсга олинган Моғиён қишлоғида истиқомат қилувчи беш чўпон - Тўлибой Қурбонхўжаев, Рустам Ҳайдаров, Меҳриддин Шамсиддинов, Суҳроб Абдуллаев ва Довуд Ҳайдаровларни Тожикистонга қайтарилиши талаб қилиб, уларнинг яқинлари Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди.

Ўзбекистонда ҳибс этилган чўпонлардан бирининг акаси Раҳим Қурбонхўжаевнинг Озодлик мухбирига айтишича, маҳаллий ҳокимиятнинг Ўзбекистон томони билан олиб борган музокаралари ҳеч қандай натижа бермаган ва уларнинг сўнгги умиди Ташқи ишлар вазирлигида қолган.

Панжакент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бобожон Домуллаевнинг Озодликка айтишича, Тожикистон чегарачилари бу борада Ўзбекистон томонига расмий мактуб билан мурожаат қилган, бироқ ҳанузгача жавоб ололмаган.

Айни пайтда Ўзбекистон томони бу воқеага ўз расмий муносабатини билдирди.

Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда айтилишича, беш нафар чўпон ва чорва Тожикистон ҳудудида эмас, балки Ўзбекистон ичкарисида ушлаб қолинган:

“2013 йилнинг 14 ва 15 июн кунлари соат 20.35 ва 09.00да Ўзбекистон Республикаси чегарасини бузганлиги учун беш нафар номаълум шахс ушланди. Улар 1475 бош чорвани (ундан 36 боши қорамол) боқа туриб Ўзбекистон ичкарисига бир километрдан ортиқ кирганлар”, дейилади Ўзбекистон МХХ Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда.

Шунингдек ўзбек томони тарқатган баёнотда айтилишича, жорий йилнинг 7 июн куни Панжакент туманининг Фароб қишлоғидан бўлган икки номаълум шахс ов милтиқлари билан қуролланган ҳолда Ўзбекистоннинг Шут қишлоғи ҳудудига кириб, аҳолини қўрқитиб, уларнинг жуда кўп қўй ва эчкиларини Тожикистонга ҳайдаб кетган.

Айнан шундай воқеа содир бўлганини тожикистонлик Намозбой Қурбонхўжаев Озодлик мухбирига тасдиқлаган эди. Унга кўра, ўзбекистонлик чегарачиларнинг бу ҳаракати Фароб қишлоғи одамларининг икки ҳафта олдин ўзбекистонликларнинг 1700 бош қўйини Тожикистон ҳудудига ҳайдаб келганига жавоб тариқасида содир қилинган бўлиши мумкин:

- Агар улар ўзбекистонликларнинг қўйларини ўғирламаганда эди, биз жабр кўрмаган бўлардик, деган эди Намозбой Қурбонхўжаев.

Ўзбекистонда ҳибс қилинган чўпонлар яқинларининг айтишларича, бу муаммо икки давлат ҳукуматлари ўртасида кўриладиган масаладир.

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигидан Озодлик мухбирига маълум қилишларича, вазирлик чўпонлар яқинларининг шикоятини қабул қилган ва бу масала билан жиддий шуғулланяпти.
XS
SM
MD
LG