Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:33

Миср президенти ҳокимиятдан четлатилди


Мисрда норозилик намойишлари натижасида яна ҳокимият алмашди. Чоршанба куни кечқурун Миср Мудофаа вазири Абдулфаттоҳ ал-Сиси конституция вақтинча бекор қилиниши ва мамлакатда янги президент сайлови ўтказилишини эълон қилди.


Президент Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан четлатилди, Мисрнинг муваққат раҳбари этиб Конституциявий суд раиси Адли Мансур тайинланди.
Ҳозирда собиқ президентнинг қаердалиги аниқ айтилгани йўқ. Баъзи хабарларга кўра, Мурсий уй қамоғига олинган ва уни президент гвардияси қўриқламоқда.

Ҳокимият алмашинуви Миср ҳарбийларининг президент Мурсийга қўйган ултиматуми муҳлати тугаши ортидан амалга ошди.

Душанба куни Миср Мудофаа вазири генерал Абдулфаттоҳ ал-Сиси эълон қилган ултиматумда Мурсий ҳукумати 48 соат ичида мухолифат билан ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилмаса, ҳарбийлар вужудга келган вазиятдан чиқиш учун чора кўришидан огоҳлантирилган эди.

48 соатлик муҳлат чоршанба куни Тошкент вақти билан соат 19:30 да тугади. Ҳарбийларнинг вазиятга аралашуви бир неча соатга кеч қолгани Қоҳира кўчаларига ҳарбий техника ва қўшинларни жойлаштириш учун вақт кетгани билан изоҳланмоқда.

Чоршанба куни, ҳарбийлар ултиматуми муҳлати тугаши арафасида, Мудофаа вазири ал-Сиси Миср мухолифати етакчиси Муҳаммад ЭлБарадей, Қоҳирадаги Ал-Азҳар университети шайхи Аҳмад ат-Тойиб ва копт насронийлари черкови раҳнамоси поп Тавадрос билан музокара ўтказган эди.

Қоҳира кўчаларидаги вазият 2011 йил 12 феврал кунини эслатмоқда. Ўшанда мамлакатни 30 йил бошқарган Ҳусни Муборак режими ҳокимиятдан ағдарилган эди. Бу сафар ҳам вазият ҳарбийларннг фаол иштирокида ривожланиб борди. Бироқ 2011 йилда ҳокимиятни ҳарбийларга ўз ихтиёри билан топширган Муборакдан фарқли ўлароқ, Мурсий сўнгги дақиқагача иқтидордан кетиш истагини билдирмади.

Мурсий тарафдорлари ва норозилар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:59 0:00


Сешанба куни Мурсий ҳарбийлар ултиматумини рад қилиб, вазиятдан чиқиш учун ўз режаси борлигини баён қилди. Мурсий “конституцион легитимлигини” ҳимоя қилиш учун ҳаётини тикишга тайёрлигини ҳам таъкидлади.

3 июл куни ҳам бундан икки ярим йил аввалгидаги каби Қоҳиранинг марказий Таҳрир майдонида ҳокимиятнинг алмашишига эришган мисрликлар байрам қилмоқда. Майдонда мухолифат ғалабаси фейерверк билан нишонланмоқда. Таҳрир майдонидагилар "Халқ билан армия бир томонда", дея хитоб қилмоқда.

Собиқ президент маъмуриятининг Facebook тармоғидаги саҳифасида тарқатилган баёнотда мамлакатда рўй берган ҳодисага ҳарбий тўнтариш, дея баҳо берилди. Баёнотда Мурсийнинг "мен президент сифатида бу ҳарбий тўнтаришга қарши тинч йўл билан қаршилик кўрсатишга чақираман", деган сўзларидан иқтибос келтирилмоқда.

Мурсийнинг истеъфоси талаби билан якшанба куни Қоҳира ва бошқа шаҳарларда бошланган намойишларга миллионлаб мисрлик чиқди. Уч кун давом этган норозиликлар пайтида қирққа яқин одамнинг ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Чоршанба куни Мудофаа вазири ҳокимият алмашинуви ҳақида эълон қилганидан кейин Ал-Азҳар университети шайхи Аҳмад ат-Тойиб чиқиш қилиб, ҳарбийлар илгари сурган режани қўллаб-қувватлашини билдирди. Мисрлик мусулмонлар орасида катта нуфузга эга бўлган шайх муддатидан аввал президент сайлови ўтказишга чақирди. Ҳарбийлар режасини Мисрдаги копт насронийлари черкови раҳнамоси ҳам қўллаб-қувватлади.

Мухолифат етакчиси Муҳаммад ЭлБарадей чоршанба кунги ҳодисани 2011 йилги инқилобнинг "қайта амалга ошиши", дея атади.
XS
SM
MD
LG