Линклар

Самарқандда “концлагер терговхона” бошлиғи қўлга олинди

  • Садриддин Ашур

Қамоқхонадаги маҳбуслар қийноқлардан шикоят қилиб¸ Каримов ва Иноятовга ëзган ушбу мактуб 2004 йилда Озодлик мухбирларига етказилган эди.

Қамоқхонадаги маҳбуслар қийноқлардан шикоят қилиб¸ Каримов ва Иноятовга ëзган ушбу мактуб 2004 йилда Озодлик мухбирларига етказилган эди.

Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ўткир Норшодиев Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳибсга олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, Норшодиев пора олганлик ва у раҳбарлик қилган тергов гуруҳи хизмат ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда гумонланувчиларга қийноқлар воситасида айблов тан олдирганликда айбланмоқда.

Аввал Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими бошлиғи, сўнгра ИИБ бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган милиция подполковниги Ўткир Норшодиев Миллий хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўлими ходимлари томонидан пора олаётган пайтда ҳибсга олинган.

Озодликка бу ҳақда хабар берган “Эзгулик” жамияти фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Ўткир Норшодиев бошчилик қилган Самарқанд шаҳар ИИБ тергов гуруҳи, шунингдек, гумонланувчиларни қийноққа солиб, қилмаган жиноятларини тан олдирганликда ҳам айбланмоқда:

- 2009 йилда Самарқандда қотиллик жинояти содир этилган эди. Ўшанда бу гуруҳ жуда кўп одамларни ҳибсга олиб, уларга оғир тан жароҳатлари етказиб, қийнаб, қилмаган гуноҳларини бўйнига олдирган. Ўшанда тўрт йигитнинг умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинишига мана шу Норшодиев бошлиқ гуруҳ сабаб бўлган эди. “Эзгулик” жамиияти бу қонунбузарликлар бўйича турли идораларга шикоятлар ёзган ва ҳозир бу ҳолатлар ўрганилаяпти, деди Абдураҳмон Ташанов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, бу тергов гуруҳи ўзига хос бир жиноний ҳалқа ясаб, жиноят ишларини сохталаштириш ва қийноқлар билан айбловларни тан олдиришни йўлга қўйган.

Ўткир Норшодиев бошлиқ тергов гуруҳидан жабр кўрганлар ишлари билан мукаммал танишган ва бу ҳақда Ўзбекистон президенти, Олий Мажлис¸ Бош прокуратура ва бошқа идораларга очиқ хат ёзган «Pegas-media-press» жамияти раҳбари, ёзувчи Ҳамроқул Асқарнинг Озодликка айтишича, самарқандликлар бу тергов гуруҳининг вақтинча сақлаш изоляторини “концлагер” деб аташган:

- Мен тўрт киши умрбод қамоқ жазоси олган йигитларнинг тўққиз томлик жиноят иши билан батафсил танишиб чиқдим. Булар жуда кўп одамни гумондор сифатида ҳибсга олишган. Биласизми, 15 га яқин одам қийноқлар натижасида “мен ўлдирдим шу одамни” деб кўрсатма берган. Самарқанднинг Сельский деган жойидаги тергов изоляторида булар қийноққа солинган. Халқ бу жойни “концлагер” деб атар экан. Самарқандликлар ҳозир МХХга раҳмат дейишаётган экан, дейди ёзувчи.

Ҳамроқул Асқар президентга ёзган очиқ хатида Ўткир Норшодиев гуруҳи тергов қилган жиноят ишларидан бирида қандай қийноқлар қўлланилгани ҳақида гумонланувчи А.Агановнинг шундай баённомасини келтирган:

“Менга қўйилган айбловни мутлақа тан олмайман! Мени Самарқанд қишлоғи ВСҲда калтаклашгач., қанча вақт ҳушсиз ётганимни билмайман, яна ўшалар скамейкага кишан билан боғлаб калтаклашиб, сўнгра столга ётқизган ҳолда бири кўкрагимга сим тиқиб электр токи билан, иккинчиси дубинка билан оёғимга уриб: - қотиллигинг исбот бўлмаса, барибир наркотик билан қамаласан., деб қийноққа солишди. Шунда мени қўлга олиб, сўнгра қотилликда айблаш учун бирга тушликка борганимизда наркотикни сигарет қутисига Алишер(терговчи) солиб қўйганлигини тушундим”, дейилади гумонланувчилардан бири А. Агановнинг баённомасида.

Озодлик бу иш ҳақида тўлиқроқ маълумот олиш мақсадида, Самарқанд шаҳар Ички ишлар бошқармаси билан боғланди. Исми сир қолишини сўраган милиция ходимларидан бири, Ўткир Норшодиев иши бўйича у бошқарган тергов гуруҳининг яна уч нафар терговчиси ҳибсга олингани, бу иш Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тергов қилинаётганини тасдиқлади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG