Линклар

logo-print
Душанба куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган жонли суҳбатимиз мавзусини расмий мақоми Ўзбекистон Республикасининг UNESCOдаги доимий вакили бўлган Лола Каримова-Тиллаеванинг умумий майдони 48 минг квадрат метрлик дунëдаги энг қиммат уйлардан бирини сотиб олгани белгилади. OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзилларимиз орқали сиз ҳам мулоқотда иштирок этинг!

Ўзбекистон президентининг иккинчи қизи Лола Каримова¸ опаси Гулнорадан бироз фарқли¸ халқаро матбуот назарига кўп ҳам тушмайди.

Аммо Лола Каримова журналист ва жамоатчилик эътиборига бир тушганда анча жиддий янгилик билан тушади.

Бундан бир неча йил аввал отасини “диктатор” деган француз журналистини Париж маҳкамасига тортгани ортидан мустақил оммавий ахборот воситаларининг аччиқ истеҳзо ва кулгусига сабаб бўлган Каримова¸ бу маҳкамада ютқизганидан сўнг¸ анча жимиб қолган эди.



Аммо жорий ҳафта АҚШнинг бойлар ҳаëтини кузатувчи матбуоти бош саҳифаларига тушган ўзбек президентининг кенжаси яна “ақлдан озиш”га тенглаштирилган ҳаракат билан ном чиқарди.



АҚШда чиқадиган Forbes ва Business Insider нашрларининг ёзишича, Лос Анжелесдаги Le Palais деб номланувчи қаср Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат уйлардан бири ва ўтган йили 58 миллион АҚШ долларига баҳоланган. Ҳолливуд юлдузлари ва Ғарб миллиардерлари ҳам қиммат кўрган бу уйнинг умумий майдони 48 минг квадрат метрга тенгдир.

Ғарбда кўпчилик билмайдиган бир мамлакат дипломатининг АҚШдаги энг қиммат уйни ҳозирча ҳеч ким ботинмаган нархда сотиб олганига муносабат билдирган Business Insider нашри “Ўзбек диктаторининг қизи Бел Эйрдаги қасрни ақл бовар қилмайдиган нархга сотиб олди”, дея ёзди.

Америка кўчмас мулк бозоридаги энг қиммат қасрнинг янги эгаси Лола Каримова-Тиллаеванинг Женевада ҳам ҳашаматли ҳовлиси бор. 2010 йилда Женева кўли соҳилида 41 миллион АҚШ долларига қаср сотиб олган “ўзбек дипломати” бундан аввал ҳам дунëнинг катта бойлари олишга иккиланадиган уйлар учун пулни аямаслигини намоëн қилган эди.

Қизиғи шундаки¸ Лола Каримова Тиллаева¸ Ўзбекистон Республикасининг Парижда жойлашган UNESCO идорасидаги доимий вакили¸ яъни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий хизматчиси¸ холос. Кенжа Каримованинг хусусий бизнеси борлиги¸ унга миллионлаб даромад келтирувчи очиқ даромад манбалари борлиги бирор жойда расман қайд этилмаган.

Ғарб давлатларида жойлашган Ўзбекистон дипломатлари ойлигининг бир неча минг АҚШ долларидан ошмаслиги тахмин этилса¸ бугун аксар ўзбекистонликка даромадни солиқдан яширганлик айбини қўяëтган солиқ¸ прокуратура тизимларининг дунëдаги энг қиммат уйларни сотиб олиш ҳоббисига берилган Каримова хонимдан расман изоҳ сўраш фурсати пишиб етилгани англашилади.

Худди шундай¸ Каримованинг эри Тимур Тиллаевнинг ҳам нима иш қилиши ва расман қайд этилган даромад манбаси нима эканига оид бирор очиқ маълумот йўқ.

Аммо оддий ўзбекистонликлар Ўзбекистонга хориждан келтирилаëтган барча истеъмол маҳсулотларини тўлиғича ўз назоратига олган Абу Саҳий ширкатининг айнан президент кенжасига қарашли эканини тахмин қиладилар.

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу ширкат фаолиятидан бевосита хабардор манбалар¸ унинг кундалик даромади 2 миллион АҚШ доллари атрофида эканини билдирган эдилар. Агар бу фараз ҳақиқатга яқин бўлса¸ биргина Абу Саҳий конгломерати кенжа қизга ойига дунëнинг энг қиммат уйи қиммати қадар даромад келтиради.

Фаразларга қараганда¸ Абу Саҳий Каримова-Тиллаевга қарашли бизнес империясининг бир қисми¸ холос. Президент кенжасининг ҳам дунëнинг турли мамлакатларида очилган ўнлаб ширкат¸ меҳмонхона¸ ресторан ва дўконлари борлиги тахмин қилинади.

Бундай тахминлар баробарида бугун Ўзбекистон жамоатчилиги мамлакат президенти¸ унинг қонун устиворлигини таъминлашга масъул тизимлари¸ қолаверса¸ Ўзбекистон Республикасининг БМТ қошидаги UNESCO идорасидаги доимий вакили Лола Каримова-Тиллаева хонимдан бир неча савол сўрашга мутлақ ҳақлидир:

Расман давлат бюджетидан ойлик олувчи расмий сифатида қайдда турадиган Лола Каримова қайси манбадан олган қайси пулига дунëнинг энг қиммат уйларини сотиб олмоқда?

Бу даромад манбалари дипломат Каримова-Тиллаева томонидан тегишли идораларда қайд этилганми? Улардан қачон¸ қаерда¸ қанча солиқ тўланган?

Каримованинг ҳатто кўчмас мулк соҳасидаги Ғарб мутахассислари томонидан ҳам “ақлдан озиш” дея баҳоланган бу савдонинг у расман тамсил қилаëтган Ўзбекистон Республикасидаги ўртача ҳаëт даражасига нисбати қандай?

“Ўзбекистонда бойлар бўлмайди”¸ дея баëнот берган унинг отаси - президент Каримов ўз “дипломат” қизларининг дунë бойларини ҳам ҳайрон қолдираëтган бундай харидларидан хабардорми?


Айни пайтда¸ Сиз азиз муштарийга аталган саволларимиз ҳам анчагина.

Мана улардан айримлари:

Бир дипломатики шу қадар бой бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида Сизда қаерда ва қанча кўчмас мулкингиз бор?

Ўзи кўчмас мулк эгасимисиз? Яқин келажакда шундай эгалик имконига эгамисиз?

Сиз ва оилангиз айни кунларда одам бошига неча квадрат метрлик майдонда яшамоқдасиз?

Бир одамнинг нормал яшаши учун ўзи қанча квадрат метр етарли деб ўйлайсиз?


8 июл куни Тошкент вақти билан 21:05 да бошланадиган мулоқотимизда ана шу каби саволларга жавоб излаймиз. OzodSkype ва OzodlikOnline Skype манзиллари орқали Сиз ҳам жонли суҳбат иштирокчисига айланинг.






OzodlikOnline дастурида ўзбек жамиятининг илғор вакиллари билан ҳафтанинг энг асосий воқеалари, миллатнинг энг долзарб муаммолари муҳокама этилади.

Дастурни ҳар душанба куни Тошкент вақти билан соат 21:05 да www.ozodlik.org ҳамда Озодликнинг Facebook саҳифасида жонли эшитинг!


OzodlikOnline мулоқотини эшитиш давомида Skypeдаги Оzodskype ва OzodlikOnline манзиллари орқали тўғридан-тўғри алоқага чиқиб¸ очиқ мулоқот иштирокчисига айланишингиз мумкин.

OzodlikOnline дастурида Озодликнинг Facebook ва Twitterдаги саҳифаси орқали ҳам қатнашиш мумкин. Айни пайтда савол ва шарҳларингизни +420 724 971 539 рақамига СМС тарзда йўллашингиз мумкин.


Биз билан боғланинг! Ўз фикрларингизни билдиринг!

OzodlikOnline – Сиз учун муносабат билдиришнинг энг қулай имконияти!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG