Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:24

Ўзбекистонда “виртуал ҳукумат” тузиш уриниши бошланди


1 июлдан Интернет тармоғида My.gov.uz Ўзбекистон интерактив давлат хизматлари портали ишга туширилди. Расмий баëнотларда фуқароларнинг хоҳлаган давлат органи билан шу портал орқали мулоқот қилишлари мумкинлиги айтилмоқда.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси расмийлари ушбу лойиҳанинг амалга оширилишини мамлакатда “Виртуал ҳукумат” тизимини жорий этиш ва ривожлантириш йўлида қўйилган муҳим қадам, демоқдалар.

- My.gov.uz портали бу Ўзбекистон давлат бошқарув органлари томонидан кўрсатиладиган интерактив хизматларни бир жойга тўпланган ягона ойнасидир. Одамлар хоҳлаган давлат органидан интерактив ҳизматни шу ердан олиши мумкин, дейди Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси матбуот вакили Элбек Долимов Озодлик билан суҳбатда.

Жаноб Долимовга кўра, ҳозирча my.gov.uz порталида одамларнинг кундалик турмушига оид соҳалар бўйича 40га яқин интерактив хизматлар бор:

- Асосий эътибор аҳолидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишга қаратилади. Ягона портал орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари маҳаллий ҳокимият органларига ўз мурожаатларини юборишлари мумкин, дейди Элбек Долимов.

Суҳбатдошга кўра¸ мурожаат қилувчилар ўз аризалари давлат органи томонидан кўриб чиқилишини реал вақтда кузатиб боришлари ҳам мумкин.

My.gov.uz портали статистик модулида ҳозирга қадар Ўзбекистон давлат бошқарув органларига 112та ариза келиб тушгани, шулардан ўнтаси кўриб чиқилгани, 102 ариза кўриб чиқиш босқичида эканини кўриш мумкин.

Давлат идораларига мурожаат қилмоқчи бўлган фуқаролар my.gov.uz порталида қайддан ўтишлари керак бўлади.

“Электрон ҳукумат” концепцияси аслида ҳукуматнинг шаффофлиги ва ўз фуқароларига ҳозиржавоблилиги, ҳокимият тармоқларининг жамият билан самарали мулоқотини таъминлайдиган тизимдир.

Бу тизим фуқаролар учун турли вазирлик ва идоралардаги исталган даражадаги раҳбар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини ҳам бериши керак.

Тошкентлик компютер соҳаси мутахассиси Тоҳир фикрича, Ўзбекистонда “электрон ҳукумат” ҳукумат ҳақида гапиришга ҳали жуда эрта:

- Ҳукумат идораларини сайтига бир қаранг. Кўпчилиги ойда бир янгиланса янгиланади, бўлмаса йўқ. Интерактив мулоқот у ёқда турсин, алоқа ҳам қилиб бўлмайди. Кўпчилик сайтларда “Биз билан алоқа” бўлимида телефон номерлари ёзилмаган. Ҳозир бутун дунёда идоралар Интернетга ўтган, биз ҳали ўтган асрдамиз, дейди Тоҳир.

Айримлар эса Ўзбекистондек давлатда ҳукумат идораларига Интернет орқали мурожаат қилиб, муаммо ҳал қилинишига эришиб бўлмаслигини айтади:

- Масалан, ҳозир кўпчиликни қийнаётган масала нафақаларнинг вақтида берилмаётгани, биометрик паспортлар, чиқиш визаси олиш. Сиз ўйлайсиз, Ўзбекистонда ҳаммаси осон, ҳаммаси шаффоф. Йўқ, иш битиши учун идораларни олдида соатлаб туришга, қулоқлашишга тўғри келади. Ўзбекистонда шусиз иш битмайди, дейди оддий тадбиркор Баҳодир ака.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлигига кўра, ҳозирда мамлакатда Интернет фойдаланувчилари сони 10 миллиондан ошади.

Агар агентлик келтирган рақамлар рост бўлса¸ Ўзбекистонда ҳар уч одамнинг бири Интернетдан фойдаланади.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси расмийлари айнан шу жиҳатдан ҳам мамлакатда "Электрон ҳукумат"ни йўлга қўйишга зарурат бор, деган фикрдалар.
XS
SM
MD
LG