Линклар

Мисрда муваққат президент қасамёдга келтирилди


Миср Конституциявий суди раиси Адли Мансур муваққат президент сифатида пайшанба куни қасамёдга келтирилди

Миср Конституциявий суди раиси Адли Мансур муваққат президент сифатида пайшанба куни қасамёдга келтирилди

Мисрда ҳарбийлар президент Муҳаммад Мурсийни ҳокимиятдан четлатиши ортидан, пайшанба куни Конституциявий суд раиси Адли Мансур муваққат президент сифатида қасамёдга келтирилди. Эндиликда собиқ президент Мурсий ва унинг сафдошлари уй қамоғига олингани айтилмоқда. Жаҳон ҳамжамияти етакчилари Мисрдаги воқеаларга муносабат билдирмоқда.



Пайшанба куни қасамёдга келтириш маросимида сўзлаган Адли Мансур президент Мурсийни ҳокимиятдан четлатишда муҳим рол ўйнаган оммавий норозилик иштирокчилари ва ҳарбийларни мақтади.

Мисрликлар, деди Мансур, биргина етакчига “сажда қилмасдан” 2011 йилги инқилоб идеалларига содиқ қолиши керак.

- Инқилоб руҳи давом этишининг кафолати инқилоб қадриятлари сақланиб қолишига умид қилишимиздадир. Бу қадриятларнинг асосийси етакчига сажда қилиш ва ундан ярим-илоҳий маҳлуқни яратишга чек қўйишдир, деди муваққат президент.

У шунингдек, Мурсий дохил Мусулмонлар биродарлиги тарафдорлари ҳам халқнинг бир қисми экани ва “мамлакатни қуришда” иштирок этишлари мумкин, дея қўшимча қилди.

Лекин пайшанба куни давлатга қарашли MENA агентлигининг хабар қилишича, прокуратура Мусулмон биродарларнинг икки етакчисини ҳибсга олиш ҳақида буйруқ берган.

MENA агентлигига кўра, исломчи партиянинг етакчиларидан Муҳаммад Бадие ва унинг муовини Хайрат ал-Шатер тинч намойишчиларни ўлдиришга чақирганликда айбланмоқда.

Чоршанба куни армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Сиси Миср конституцияси вақтинча бекор қилиниши ва мамлакатда янги президент сайлови ўтказилишини эълон қилди. Чоршанба куни телевидение орқали қилган чиқишида Ал-Сиси Мурсий “халқ талабларига жавоб бера олмади”, дея таъкидлади.

Мухолифат етакчиси Муҳаммад ЭлБарадей, Мисрдаги копт насроний черкови раҳнамоси поп Тавадрос ал-Сиси илгари сурган йўл харитасини қўллаб-қувватлади.

Ҳокимият алмашгани тўғрисидаги эълон Қоҳиранинг Таҳрир майдонида олқишлар билан кутиб олинди.

Ўтган тунда миллионлаб мисрлик Мурсийнинг ҳокимиятдан ағдарилганини байрам қилди. Мурсий ва у дохил Мусулмонлар биродарлиги партияси чоршанба кунги ҳодисани “ҳарбий тўнтариш”, дея атамоқда.

Айни пайтда Қоҳира ва бошқа шаҳарларда исломчилар тарафдорлари намойиш ўтказаётган ҳудудлар ҳарбий техника ва қўшинлар тарафидан қуршаб олинган. Шунга қарамай бир нечта шаҳарда тўқнашувлар рўй берди. Исломчилар тарафдорлари полицияга қарата ўт очгани оқибатида камида тўққиз киши ҳалок бўлгани хабар қилинмоқда.

Мусулмонлар биродарлиги партияси матбуот вакили Мурсий ўзининг 12 ёрдамчиси билан уй қамоғига олинганини маълум қилди.

Мурсий 2012 йил 30 июн куни ўтказилган президент сайловида Мисрнинг демократик йўл билан сайланган биринчи раҳбари бўлди. У 2011 йилда араб баҳори инқилоби натижасида Ҳусни Муборак режими ағдарилиши ортидан президент этиб сайланган эди.

Мурсийнинг иқтидори даври мамлакатда сиёсий беқарорлик ва иқтисодий таназзулга тўғри келди.

Пайшанба куни жаҳон ҳамжамияти Мисрдаги воқеаларга муносабат билдира бошлади.

АҚШ Президенти Барак Обама ҳокимият ҳарбийлар аралашувида алмашганидан “чуқур ташвишда” эканини билдирди ва Вашингтон Мисрда тез орада демократик йўл билан сайланган ҳукумат иқтидорга келишига умид қилишини баён қилди. Обама ўз маъмурияти Мисрга кўрсатиладиган ёрдам масаласини кўриб чиқаётганини қўшимча қилди.

Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон мисрликларни демократия йўлидан боришга чақирди.

- Биз ҳеч бир мамлакатда ҳарбий аралашувни қўллаб-қувватламаймиз. Лекин ҳозир Мисрда демократия равнақ топиши ва ҳақиқий демократик ҳокимият алмашинуви амалга ошишини истаймиз. Бу жараёнда барча тарафлар иштирок этиши керак, Британия ва иттифоқчиларимизнинг мисрликларга аниқ айтадиган гапи шу, деди Британия раҳбари.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун томонларни “тинчлик, зўравонликдан тийилиш, мулоқот ва босиқликка” чақирди.

Европа Иттифоқининг Ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кэтрин Эштон барча тарафларни “зудлик билан демократик жараёнга қайтишга” чақирди.

Германия Ташқи ишлар вазири Гуидо Ветсервелле ўз мамлакати Мисрдаги вазиятни “яқиндан катта ташвиш билан” кузатаётганини билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча мисрликларни “босиқлик ва зўравонликдан тийилишга” чақирди.

Араб давлатларининг аксари Мурсийнинг ҳокимиятдан четлатилишини олқишлади.

Исроил Мисрда рўй берган ҳодисалар борасида муносабат билдиришдан тийилиб турибди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG