Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:04

Раҳмон имом-хатибларга бюджетдан маош тайинлади


Учрашувга даъват этилган дин вакилларини президент бир хил тикилган диний либослар ва совғалар билан сийлади
Учрашувга даъват этилган дин вакилларини президент бир хил тикилган диний либослар ва совғалар билан сийлади
Душанбеда диний ташкилот ва маҳаллий ҳокимият вакилларини йиққан Тожикистон президенти Имомали Раҳмон мамлакатдаги диний вазиятни хавотирли деб баҳолади. Президентга кўра, ўтган бир ярим йил давомида мамлакатда 50 нафар ҳожи жиноят содир қилганликда айбланган.

Тожикистон президенти 4 июл куни Душанбе шаҳрида диний ташкилот ва маҳаллий ҳокимият вакилларининг 1200 нафар вакили билан кўришди. Тўрт соат давом этган йиғилишда 2 соату 40 минут гапирган Раҳмон мамлакатда диний вазиятни хавотирли деб атади:

“Мамлакатда 4000 масжид, 6 мадраса, гимназия ва Ислом университети фаолият кўрсатаяпти. Бизда 7000 нафар маҳаллий ва хориждаги диний мактаб битирувчилари ва 200 минг нафар ҳожи бор. Лекин шунга қарамасдан жамиятда фанатизм ва радикализм кучаймоқда, ҳатто террорчилик ҳаракатлари содир бўлиб турибди”, деди президент.

Раҳмонга кўра, баъзи диний лидерларнинг Наврўзни “ғайриисломий” деб аташларини қабул қилиб бўлмайди:

“Наврўз табиат байрами сингари бизнинг ҳам миллий байрамимиздир.. У 6000 йиллик тарихга эга ва дин, мазҳабга ҳеч қандай алоқаси йўқ”, деди Раҳмон.

Президент ўтган беш ой давомида Тожикистонда терроризм ва радикализм заминида 32 та жиноят содир этилганини айтар экан, баъзи жиноятлар Ҳаж сафарига бориб келган ҳожилар томонидан содир этилаётганини урғулади:

“Бизнинг баъзи фуқароларимиз Ҳожи деган улуғ номга сазовор бўлган, бироқ улар жиноят сари юз тутмоқдалар. Ўтган бир ярим йил давомида 50 нафар ҳожиларимиз жиноятга қўл урган”, деди президент.

Бир неча йил аввал хориждаги диний мактабларда таълим олаётган 2000дан ортиқ талаба президент буйруғи билан Тожикистонга қайтарилган эди. Раҳмоннинг навбатдаги танқиди нишони тожик ёшларининг диний таълим олиши бўлди. Унга кўра, ёшларни хориждаги диний таълим даргоҳларида ўқитишнинг оқибатлари хайрли бўлмайди.

Президент ўз чиқишида муллалар масаласига алоҳида тўхталди. У жиноят содир қилган муллалар ҳақида мисоллар келтирар экан, баъзи муллалар ўз ҳаракатлари билан динга шармандалик келтираётганини таъкидлади:

“Масалан, воселик 34 ёшли мулла Собир бир аёлга уйланиб яшагандан сўнг, унинг 12 ёшли қизини ҳам никоҳига олади. Уларнинг никоҳини эса жоме масжиднинг имом-хатиби Қурбонназар Хўжамов ўқиган”, деди Раҳмон жумладан.

Президент янги йилдан бошлаб масжид имом-хатибларига давлат бюджети ҳисобидан маош тайинланишини айтди.

Овозини эшиттирмаслик шарти билан Озодликка гапирган тожикистонлик диндорлардан бири, “президентнинг бу ҳаракатини динни қаттиқроқ назорат қилишга қаратилган”, деб атади:

- Ўзи шундай ҳам масжидларга тайинланадиган имом-хатиблар ҳукуматнинг одамлари бўлиб қолди. Энди уларга бир тутам маош бериб, янада итоаткор қилади. Сўнгги йилларда Тожикистонда ислом анча қисилиб қолди, бир қанча обрўли масжидлар ёпилди, таниқли дин уламолари таъқиб қилинмоқда, деди тожикистонлик диндор.

Бироқ бу учрашувга сиёсий партиялар, жумладан ҳукуматга мухолиф бўлган Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг вакиллари таклиф қилинмади.

Таниқли диний уламолардан бири бўлган Мирзо ҳожининг Озодлик мухбирига айтишича, учрашувда қатнашган аксарият дин вакиллари президент билан учрашувда президентни мақташдан нарига ўтмаган:

“Пайғамбаримиз(с.а.в.) ҳам айтганлар, юзингга қараб мақтаган одамнинг оғзига тупроқ сочинглар. Муҳокама қилинадиган жуда муҳим масалалар бор эди, афсуски менга навбат етмади”, деди Мирзо ҳожи.
XS
SM
MD
LG