Линклар

Россиялик таниқли актёр ва юморист Сергей Светлаков Киевдаги кўп қаватли уйлардан бирининг биринчи қаватида ўзбек ресторани очгани маҳаллий аҳолининг норозилигига учради. Норозилик намойишига чиққан фуқаролар “Eshak” ресторани ноқулайликлар туғдираётгани, ремонт туфайли бино деворларида ёриқ пайдо бўлганидан шикоят қилмоқда. Светлаков эса Украинада ўзбек чойхона-ресторанлари тармоғини очиш ниятида.


Киевликлар Светлаковнинг ўзбек ресторанидан норози

Россиялик шоумен Сергей Светлаков Украина пойтахтида “Еshak” деб номланган ўзбек ресторанини 20 май куни очганидан бир ой ўтмасдан жиддий муаммоларга дуч келди.

“Украина” Саройидан узоқ бўлмаган 85-рақамли Красноармейская кўчасидаги 9 қаватлик турар жой биносининг биринчи қаватини эгаллаган бу ресторанга қарши маҳаллий аҳоли чиқди.



Ижарага олинган 1100 квадрат метр майдонидаги “Еshak” ресторани қурилиши вақтида бино дарз кетгани, атроф чиқиндиларга тўлгани, йўл ёқасидаги дарахтларнинг кесилиши чангни кўпайтиргани ва рестораннинг ўзида доимий шовқин-сурон ва турли ҳидлар чиқаётгани бинода яшаётган аҳолининг норозилигига сабаб бўлгани айтилмоқда.



Биринчи бўлиб шов-шувни кўтарган шу уйда истиқомат қилувчи архитектор Эдуард Белский Светлаков вакиллари икки маротаба учрашувга келгани, бино подъездларини таъмирлаб, бўяб беришни таклиф қилгани, лекин уйда яшовчилар бу шартларни ва ошга таклифларни рад қилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, Светлаков ресторанга кираверишида боғлаб қўйилган ҳақиқий эшакка озор бераётганликда айбланмоқда.

- Бизнинг реклама сифатида ресторан олдига боғланган эшакка ичимиз ачияпти. Кеча қаттиқ ёмғир ёғди. Булар эшакни целлофанқоғозга ўраб қўйишибдики, у чунон бақирди – ҳаммамиз балконларга чиқиб кетибмиз,- дейди Украинанинг Янги телеканалидаги “Пираньи” дастури журналистларига пикетчилардан бири.

Бошқа бир нафақахўр шахс эса уларни биров қўрқитаётгани ва таҳдид қилаётганидан шикоят қилди.

Киевликларнинг айтишича, ташқарига сигарет чеккани чиқаётган ошхона ва ресторан ходимлари маҳаллийларга қўполлик қилган ва қўрқитган.

Украинанинг миллатчилар партияларидан бири аллақачон бу вазиятдан фойдаланиб, Светлаковни маҳаллий шаҳар раҳбарияти ва ҳатто ҳукуматда “кришаси” борлигини иддао қилиб чиқди.

Киевликлар бу ресторан эгалари устидан ҳатто президент Виктор Януковичга хат юборилганини гапирмоқда.

Озодликнинг вазият юзасидан изоҳ сўраб қилган мурожаатига Киевдаги “Еshak” ресторани бошқарувчиси Елена Балмилер бино ёриқлари 50 йил олдин пайдо бўлгани, қурувчилар барча талаблар асосида таъмирлаш ишларини олиб борганини маълум қилди. “Улар ресторан эгалари ҳисобидан уйларида таъмирлаш ишларини ўтказиш ёки пул талаб қиляпти”, дея қўшимча қилди

- Ҳозир биз яшовчиларнинг барча талабларини бажаришга уриняпмиз, эшакни яна эгасига қайтариб бердик, чиқиндиларни шахсий контейнерга ташлаяпмиз ва ҳоказо,- деди ресторан бошқарувчиси.

Палов Украинани эгаллаяпти

Журналистлар “Наша Russia” ва “Прожекторперисхилтон” шоулари юлдузи Сергей Светлаков бу ресторан қурилишига 1,5 миллион доллар сарфлагинини гапиришмоқда.

Ресторанни ўзбекча услубда безаш билан машҳур москвалик дизайнер шуғулланган бўлса, жиҳозлаш учун буюмлар Италиядан келтирилгани айтилди.

Киевликларни фақат ўзбек таомлари билан зиёфат қилиш учун Сергей Светлаков Ўзбекистондан махсус уста-ошпазни таклиф қилган. Нисбатан арзон нархларда ресторанда 120 ортиқ ўзбек таомлари таклиф этилаётгани диққатга сазовор.

“Еshak”да меҳмонларга тортилаётган ҳар бир таомни Сергей Светлаковнинг ўзи танлагани ва татиб кўргани айтилди.

Ресторан ходимлари ичкарида паловни хуш кўрган Мерилин Монро, Мао Цзэдун ва Алберт Эйнштейн портретлари осилган иккита янги зал очилганини маълум қилишди.

Очилиш маросимида Сергей Светлаков ўзбек таомлари Россияда кўплаб ўз мухлисларига эга бўлиб бораётгани, тўйимли, мазали ва нисбатан арзон масаллиқлардан тайёрланиши боис Украина мазахўрларига ҳам тез орада хуш келишига ишонишини гапирган.

Ўзбек таомларига украиналикларни ўргатишни мақсад қилган Сергей, иш юришиб кетса, “Еshak” чойхона-ресторанлари тармоғини очиш режасида.

“Нима сабабдан ресторан ресторан русчасига “Ишак” эмас, лотинча “Еshak”, деб номланган”, деган саволимизга, ресторан бошқарувчиси Елена Балмилер “Билмадим, инглизчасига бўлса керак”, деб кулди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG