Линклар

Нелсон Мандела “вегетатив ҳолатда” экани ҳақидаги хабарлар инкор этилди


Жанубий Африка президенти Жейкоб Зума Нобел Тинчлик мукофоти лауреати Нелсон Мандела “вегетатив ҳолатда” экани ҳақидаги хабарларни инкор этди.

Президент баёнотида 94 ёшли Манделанинг “аҳволи оғир, бироқ барқарор” экани маълум қилинди.

Баёнотда айтилишича, президент Зума касалхонада Манделанинг ҳолидан хабар олган ва шифокорлар Нобел лауреатининг “вегетатив ҳолатда” эканини тасдиқлашмаган.

Аввалроқ суд материалларига асосланиб тарқатилган хабарларда Нелсон Мандела ҳаётни таъминловчи сунъий нафас олиш мосламасига улаб қўйилгани ва “муқаррар ўлим тўшагида” экани айтилган эди.

Мандела 8 июн куни ўпка инфекцияси ташхиси билан Преторияда касалхонага ётқизилган эди.

18 июлда 95 ёшга тўлиши кутилаётган Мандела Жанубий Африкада апартеидга қарши курашиб, умрининг 27 йилини қамоқда ўтказган.

1990 йилда озодликка чиққан Мандела орадан тўрт йил ўтиб президентлик сайловида ғолиб чиққан ва Жанубий Африканинг илк қора танли президенти бўлган эди.
XS
SM
MD
LG