Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:54

Избосканда ҳунармандлар ишсиз қолди


Андижон вилоятининг Пойтуқ шаҳридаги 20га яқин ҳунармандчилик дўконлари бир йил олдин бузилиб, ҳунармандлар ишсиз қолган эди. Уларга янги бозордан жуда қиммат нархда дўконлар сотиб олиш таклиф қилиняпти. Бироқ, ҳунармандларнинг ишлаб топганлари фақат кундалик эҳтиёжидан ортмаётгани учун улар ҳокимият таклиф қилган дўконларни сотиб олиш қудратига эга эмас.


Избоскан туманининг Пойтуқ шаҳридаги ҳунармандларнинг аксарияти ишсиз қолди. Бунга улар ишлаб турган эски бозордаги ҳунармандчилик дўконларининг бузилиши ва унинг ўрнида мусиқа коллежи қурилиши сабаб бўлган.

Бу ҳақда Озодликка избосканлик тадбиркорлардан бири хабар берди:

- Пойтуқ деҳқон бозорининг бир томони ҳунармандлар дўконлари эди. Ҳунармандларнинг дўконларини бузишиб, уларга жой ҳам кўрсатмадида. Агар янги бозордан жой кўрсатишганда ўзлари қуриб олишарди. Янги бозордан қурилган дўконларни сотиб олинглар, деди. Бу дўконларнинг нархи осмонда, 20-22 миллион сўм. Аслида булар 7-8 миллион сўмлик дўконлар ўзи. Натижада топган-тутгани кундалик эҳтиёжидан ошмай турган ҳунармандлар ишсиз қолди, деди исми сир қолишини сўраган пойтуқлик тадбиркор.

Унинг айтишича, бозорда 20га яқин ҳунармандчилик дўконлари мавжуд бўлиб, ҳунармандлар темирчилик, тунукачилик, сандиқчилик, дурадгорлик билан шуғулланган.

Пойтуқлик темирчи ҳунармандлардан бири, 63 ёшли Қодиржон Маҳмудовнинг Озодликка айтишича, ҳунармандлар ўз иш жойларидан кўчага улоқтирилган:

- 1994 йилда кадастр қилиб, қонуний қилиб қуриб олгандик. Бир йил олдин ҳамма дўконларимизни бузиб ташлашди. Алам қиладиган жойи шундаки, ҳеч ким бир жой ҳам кўрсатмади, ер ҳам ажратмади. Кадастр баланси нархи шунча экан, ана сизларнинг ерингларга ер, қуриб олинглар демадида. Янги бозордан биз қурган дўконлардан сотиб ол, дейишди. Уларнинг нархи 23 миллион сўмнинг тепасида. Унга бизнинг ҳеч ҳам имкониятимиз йўқ. Ҳамма ҳунармандлар жойсиз ва ишсиз қолди, худди хўрланганга ўхшаб қолдик, дейди Қодиржон Маҳмудов.

Ҳунарманднинг айтишича, ҳозир 15дан ортиқ ҳунармандлар ишсиз қолган, уларнинг шогирдлари ҳам касбларини ўзгартиришга мажбур бўляпти:

- Қўлида гулдай ҳунари бор йигитлар сочилиб кетди. Улар ҳар қаерда том-пом ёпиб, тирикчилик қилишиб юрибди. Мана Раҳматжон, Обиджон, Ёқубжон, Рўзимамат деган ҳунармандлар бекор қолди, деди Қодиржон Маҳмудов.

Пойтуқлик тунукачи ҳунармандлардан бири Раҳматилла ака ҳам, маҳаллий ҳукумат ҳунармандларга нисбатан адолатсиз иш тутган дейди:

- Мен айтгандим, бизларга ер беринглар, ўзимиз қуриб оламиз. Майли ташқарисини сизлар айтгандай аква қиламиз. Лекин ичкарисини ҳар бир ҳунарманд ўзига мос қилиб қурадику. Лекин йўқ, биз қургандан оласан дейишди. Унга бизни кучимиз етмайди. Ҳозир ҳамма тарқаб кетди. Кимдир уйида ишлаяпти, кимдир шаҳарга чиқиб кетди. Хуллас Пойтуқ ҳунармандларсиз қолди, деди Раҳматилла ака.

Озодлик ҳунармандларнинг кўчада қолганига муносабат олиш мақсадида Избоскан туман ҳокимлиги билан боғланишга ҳаракат қилди. Бироқ, ҳокимият телефонлари ишламаганлиги боис боғланишнинг имкони бўлмади.

Избоскан тумани Ер кадастрлар бўлими мулозими эса саволимизни эшитгач телефон гўшагини қўйиб қўйди ва бошқа у билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳунармандчиликни ривожлантириш учун бир қанча қарорлар қабул қилган.

1997 йилда Ўзбекистон Президенти фармони билан миллий ҳунармандчиликнинг 31 тури билан шуғулланадиган жисмоний шахслар даромад солиғидан озод қилинган эди.

Ўзбекистон Президентининг 2012 йил сентябр ойидаги фармони билан
Ҳунармандлар 2014 йилнинг 1 январигача ягона солиқ тўловидан озод қилинган.
XS
SM
MD
LG