Линклар

Қарини қамоқда сақла

  • Сарвар Усмон

Жамият ва қонуннинг бугунги меҳмонлари ҳам вақтларини шундай сўлим чойхоналарда ўтказиши мумкин эди.

Жамият ва қонуннинг бугунги меҳмонлари ҳам вақтларини шундай сўлим чойхоналарда ўтказиши мумкин эди.

Нима учун ҳукмдор “қора”ни “оқ” деса, кўпчилик бош ирғаб “Ҳа, оқ”, деб қўшилаверадию орадан бир кишигина чиқиб (чиқса!) “Йўқ, оқ эмас, қора, чунки у – аслида, қора!” деб туриб олади?

Кўпчиликда йўқ журъат у ёки бу кишида қандай пайдо бўлиб қолади? Нима туртки бўлиши мумкин журъатнинг пайдо бўлишига?


***



Итальян “Етмишбой” иши

Берлусконини қамай оладиларми?

Италия собиқ бош вазири, 76 га кирган Сильвио Берлусконини айтаяпман.

Бу оқсоқолни қамоққа ташлай оладиларми?

Дунёнинг энг бадавлат кишилари рўйхатидан жой олган бу машҳур итальян қамаладими-йўқми – балки Сиз тингловчига қизиғи йўқдир, лекин у билан боғлиқ саволимиз жавоби Сизни бир муҳим масала устида бироз фикрлашга ундаши мумкин.

Жавобни эшиттиришимиз охирига қолдирамиз.

Бугун гап Берлусконининг ўзбек тенгдошлари тўғрисида бўлади.

АҚШдаги акция

АҚШдан сиёсий бошпана олган ўзбек тадбиркори, “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев ўтган ҳафтада норозилик акцияси ўтказди.

Чориев ўзининг транспорт корхонасига қарашли юк машиналарини Сент-Луис шаҳридан пойтахт Вашингтондаги ўзбек элчихонасигача ҳайдаб келди.

Машиналар кузови деворларига улкан плакатлар тортилган. Улар, Чориевнинг сўзлари билан айтганда, “Президент Ислом Каримов режими жиноятлари”дан дарак беради.

Ўзбекистондаги бизнеси тортиб олингач, ўз ишини АҚШда сиёсатга омухта қилиб давом эттираётган Баҳодирни норозилик юришига чиқишга отаси Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олиниши сабаб бўлди.

71 ва 17?!

Ҳасан Чориев Сильвио Берлусконининг тенгдоши – ёши 71 да.

У 17 яшар қизни зўрлаганликда айбланмоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячи Шуҳрат Рустамов 22 июнь куни тарқатган электрон хатда “Ҳасан Чориев Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг кўрсатмасига мувофиқ, жорий йилнинг 17 июни, кундуз соат 12 да қўлга олингани ва Қаршидаги 5-тергов изоляторида сақланаётганини” маълум қилган эди.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари оқсоқолнинг жинсий тажовузда айбланаётганини “абсурд”, деб атамоқдалар.

Мантиқсизлик мантиғи

“Абсурд” – мантиқсизликдир.

Лекин оқсоқолнинг қўлга олинишида мантиқсизлик йўқ.

"Сиёсий фаолиятим учун ҳукумат отамни қамаб мендан қасос олмоқчи", демоқда Баҳодир Чориев. Агар у ҳақ бўлса, бу – мантиқ эмасми?

Ҳасан Чориев ўз тенгдошлари – бошқа юз минглаб, миллионлаб ўзбек оқсоқолларидан фарқ қилади. Дилидагини тилига нафақат кампири билан ёлғиз қолганда, балки кўпчилик орасида ҳам чиқараверади.

Ҳасан Чориев: 20 йил бўлди мустақиллик бўлганига. 20 йил ичида Каримов халққа ҳеч бир яхшилик қилмади. Нега деганда мана халқимиз, 8 миллион киши четга чиқиб кетди. Агар Ўзбекистонда нон бўлса, хизмат бўлса эди, булар ота-онасини, ëш келинчакларини ташлаб кетмаган бўлар эди. Бу биринчи сабаб. Иккинчи сабаб мана газ ўзимиздан чиқади, Қашқадарë нуқул газ беради. Неужели Қашқадарëнинг ўзида чиқиб свет, газ йўқ? Мана свет ўзимизнинг Таллимаржондан чиқади. Нега энергия йўқ? Бир суткада бир соат энергия беради. Қашқадарëда ичимлик суви ҳам йўқ ака! СССР даврида водоканалдан сув оқар эди. Ҳозир ичимлик суви ҳам йўқ, етишмайди. Халқнинг жонига тегиб кетдида.

Озодлик: Ҳасан бобо, бунинг ҳаммасига президент айбдор, демоқчимисиз?

Ҳасан Чориев: Айбдор шу-да. Бўлмаса ким айбдор бўлади? Рўзғорнинг камчилиги учун ота жавоб беради биринчи навбатда. Президент давлатнинг эгасида жавоб берадиган. Масалан, менинг рўзғоримда камчилик бўлса, ҳаммаси менга тушади. Давлатга президент жавоб берадида. Бошқа ким жавоб беради давлат эгаси бўлгандан кейин, деган эди Ҳасан Чориев Озодликнинг “Баҳс майдони” эшиттиришида баҳсга киришар экан.

Бундай гапларни қўрқмай гапирган 71 га кирган оқсоқолнинг бирдан 17 яшар қизни зўрлаганликда айбланиб қўлга олинишида мантиқ йўқ, деб кўринг-чи?!

Танқид қилиш бурчи

Ҳибсхонада қолаётган Ҳасан Чориевнинг аёвсиз танқидий фикрларини оиласини тўзғитиб юборган ҳукуматдан олаётган ўчи, деб баҳолаш мумкин.

Лекин оқсоқолнинг бир қатор бошқа тенгдошлари борки, улар тақдирида аксни кўриш мумкин. Улар ўзларининг фуқаролик ҳақларидан фойдаланиб, фуқаролик бурчларини бажариб, ҳукуматни танқид қилдилар ва тўзғидилар.

Тўзғиб қамалдилар, тўзғиб Ер юзига сочилдилар.

Ака, қўрқаман!

Қамоқхоналарда ётган, Ер юзига сочилиб кетган мухолифатчи ва диссидентларнинг энг ёшининг ёши ҳам 50 дан ўтди.

Улар бугунги ёш ўзбеклардан, қишлоғида чироқ ҳам, газ ҳам йўқлигидан Озодликка шикоят қилар экан, исмини ўзгартириб айтадиган, аксарият ҳолларда зинҳор-базинҳор айтмаслигимизни сўрайдиган, қўрқув қон-қонига сингиб кетган ёш ўзбеклардан кескин фарқ қилади.

Шу фарқ туфайли қамалди улар. Шу фарқ туфайли дунёга сочилди.

Улардан бир нечасини бугун суҳбатга тортдик.

Уларнинг журъатига туртки бўлган омилларни билгимиз келди.

Қамрови кенг бу савол жавоби бир китоб бўлади. Лекин биз биттадангина воқеани айтиб беришни сўрадик суҳбатдошларимиздан.

“Кўзимни XX съезд очган”

Бугунги тўрт қаҳрамонимизнинг ёши энг улуғи, таниқли мухолифатчи Алибой Йўляхшиев Сильвио Берлусконининг тенгдоши – 76 да. У – сиёсий қочқин.

Оиласининг бир қисми Норвегияда, бир қисми Канадада яшайди.

Ўзи яшаб турган муҳитга танқидий қарашга ўргана бошлаган вақтда Йўляхшиев ҳали мактаб ўқувчиси эди.

КПСС нинг 1956 йил февралида бўлиб ўтган XX съезди Алибой ва унинг синфдошлари қалбида улар ўша пайтгача ишониб келган ғояларга шубҳа уруғини экди.

Алибой Йўляхшиев: Ичимизда юрган ëшларнинг кўнглида бир норозиликни юзага чиқарган масала Компартиянинг XX съездидаги шахсга сиғинишни танқид қилишдан келиб чиқди. Ўрта мактабда эканимизда тарих ўқитувчисини жуда қийнадик. “Нега Сталин кеча ҳеч хатоси йўқ буюк одам эдию бугун сизлар уни танқид қилаяпсизлар? Хато қаерда? Ким хато қилди? Сталин хато қилдими ëки бугунги танқид қилаëтганлар хато қилдими?” Биринчи саволларимиз шу эди. Нима учун Сталиннинг хатосини, камчиликларини юзига айтмадиларинг, деган саволдан келиб чиққан эди бизнинг бутун мухолифатлик фаолиятимиз. “Коммунист ҳеч нарсадан қўрқмаслиги керак эдику. Нега буни айтмадиларинг?” деган саволдан чиқди. Биз бу саволни тарих ўқитувчимизга жуда кўп марта бердик. Студент бўлганимиздан кейин, 1957 йилда мен биринчи курс студенти бўлдим, у ерда КПСС тарихи махсус ўқитилди. КПСС тарихида ҳам биз мана шундан бошладик. Ўқитувчи билан лекцияда ҳам, семинарда ҳам ҳамиша тортишардик.

Озодлик: Демак, нотаниш бир кайфият пайдо бўлди. Кайфиятга XX съезд туртки бўлди. Ўша кайфият кайфиятгина холосмиди ëки қандайдир бир ҳаракат ...

Алибой Йўляхшиев: Йўқ, ҳаракат кўриниши йўқ эди. Алоҳида олинган, масалан, мен ўқиган ўрта мактабда жуда кўп бўлса уч-тўртта ўқувчи эдик. Буларнинг бирлашган бир жойда мажлис қилиши, тўпланиши, бошқа нарсаси йўқ. Бунда ҳам компартиянинг умумий сиëсатига қарши фикримиз йўқ. Нима учун коммунист ҳеч нарсадан қўрқмаслиги керак? Нима учун ҳеч кимдан сесканмаслиги керак? Нега тўғридан тўғри камчиликлар айтилмади деган фикр атрофида эди ҳамма гапларимиз.

Озодлик: 1957 йилда неча ëшда эдингиз?

Алибой Йўляхшиев: Мен 1938 йилда туғилганман. Шунда 1957 йилда неча ëшда бўламан?

Озодлик: Талаба экансиз-да у пайтда?

Алибой Йўляхшиев: 1-курс студенти. Йўқ, ўқувчи эдим. 20-съезддан кейинги саволларимиз ўрта мактабнинг 10-синфида тарих ўқитувчиси билан суришдик. 1957 йил сентябрга келиб биринчи курс бўлдик. 1957-1958-1959 йилларда биз КПСС тарихи ўқидик.

Озодлик: Сиз бу саволларни ўзингизга ва тарих ўқитувчингизга берар экансиз, ҳали жуда ëш эдингиз, мактаб ўқувчиси эдингиз. Бу саволлар анча комил ўқувчи боланинг саволларидир. Бу комиллик қаердан пайдо бўлган?

Алибой Йўляхшиев: Уни билмаймиз энди. Оллоҳнинг бизга берган бир неъмати...

“96 математик бир кечада қамалган эди”

Ўзбекнинг таниқли “Етмишбой” мухолифатчи ва диссидентларидан уларнинг бутун тақдирини белгилаб берган журъатига нима туртки бўлганини сўраяпмиз.

Эшиттиришимиздан ўринни қаҳрамонларимизнинг ёшига қараб бераяпмиз.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Толиб Ёқубов Алибой Йўляхшиевдан 2 ёш кичик – 74 да. 7 йилдан бери сиёсий қочқин, Франция берган бошпанада яшаётган Толиб акадан ҳам сўрадик мутлақ кўпчилик учун хос бўлмаган журъатига қандай воқеа туртки бўлганини.

Толиб Ёқубов: Мен 1966 йилнинг охирида Москвага ўқишга кетдим. Москва педагогика институтида аввал стажер, кейин аспирант бўлиб ўқидим. Менинг иккита домлам бор эди. Биттаси ëш, биттаси кексароқ эди. Ëши Леонид Львович Цейнман деган йигит эди. Декабрнинг охирроғида Москванинг 96 математиги бир кечада қамалди. Бизлар тушунмадик. Менинг домлам ҳам қамалди. Бир ҳафтадан кейин ўша одам чиқиб келди. Мен “Нима бўлди?” деб сўрадим. У менга гапириб берди. Биласиз, русларнинг Сергей Есенин деган шоири бор. Шунинг ўғли бор экан Александр Сергеевич Есенин-Вольтин деган. Ўша пайтда СССРда энг кучли математик логиклардан биттаси эди. МГУда ишларди. Ўша қўлга олиниб, психбольницага ëтқизилган. Шу одамнинг ҳимоясига 96 математик СССР Соғлиқни сақлаш министрининг номига хат ëзган. Ўша хатни Би-би-си радиосига юборишган. Ўша кечаси Би-би-си радиосидан уни тўлиқ ўқиб беришган. Ëзганларни фамилияма-фамилия айтган. Ўша кечаси 96 одамни қамашган. Мен ўшанда биринчи марта “инсон ҳуқуқлари” деган нарсани эшитдим домламдан. Илгари бизнинг Ўзбекистонда унақа гап йўқ эди 1966 йилгача. Менга биринчи туртки шу бўлди. Инсон ҳуқуқлари деган нарсанинг моҳиятини мен ўшанда тушундим.

"Босмачининг боласи"

Шоир – Мураккаб Организм. Ундан “Журъатингиз қачон пайдо бўлган, унга нима туртки бўлган”, деб сўрашнинг ўзи “Бир кунда нечта шеър ёзасиз” ёки “Шеърни нима учун ёзасиз”, деб сўрашдек бемаъниликдир.

Лекин бугун ўз олдимизга Журъат Анатомиясини ўрганишни мақсад қилиб олган эканмиз, ўзбекнинг Шоир "етмишбойи", диссидентлиги учун ҳаёти ва саломатлигига хавф пайдо бўлгач, Ватанни ташлаб сиёсий муҳожирга айланган, мана 20 йилдирки Ватандан ташқарида яшаётган 73 ёшли Ёдгор Обидга ҳам саволимизни бердик.

Шоир билан суҳбатлашар эканмиз, диссидентлик унга ота мерос эканлиги тўғрисида ўйлай бошладик.

Ёдгор Обид: Отам босмачилар ҳаракатига қўшилиб қолганлик айби билан Тошкентга қочиб келган. Тошкентнинг бир қишлоғида яширинча яшаб туришган. Кейин буларни колхоз тузуми пайтида Мирзачўлга сургун қилишади. Мен Мирзачўлда эсимни таниганман. Айтишларича, Марғилонда туғилганман, лекин Мирзачўлда эсимни таниганман. Ота-онам ўша ерда ўлиб кетишган. Мен яхши эсламайман. Аранг онамни эслайман. Ғазал ëзганлар ўша пайтлар. Қолган ғазалларини кейин таниш-билиш, кекса аëллардан йиғиб олганман. Отам босмачилар ҳаракатида қатнашган экан, Мадаминбек ҳаракатида. Мадаминбек ҳукуматга таслим бўлгандан кейин булар қочишган Ангрен тоғи орқали Тошкентга. Булар рози бўлмаганлар тоифасидан эди. Булар норози бўлиб чиқиб кетишган. Хуллас мен билмайман нимадан, лекин мен ҳаëтни тагидан кўрганман. Ўша колхоз тузуми даври, пахта фожеалари, бошқа фожеалар, умуман очарчилик даврини, ҳаммасини бошдан-оëқ ўз танамда синаб кўрганман. Ўшаларнинг ҳаммаси бу тузум нега бунақа, ҳаëтимиз нега бунақа деган саволга, балки, партиядан бир жавоб топарман, деган мақсадда партияга кирганман. Лекин партиянинг тарихини ўрганиб ҳам ундан ҳеч қанақа ижобий нарса топганим йўқ, жавоб ҳам чиққани йўқ.

“Боқиманда эмасдик. Боққан эдик”

Ўзбекнинг таниқли “етмишбой”лари тақдири мисолида Журъат Анатомиясини ўрганаяпмиз.

Ўзбекнинг таниқли “етмишбой” мухолифатчи ва диссидентларидан уларнинг бутун тақдирини белгилаб берган журъатига нима туртки бўлганини сўраяпмиз.
Навбатдаги “етмишбой”имиз “етмишбой”ларнинг энг кичиги 70 ёшли педагог олим Абдулла Абдуқодир ўғли. Бу қаҳрамонимиз ҳам диссидент. У ҳам сиёсий қочқин. Норвегия берган бошпанада яшайди.

Абдулла акадан ҳам сўрадик диссидентлигининг энг ёрқин сабабларидан бирини.

Абдулла Абдуқодир ўғли: 1989 йил бўлса керак, Ўзбекистонга Горбачев келди. Тошкентнинг энг яқинидаги колхоз бизнинг уйга яқин жойда. Ўша колхозчилар уйига олиб бормоқчи бўлишди Горбачевни. Унинг учун бир қанча ҳашаматли уйларга оддий колхозчиларни киритиб, қўрасига колхознинг катта-катта зотли молларидан 8-10 тани боғлаб қўйиб, 20-30та бўрдоқи қўйлардан боғлаб қўйиб, ўша ерда Горбчевни чақириб, “Мана бир оддий колхозчининг яшаш тарзи мана бундай” деб кўрсатиб, ўша ерда ош едиришди. Горбчев ошни еб бўлгандан кейин телевидение орқали чиқиб, “Мен қойил қолдим яшаш тарзингларга. Энг камбағал оддий колхозчининг яшаш шароитларига мен шу даража ҳайрон қолдимки, очиғи мен жуда фахрландим. Жуда хурсанд бўлдим. Лекин мана шу хурсандчилигим билан бир қаторда битта андишани айтиб ўтмасам бўлмайди. Мен раҳбар сифатида Совет иттифоқининг ҳамма жойларини айланиб чиқдим. Бирорта жойда оддий колхозчида бундай шароит, бундай фаровон ҳаëтни кўрмадим. Лекин ана шу ҳаëтга сизлар лойиқсизлар қачонки қарз бўлмасдан ўзинглар топиб, ўзингларнинг пулингларга мана шундай ҳаëт қура олсанглар. Айтиб ўтишим жоизки, Ўзбекистон ҳар йили давлатга 7 миллиард сўмлик маҳсулот беради. Давлатдан эса ҳар йили 11 миллиард сўмлик маҳсулот олади. Ҳар йили 4 миллиард кечиб юбориладиган қарз, дотация дейилади, ана шу қарз ҳисобига узоқ йиллардан бери Ўзбекистон яшаб келаяпти” деган гапни айтди. Ана шундан кейин мен туни билан уйқум қочди. Эртасига бир рус шарҳловчиси, профессор, номи эсимда йўқ, сиëсий шарҳловчи ва иқтисодчи, “Ўзбеклар бировнинг нонига шерик” дган сарлавҳа остида телевидениеда катта чиқиш қилди. Бир соат гапирди. “Биз иттифоқни шунчалик кемириб еб ëтибмиз. Иттифоққа бераëтганимиз йўқ, олаяпмиз” деган гапларни жуда кўп гапирди. Менинг уйқум қочиб кетди. Сиëсатдан ачна узоқ юрардим мен. Шунда сарлавҳа қўйдим “Бировнинг нонига шерик эмишмиз” деб. Менда адабиëт, бошқалар бор, кутубхонам бор кичкина. Шундан ҳамма маълумотларни олиб, “Агар биз пахтамизнинг ўзини дунë бозори нархларида сотсак, 20 миллиард бўлади. Пилламиз бунча бўлади, олтинимиз бунча бўлади” деб 40 миллиард чиқардим. Уларнинг бизга берадигани 11 миллиардни бозор нархида сотса, 6 миллиардга ҳам айланмайдиган пул чиқардим. Бизга қимматга сотади техникасиниям, бошқасиниям. Дунë бозорига қўйса, арзон ўша нарсалар. Ана шу томонини наҳотки Горбачев тушунмайди? Шу нарсаларни ëзиб, қоғозни қўлтиқлаб, телевидениега бориб, у ерда “Менга ўша одамни топиб берасизлар. Дебат қилайлик” деб тўполон қилидм. Уни топиб беришмади. Кейин ўша ерда тўполон бўлди, милиция чақиришди. Тўполон қилганимдан кейин милицияга олиб кириб кетишди. Кейин майорнинг олдига қўйдим қоғозларни. “Ўқинг” дедим. “Вой вўй шунақа эканми домла. Майли бизни сизни секин чиқариб юборамизку. Бу гапнинг бир қисмини биз ҳам биламиз. Лекин айтмаймизда. Айтолмаймизда” деган гапни айтди.

Озодлик: Демак, сизнинг ижтимоий-сиëсий фаоллигингиз шу тариқа бошланган. Ўша пайтда сиз нима иш қилаëтган эдингиз?

Абдулла Абдуқодир ўғли: Мен Низомий номидаги педагогика институтида домла эдим.

Тақдирингиздан розимисиз?

Ўзбекнинг таниқли диссидент “етмишбой”лари: 76 га кирган Алибой Йўляхшиев, 74 га кирган Толиб Ёқубов, 73 га кирган Ёдгор Обид, 70 га кирган Абдулла Абдуқодир ўғли илтимосимизга жавобан кўпчиликда учрамайдиган журъатларига туртки бўлган энг ёрқин воқеалардан биттаданини айтиб берди.

Қаҳрамонларимиз шу кунда Ўзбекистонда, салқин чойхоналарда кўк чойни ўгириб, ўз тенгдошлари билан гурунглашиб ўтирадиган ёшда. Лекин улар
Ватандан узоқда.

Ватандан узоқда ўтаётган умрларига ачинмайдилармии улар? Балки Журъатнинг кераги йўқ эди? Балки эл қатори яшаш керакмиди?

“Етмишбой”ларнинг бу саволларга жавобига ҳам қизиқдик.

Алибой Йўляхшиевнинг жавоби:

- Одамзоднинг ҳаëти жуда чалкаш. Афсусланмаган ҳолатлар бўлмаслиги мумкин эмас. Режимга, ҳукумага мухолифатда бўлишимдан афсусланадиган ерим бўлган эмас. Лекин ҳаëтда ҳар хил турли камчиликлар бўлган, бошқа бўлган. Улардан афсусланган жойим бор албатта. Мен дунë демократиясини яхши тушунмаган бўлганман Ўзбекистондан чиқишимда. Агар мен бугунгидай дунëни тушунганимда эди Ўзбекистондан чиққан вақтимда, мен Ўзбекистоннинг турмасида қолишга рози эдим. Мамлакатдан чиқмас эдим. Агар мени ҳукумат қонунлари жиноятчи деб ҳисобласа, турмада ëтса унга рози эдим. Дунëдаги система иккиюзламачи система эканлигини билганимда, мамлакатдан бир қадам ҳам чиқмаган бўлардим. Агар демократияси Бушни икки марта сайлаш бўладиган бўлса, мен Ўзбекистонни ташлаб кетмас эдим. Одамзоднинг ажали қаерда бўлса бир марта бўлади, бир марта ўласиз.

Толиб Ёқубов жавоби:

- Йўқ, менда мутлақо унақа фикр йўқ. Мен ҳаëтимни жуда мазмунли ўтказдим деб ҳисоблайман. Ўтказаяпман ҳам ҳозир. Ҳеч қанақа афсусланиш йўқ. Тўғри мана куëвим саккизинчи йил Жаслиқда ўтирибди. Фақат мен учун ўтирибди. Ўзининг ҳеч қанақа айби йўқ эди. Мен уни тўлиқ исбот қилганман. Лекин нима қиламиз энди? Бошга шунақа нималар тушди. Мен кеча қизимга ҳам айтдим. “Фақат мен туфайли сенинг эринг у ëқда ëтибди. Буни сен тушунасан” десам, “Тушунаман дада. Ҳеч бунга хафа бўлманг. Куëвингиз хафа эмас. Ҳар борганимда “дадамга айтинг, кўнгилларига олмасинлар деб айтади” дегандан кейин кўнглим бироз кўтарилади яна.

Ёдгор Обиднинг жавоби:

- Бу масалада мен ҳеч қачон ҳаëтимдан афсус қилганим йўқ. Чунки мен умр бўйи нормал, оддий инсон бўлиш учун ҳаракат қилганман. Лекин жуда қийин бўлди. Ўзим айтган мақсадларимга албатта озми кўпми эришдим. Лекин чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлишим, 13 марта қамоқларда ëтишим, бошқа азоблар, буларнинг ҳаммаси, йўқ, мен булардан афсусланмайман. Ўзимни ҳақ деб биламан. Мен бировга душманлик қилганим йўқ. Менга душманлик қилишди. Ўзимга ишончим қаттиқ. Шунинг учун афсус деган нарса йўқ.

Абдулла Абдуқодир ўғли ҳам саволимизга жавоб берар экан, узун умри йўлидаги бекатлардан бирида Журъат отига минганидан афсусланмаслигини қатъий ишонч билан эътироф этар экан, деди:

- Қиламан деган, ëзаман деган ишларим жуда кўп. Менга масалан зерикиш деган тушунча ëшлигимдан бегона бўлган. Ҳалигача бегона. Битта хонага қамаб қўйинг, бир йил очманг, мен “зерикдим” деб нола қилмасам керак. У-бу нарса ëзсам, ўқисам, мутоала деган нарсалар менда зерикишга ҳеч қачон имкон бермаган, бермаса ҳам керак бундан буëғига.

Бошқа “етмишбой”лар

Эшиттиришимизга таклиф қилганимиз 4 “етмишбой”дан ташқари яна бир қатор журъатли “етмишбой”лар борки, уларнинг бир қисми ҳорижда, бир қисми Ўзбекистонда.

Ўзбекистондагиларининг бир қисми қамоқда.

Уларни номма-ном санайлик, дедигу - биронтасини унутиб қолдиришдан чўчидик.

Ҳа, айтганча, яна бир “Етмишбой” тўғрисида, Ўзбекистоннинг энг катта “Етмишбой”и тўғрисида гапирмабмиз. Бугун суҳбатлашганимиз ва тилга олмаганимиз бошқа “етмишбой”лар тақдиридаги бурилишларни, аслида, ўша энг катта “етмишбой”нинг сиёсати ясагани ҳеч кимга сир эмас.

Қонун нима дейди?

Эшиттиришимиз бошида бошқа бир “Етмишбой” – қашқадарёлик Ҳасан Чориевнинг ҳибсга олинганини эслагандик.

Агар бир мўъжиза юз бермаса, мухолифатчининг отаси, ўзи ҳам “тилини тийишни” билмаган бу чол қамалиб кетиши, қамоқларда сақланаётган бошқа “етмишбой”лар сафига қўшилиши мумкин.

(Улардан бири – 73 га кирган ёзувчи Мамадали Маҳмудов 14 йиллик қамоқ жазосини ўтаб, шу йил апрелда озодликка чиқди)

Ёши улуғларга ҳурмати зўрлиги тўғрисида мақтанишни яхши кўрадиган ўзбекнинг қонунларида оқсоқолларга имтиёз йўқми?

Бу саволни таниқли адвокат Руҳиддин Комиловга бердик.

Руҳиддин Комилов: Йўқ, йўқ, жиноят кодекси ëшига қарамайди. Пасти бор, юқориси йўқ.

Озодлик: 90га кирган бўлса ҳам қамайверадими?

Руҳиддин Комилов: Ҳуқуқий лаëқати бўлса бўлди, тамом. Вояга етган бўлса, ҳуқуқий лаëқати бўлса, бас. Юқорига қараб кетаверади. 150 ëш бўлса ҳам жавобгарликка тортаверади.

Озодлик: Айни пайтда амнистия эълон қилинар экан, Ўзбекистонда ëши назарга олинади-а? Ëши катта бўлиб қолибди, 65 га кириб қолибди деган.

Руҳиддин Комилов: Гоҳида 60 ëшдан ошган шахсларга нисбатан амнистия қўллаш масаласи кўрилади. Шунинг учун ҳам менимча кўпларда англашмовчилик бор. 60 дан ошганларни жавобгарликка тортиб бўлмайди, деб ўйлайди-да. Бу амнистия. Бу қонун эмас. Шунинг учун адашиш керак эмас. Амнистия билан қонунни солиштиришимиз керак эмас бир-бирига. Бу алоҳида акт, алоҳида ҳужжат бу. Бир марта чиқариладиган нарса. Қонун доимо ишлайдиган нарса.

Италияда қарияларни турмага тиқмайдилар

Ва ниҳоят, бугунги эшиттиришимиз бошида тилга олганимиз чет эллик “етмишбой” – Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлусконига қайтамиз.
Кейинги пайтларда бу киши билан боғлиқ ўтган суд ишларидан хабарингиз бўлса керак. Ўзи устидан чиқарилган суд ҳукмларидан шикоят аризаларини

Берлускони юқори инстанция судларига топширган.

Иши қандай натижа билан тугамасин, собиқ бош вазирни Италияда турмада сақлай олмайдилар. Чунки бу мамлакат қонунларига биноан ёши 70 дан ошган фуқароларни фақат уй қамоғигагина ҳукм қилиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG