Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:10

Қибрайликлар уйлари бузилмаслигига эришди


Ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун ўта кам миқдорда товон пули берилаётгани, шунда ҳам кўп ҳолатларда товон пулини ололмаётганидан шикоят қилиб келишади.
Ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун ўта кам миқдорда товон пули берилаётгани, шунда ҳам кўп ҳолатларда товон пулини ололмаётганидан шикоят қилиб келишади.

Тошкент вилояти Қибрай туманида бузлиши режалатирилган аҳоли уйлари, президентнинг қизи Гулнора Каримова ва бош вазир Шавкат Мирзиёев аралашуви билан бузилмайдиган бўлди. Ўтган ҳафта Тошкент вилояти ҳокими Аҳмад Усмонов маҳаллий аҳоли билан учрашиб, Қибрай туманини Чирчиқ билан боғловчи йўл бўйидаги уйлар бузилиши тўғрисида эълон қилган эди. Шундан кейин маҳаллий аҳолидан бир неча фаол Гулнора Каримовага мурожаат қилган ва бош вазир аҳоли билан учрашгани икки марта туманга борган. Натижада уйлар бузилиши уч йилга қолдирилгани айтилмоқда.



Тошкент вилояти Қибрай туманидан Чирчиқ шаҳрига кетаверишдаги йўл бўйидаги уйлар бузилаётгани ҳақида Озодликка туманнинг Марказий кўчасида истиқомат қилувчи муштарийлардан бири хабар етказди.

Чоршанба куни келган хатда ёзилишича, Тошкент вилоятига яқинда ҳоким этиб тайинланган Аҳмад Усмонов 29 июн куни Марказий кўчаси аҳолиси билан учрашиб, яқин кунлар ичида уйлари бузилишини эълон қилган.

"Ҳокимнинг режаларига эътироз билдирганларга Усмонов дўқ урган", дея ёзди Озодлик муштарийси.

Aloqada.com нашри чорашанба куни уйлари бузилаётган қибрайликлар Twitter тармоғи орқали Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримовага мурожаат қилишганини ёзди.

Гулнора Каримова 2 июл куни ўз Twitter саҳифасида “Сизга хабар бермоқчиман, ҳозир бу масалага Марказий аппарат аралашди ва бош вазир жойга бориб, бу беспределни (ноҳақликни-таҳр.) тўхтатиш учун маҳаллалар аҳолиси билан учрашади. Жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ҳам боради. Барча муаммолар бўйича саволларни бериб, жавобларни жойида олинг”, дея ёзди қибрайлик фаолларга.




Озодлик мухбири Қибрай тумани ҳокимиятига қўнғироқ қилиб, вазият тафсилотларни ўрганишга ҳаракат қилди. Телефон гўшагини кўтарган ва ўзини туман ҳокими ўринбосари деб таништирган расмий, бош вазир Шавкат Мирзиёев қибрайликлар билан учрашгани жорий ҳафтада икки марта келди, дея таъкидлади.

- (Бош вазир) икки марта келдилар. Учрашув қайси куни бўлганини аниқ айта олмайман. Икки-уч кун бўлиб қолди.

Озодлик: Уйлар бузилмайдиган бўлдими, энди?

- Йўқ, йўл кенгаймайдиган бўлди.

Озодлик: Маҳаллий аҳолининг эътирози ҳам эътиборга олинибиди-да?

- Йўқ, аҳоли эътирозининг бунга алоқаси йўқ. Аҳоли бузилишга рози эди. Шунчаки, йўл кенгаймайдиган бўлди. Йўл ўзи тор экан, охирига бориб тиқилиб қолар экан, шунга кенгаймадиган бўлди,- деди Қибрай тумани ҳокимияти расмийси.

Суҳбатдошимиз бош вазирнинг Қибрайга бориб, аҳоли билан учрашишига ва вазиятни аҳоли фойдасига ҳал қилишига Гулнора Каримова аралашуви ҳисса қўшдими, деган саволимизга жавоб бермади.

Озодликка келган хабарга кўра, Тошкент вилояти ҳокими Аҳмад Усмонов уйлар бузилишини эълон қилганидан кейин, расмий огоҳлантиришсиз, бир-иккита уй бузила бошлаган ҳам.

Бу хабарни қибрайлик Ғафуржон ака ҳам тасдиқлади.

- Янги ҳоким келиб, ҳали режа тасдиқламасдан туриб, уйларни буза бошлаган. Йўл четидаги бир-иккита дўконларнинг томларини очишни бошлашган. Ҳукумат кўзига тушдими, бузишади, деб ўйлаган одамлар. Лекин одамлар ҳозир хурсанд, бузилишни уч йилга қолдирибди,- дейди қибрайлик Ғафуржон ака.

Бироқ туман ҳокимияти расмийси уйлар бузилганига оид иддаоларни мутлақ инкор қилди.

- Уйлар бузилгани йўқ. Ўша ердаги дўконларни қайтадан қуриш тўғрисида бошидан айтилган эди. Кичкина дўконлар борку, ўшаларни чиройли қилиб қуриш кераклиги айтилган эди,- дейди ҳокимият расмийси.

Ўзбекистонда шаҳар ва қишлоқларни “ободонлаштириш”га доир давлат дастури доирасида кейинги бир неча йил давомида бутун мамлакат бўйлаб аҳоли уйларини бузиш давом этмоқда.

Ўзбекистонликлар бузилган уйлари учун ўта кам миқдорда товон пули берилаётгани, шунда ҳам кўп ҳолатларда уни ололмаётганидан шикоят қилиб келишади.

Қибрай туманидаги каби, аҳоли уйлари бузилиши эълон қилиниб, кейин ҳукумат режасидан қайтганига оид ҳодиса илк бор учрамоқда.

Бунга аҳоли эътирози сабаб бўлдими ё президент қизи аралашувими, ҳозирча номаълум қилмоқда.
XS
SM
MD
LG