Линклар

Подмосковенинг Шчёлково туманида ишлаётган ўзбек муҳожирлари ҳамкасбларидан бири 15 яшар қизни зўрлаганликда ноҳақ айбланиб, терговга тортилганини Озодликка маълум қилди.

“Ўзбек муҳожири ёш қизни зўрлашга уринган”

18 июн куни тунги соат 2 ва 3 лар орасида Москва вилоятининг Шчёлковский тумани Свердловский қўрғонида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси шиша синиғи билан таҳдид қилиб, мактаб битирувчиси бўлган рус қизни зўрламоқчи бўлган.

Москва вилояти бўйича Россия Тергов қўмитаси бош бошқармаси матбуот марказида бу 15 ёшда бўлган қиз ўз йигити билан аразлашиб қолгани ва улар икки тарафга тарқалиб кетганида, унга ўзбекистонлик муҳожир ташлангани ҳақида хабар тарқатди.

- Ўзбекистон фуқароси 17 дан 18 июнга ўтар кечаси 15 ёшли вояга етмаган қизчани гараж ортига олиб кириб, зўрламоқчи бўлган. У ерда бутилка синиғи билан қўрқитиб, ечинтирмоқчи бўлганида бу қизнинг йигити унинг бақир-чақириғига келиб қолган. У қочиб кетаётган муҳожирни орқасидан қувиб бориб, муштлашув бошланганида, полиция ходимлари келиб қолган ва айбланувчини ушлаган, - дейди Озодлик сўровига ҳодиса юзасидан расмий тушунтириш берган бошқарманинг вакиласи Ирина Гумённая.

Гумённая айбланувчи шахс Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 131-моддаси 3-қисми юзасидан (вояга етмаган шахсни зўрлашга уриниш) жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Тергов қўмитаси бошқармаси расмийси айбланаётган ўзбекистонлик муҳожир ўз қилмишига иқрор бўлгани ва иқрорномага имзо қўйганини қўшимча қилди.


“Биз унинг айбсизлигига ишонамиз!”

Озодликнинг Москвадаги бюросига ўзини Бахтиёр деб таништирган ўзбек муҳожири мурожаат қилди. У Подмосковенинг Шчёлково тумани Свердловский қўрғонида бир ҳамкасби ноҳақ зўрлашга уринишда айбланаётганини гапириб берди.

“Айбланаётган Шерйигит ҳечам бундай жиноятга қўл урадиган йигит эмаслигини биламиз”, дея гап бошлади Бахтиёр.

- Бу йигит Свердловский гўштни қайта ишлаш комплексида ишлайди. Расман ишлайди, ҳужжатлари жойида, миграция рухсатномаси бор. Биз ёрдам сўраб чиққанимиз – икки йилдан бери биламан бу йигитни: ичиши мумкину, қизларга ёпишадиган характерини кўрмаганмиз.

Ўша куни кечаси чиққан ичишга, соат 2-3 оралиғида бўлаётган нарса. Ўша куни Свердловский посёлкасининг битирувчи қизлари вечери ҳам бўлган. Унда ҳам қизлар-йигитлар ичган бўлган. Бизда ўзи биттагина магазин бор, ўшани олдида жабрланган қиз ва унинг йигити ўртасида катта тортишув бўлган, қизни бу рус йигити урган яхшилаб. Бизда кечаси милиция айланиб юради. Бу ичиб ўтирган, қизни дабдаласини чиқариб бўлганидан кейин, Шерйигит борган ва “Ёрдам керакми?” деб сўраган. Буни Шернинг ўзи айтди. Қиз бақирган, қизнинг синфдошлари келиб, Шерйигитни яхшилаб дабдаласини чиқарган. Ўзи ишлайдиган фабрика тараф қочганида мелисалар ушлаб оляпти буни, - дейди воқеа тафсилотларини Шерйигитнинг ўзидан телефон орқали эшитганини гапирган Бахтиёр.

Бахтиёр булунғурлик Шерйигит полиция бўлимига олиб келингани ва калтакланиб, аллақандай ҳужжатларга имзо қўйганини ҳам айтди.

У ўз ҳамюрти учун адолат сўраб, Озодлик орқали Россия мутасаддиларига мурожаат қилаётганини гапирди.

- Бизлар Шерйигитдан сўрадик: ”Ҳақиқатан қилган бўлсанг, жазосини тортишинг керак. Қилмаган бўлсанг - биз керак бўлса, Ўзбекистондан ёрдам сўраймиз, элчихонага чиқамиз, кучли адвокат ёллаймиз”, дедик. Бу “Мен қилганим йўқ”, деяпти. Бизга номи ёмон бўлмаслиги учун шундай деётган бўлиши мумкин... Ҳеч бўлмаганда, адолат билан, қўшимча қилмаган жиноятлари билан кетиб қолмасин, деяпмиз. Ҳақиқатан қизни зўрлашга борган бўлса, мана шу ердаги 500 та ўзбекка ўрнак бўлсин. Шулар ҳам билсинки, мана битта нотўғри қадам одамнинг умрини 6-7 йилга бир жойга михлаб қўйиши мумкин, - деди Россияда меҳнат қилиб юрган Бахтиёр.

Москва вилояти бўйича тергов қўмитасида Шерйигит устидан олиб борилаётган тергов ярим йилга чўзилиши мумкинлигини билдиришди.

Озодлик зўрлашга уринишда гумонланаётган 22 ёшли бу муҳожир ишини кузатишни давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG