Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:54

Раҳмон танқид қилинаётган К+ ТВси тўлқинлари Тожикистонда тўсилмоқда


К+ телекомпанияси ўз тўлқинлари Тожикистон ҳукумати томонидан тўсиб қўйилаётгани ҳақида баёнот тарқатди. Телекомпанияга кўра, сунъий йўлдош орқали тарқатилаётган тўлқинлар Тожикистон ҳудудида кучли мосламалар ёрдамида бўғиляпти. Бунга Имомали Раҳмоннинг мухолифатчилар томонидан танқид қилинаётгани сабаб бўлмоқда.

К+ телекомпанияси тарқатган баёнотда айтилишича, айниқса тожик тилида берилаётган кўрсатувлар бораётган пайтда Тожикистон ҳудудида К+нинг сунъий йўлдош орқали тарқтаётган тўлқинлари мунтазам бўғилмоқда.

Интернетдаги respublika-kz.info сайти орқали ёйинланган К+ баёнотига кўра, тожик ҳукумати бу билан нафақат тожик тилидаги кўрсатувлар ва мухолифатчи Дадажон Атовуллоевнинг чиқишларига тўсқинлик қиляпти, балки Евросиё минтақасидаги бошқа ўнлаб телерадиоканаллар фаолиятига ҳам зарар келтирмоқда.

«Бизнинг фикримизча, Тожикистон республикаси ҳудудидан туриб бундай ҳаракатларни расмий ҳукуматнинг унсиз топшириғисиз бажариб бўлмайди. Бизнинг тахминимизча, сунъий йўлдош сигналларини бўғиш учун тожик ҳукумати “Телерадиоком” давлат телерадиооператори қувватини ишга солмоқда”, дейилади К+ тарқатган баёнотда.

К+ телеканали раҳбариятига кўра, бу ҳаракатлар информация ва коммуникация борасидаги халқаро келишувга зиддир.

Бироқ Тожикистон ҳукумати расмийси бу иддаоларни кескин рад этади. Тожикистон Телевидение ва радиоэшиттиришлар қўмитаси раиси ўринбосари Самад Ҳикматовнинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, Тожикистонда сунъий йўлдош орқали тарқатилаётган теледастурларни бўға оладиган техник имкониятлар йўқ.

Жаноб Ҳикматовнинг бу раддиясига қарамасдан, тожикистонликлар бугунги кунда ҳам К+телеканалининг тожик тилидаги кўрсатувларини кўра олмаётганликлари айтилади.

Тожикистонлик кузатувчиларга кўра, бундан уч йил олдин бўлиб ўтган Имомали Раҳмон ўғлининг никоҳ тўйининг кўрсатилиши, унда президентнинг рақсга тушиши ва бу тўйни мухолифатчи Дадажон Атовуллоев шарҳлаб бориши, тожик жамиятида қизғин муҳокамага сабаб бўлди.

Мухолифатчи Дадажон Атовуллоевнинг бу кўрсатувларда айтишича, тўй ва маъракаларни тартибга солиш ҳақида президент фармон қабул қилган бўлса ҳам, бироқ унинг ўзи жуда катта базм уюштирган ва бу тўйга 1,5 миллион АҚШ доллари сарфланган.

Шунингдек, Дадажон Атовуллоев К+ орқали чиқиш қилиб, президентлик сайлови олдидан Имомали Раҳмонни кескин танқид қилган ва тожикистонликларни унга овоз бермасликка даъват қилган эди.

Бугунги кунда Тожикистонда Youtube.com видеопорталига ҳам тўсиқ қўйилган.
XS
SM
MD
LG