Линклар

Ўзбекистон Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Есемурад Каньязов Тошкент Давлат юридик университетига ректор этиб тайинланди.

Бу ҳақда хабар қилган Ўзбекистон маҳаллий матбуотига кўра, Каньязов 2011 йилнинг июнидан буён Адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Роппа-роса бир йил аввал ушбу таълим даргоҳини 12 йил давомида бошқарган профессор Мирзаюсуф Рустамбоев олий ўқув юртларига навбатдаги имтиҳонлар бошланиши арафасида ректорлик лавозимидан бўшатилган эди.

Айрим нашрлар Рустамбоевнинг ишдан кетишига “институтда авж олган коррупцияга алоқадорлиги” сабаб бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Рустамбоев ўрнига тайинланган юридик фанлари доктори Омонулла Муҳаммаджонов олийгоҳни атиги бир йил бошқарди.

Юридик университетда коррупциянинг ниҳоятда авж олгани¸ институтга кириш учун Ўзбекистонда ўзига хос рекорд ўрнатиб келаëтган миқдорда пора бериш шартлиги айтиб келинади.

Хусусан¸ Тошкентдаги Эксперт ишчи гуруҳининг Ўзбекистон олий ўқув юртларига кириш учун тўланадиган пора нархига оид ўтказган мониторинг натижаларига кўра, ушбу таълим даргоҳи пора нархининг юқорилиги бўйича республикада биринчи ўринни эгаллайди.

Ўтган йилда Юридик институтга “кириш нархи”нинг 35 мингдан 40 минг АҚШ доллари атрофида экани айтилганди.

2010 йилда Юридик институт ректорининг биринчи ўринбосари, юридик фанлари доктори Даврон Аҳмедов имтиҳонлар пайти пора олаётганида махсус хизмат томонидан ушланган эди.

Тошкент Давлат юридик институти яқинда университетга айлантирилди.
XS
SM
MD
LG