Линклар

Ҳокимиятдан четлатилган Миср президенти Муҳаммад Мурсийнинг минглаб тарафдори якшанба куни Қоҳиранинг Наср-сити мавзеидаги масжид олдига йиғилди. Улар Мурсийнинг давлат раҳбари лавозимига қайтарилиши талаб қилдилар.

Миср муваққат президенти Адли Мансурнинг матбуот котиби ҳарбийлар томонидан дастакланаётган муваққат ҳукуматга адвокат Зиёд Баҳоуддин раҳбар этиб тайинланиши мумкинлигини билдирди.

Матбуот котиби Аҳмад Мусалламанийга кўра, либерал сиёсатчи, Халқаро атом энергияси бўйича агентликнинг собиқ раҳбари Муҳаммад ал Барадей президент ўринбосари этиб тайинланиши мумкин.

Аввалроқ Муҳаммад ал Барадей бош вазир этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлганди. Бироқ, айтилишича, бунга салафийларнинг “Нур” партияси қатъий қаршилик кўрсатган.

Ғарбда бизнес-адвокатлик иш тажрибасига эга бўлган 48 ёшли Зиёд Баҳоуддин, маълумотларга кўра, ҳали бош вазирликка оид таклиф бўйича ўз қарорини билдирмаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган чоршанба Миср президенти Муҳаммад Мурсий ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатиб қўйилганди. Давлатнинг вақтинча раҳбари этиб Миср Конституциявий суди раиси Адли Мансур тайинланган.
XS
SM
MD
LG