Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:39

Сноуден янги маълумотларни очиқлади


Эдвард Сноуден АҚШ махфий дастурларига оид маълумотларни фош қилишни давом эттирмоқда.
Эдвард Сноуден АҚШ махфий дастурларига оид маълумотларни фош қилишни давом эттирмоқда.

Германия хавфсизлик хизмати АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг электрон айғоқчилигига алоқаси борлиги иддао қилинмоқда . Икки ҳафтадан буён Москванинг “Шереметьево” транзит ҳудудида қолаётган АҚШ Марказий разведка хизматининг собиқ ходими Эдвард Сноуден янги маълумотларни тарқата бошлади.




АҚШ томонидан қидирувга берилган ва аллақачон халқаро сиёсий жанжал сабабчиси бўлишга улгурган Эдвард Сноуден Германиянинг “Шпигел” журналига берган интервюсида немис махфий хизматлари ўз фуқаролари ортидан кузатув ўрнатиш учун АҚШнинг айғоқчилик амалиётларида бевосита ҳамкорлик қилганини иддао қилди.

АҚШ ҳукуматидан қочиб юрган Сноуденнинг иддао қилишича, Германия хавфсизлик хизмати Американинг Миллий хавфсизлик агентлигининг телефон мулоқотларни эшитиш ва интернет-хабарларни ноқонуний кузатиш ҳаракатларида кўмаклашган.

Сноуден очиқлаган маълумотлар Германия мухолифатидаги социал-демократлар партияси вакили Зигмар Габриэлнинг немис махфий хизмат ходимлари америкаликларнинг ноқонуний фаолияти тўғрисида хабардор бўлган бўлиши мумкин, дея берган баёнотидан кейин пайдо бўлгани унга жамоатчилик эътиборини кучайтирди.

Москва аэропортида қочқинлик мақомини сўраб турли мамлакатларга мурожаат қилиб ётган Эдвард Сноуден АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлигида махсус ташқи ишлар бўлинмаси мавжуд бўлиб, бу тузилма иттифоқчи давлатлар хавфсизлик хизматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келишини очиқлади.

Айни пайтда, Германия Конституциясини ҳимоя қилиш идораси раҳбари Ханс-Георг Маасен бир неча кун олдин немис хавфсизлик идораси ходимлари АҚШнинг электрон айғоқчилиги борасида бехабар бўлганини таъкидлаган эди.

Транзит ҳудудида яшириниб юрган Эдвард Сноуденга ҳозирча Венесуэла ва Никарагуа сиёсий бошпана беришга розилик бергани маълум бўлди.

Илгарироқ WikiLeaks портали Сноуден олтита мамлакатга сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилгани ҳақида хабар берди.

Шу билан бирга, 4 июл – АҚШ Мустақиллиги куни – Американинг ўнлаб шаҳарида “4 ўзгартишни тиклаймиз!” шиори остида оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Намойишчилар Конгрессдан Patriot қонунини қайта кўриб чиқиш ва 2001 йилнинг 11 сентябрида жорий қилинган қоидаларни бекор қилишни талаб қилмоқда. Бу қонун Америка махфий хизматларига деярли барча электрон алоқа воситаларини назорат қилиш ҳуқуқини берган.

Июн ойи бошида Эдвард Сноуден АҚШ махсус хизматлари электрон таъқиб дастурлари ҳақидаги махфий маълумотларни ошкор қилганди. Вашингтон унга нисбатан миллий хавфсизликка таҳдид солганликка оид айбловлар қўйган.
XS
SM
MD
LG