Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:31

Ўзбекистонда Рамазон ойи 10 июлдан бошланади


Тошкентнинг Камолон масжидида 8 июл куни тушдан кейин пайдо бўлган эълон. Сурат WhatsApp (+420724971539) орқали йўлланди.
Тошкентнинг Камолон масжидида 8 июл куни тушдан кейин пайдо бўлган эълон. Сурат WhatsApp (+420724971539) орқали йўлланди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан олинган маълумотга кўра, 8 июл куни тушдан кейин Рамазон ойининг бошланиш санаси 10 июлга тўғри келиши аниқланган ва бу маълумот мамлакат мусулмонларига етказилган. Бунга қадар Ўзбекистонда Рамазон ойи рўзасининг бошланиш санаси 9 июлга белгиланган тақвим эълон қилинган эди.


9 июлдан таровеҳ намозлари бошланади

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур 8 июл куни тушдан кейин Ўзбекистонда бу йилги Рамазон ойи 10 июлдан бошланиши тўғрисида қарор олинганини маълум қилди.

- Аввало, Оллоҳ таоллоҳнинг муборак Рамазон ойига етказганига шукрлар қиламиз! Ўзбекистонда Астрономия институти, марказлар билан келишиб туриб ва ўзимизнинг диний тақвимларимиз асосида мана бугун ҳал бўлди, бир тўхтамга келдик - 10 июл Рамазоннинг биринчи куни бўлади. 9 июл оқшомидан, иншаоллоҳ, таровеҳ намозларини бошлаймиз, деди шайх Абдулазиз Мансур.

Бунга қадар Ўзбекистонда Рамазон ойи тақвими эълон қилинган ва унда рўзанинг биринчи куни сифатида 9 июл белгиланган эди.

- Ҳа шунақа тақвим эълон қилинган эди. Мана ҳозир икки соат бўлди, аниқ бўлди. Рамазон санаси алмашгани ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Масжидлар бўлимидан ҳамма масжидларга қўнғироқ қилиниб, маълум қилинди, деди шайх Абдулазиз Мансур.


Ўзбекистонга қўшни давлатларда Рамазон 9 июлдан

Ўзбекистонга қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистонда ҳам бу йилги Рамазон ойи 9 июлдан бошланади.

- Бугун кечаси саҳараликка турилади, иншаоллоҳ. Эртага (9 июл куни - Таҳр.) оғзимиз ёпиқ бўлади, деди, жумладан, қозоғистонлик диндор журналистлардан бири.

Шайх Абдулазиз Мансур Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг бир минтақада жойлашган қўшни давлатлардан фарқли олган қарорини изоҳлар экан, бу ҳол дунёнинг аксар мусулмон давлатларида учрашини таъкидлади.

- Ҳар йили мусулмон мамлакатларида Рамазон ойининг бошланиши бир хил бўлмайди. Чунки, пайғамбаримиз с.а.в. айтганларки: "Янги ойни кўриб, рўза тутишни бошланглар ва кейинги янги ойни кўргандан кейин Ҳайит қилишни бошланглар", деганлар. Шу ҳадисдан келиб чиқиб, ҳар бир мамлакат ўз иқлимига қараб туриб, Ҳилолни кузатганда, янги ой бир кўриниб, кейин ботиб кетади. Лекин Ҳилол ҳамма мамлакатларда бир хил кўринавермайди. Агар янги ой кўринмаса, Шаъбон ойига бир кун қўшиб, 30 кун қилиб, кейинги кундан бошлаб, рўза тутинглар, дейилган. Шу ҳадис асосида иш тутилгани учун, мана араб мамлакатларида ҳам, баъзи давлатларда 9 июл, баъзиларида эса 10 июлдан қилиб белгиланди, дейди шайх Абдулазиз Мансур.

У киши билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:51 0:00
Бевосита линк

Бу йил ҳам мусулмон давлатларининг баъзиларида Рамазон ойи 9 июлдан, баъзиларида эса 10 июлдан бошланиши эълон қилинди.

Рамазон ойининг бошланиши ва шунга мос равишда Рамазон ҳайитининг фарқли саналарда нишонланиши ҳар йили баҳсу мунозараларга сабаб бўлиб келади.

Мана бу линкда бу мавзудаги махсус мақола билан танишишингиз мумкин.


Иссиқ кунларда тутилган рўза

Бу йил ҳам Рамазон ойи ўтган йилдаги каби ёзнинг иссиқ кунларига тўғри келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон иқлимида ёз кунлари узун ва иссиқ, тунлари эса қисқа ва дим бўлиши кузатилади.

Ҳозир мамлакатнинг турли минтақалари бўйлаб ҳаво ҳарорати 40-45 даражадан, 30-35 даражага қадар кузатилмоқда.

- Мана бугун 34 даража бўлади, дейилган. Лекин камида 38-40 бордир. Лекин мен яшаб турган район ҳар ҳолда салқин, баҳаво. Аммо иссиқ жойларда рўза тутиш қийин бўлди ўтган йили ҳам, дейди қибрайлик 64 яшар тингловчи Ғофур ака.

У киши билан суҳбат чоғида қизиқ бир гапни эшитиб қолдик.


Иссиқдан толиққан рўзадорга бир коса сув?!

Қибрайлик Ғофуржон ака ўтган йили диний маросимлардан бирида эшитган гапини хотирлади.

- Тошкентдаги амри-маъруфлардан бирида расмий домладан эшитдимки, ўтган йили ўта иссиқ бўлиб кетганда Мадиналарда бир коса сув ичишга рухсат берилган экан. Ҳаво ҳарорати 60 даражадан ошиб кетганда. Шунақа гап секин айтилдида. Иссиқда рўза тутиш ниҳоятда оғир. Аммо мен бир кун ҳам қолдирмай тутдим ўтган йили Худога шукр, дейди қибрайлик кекса тингловчи.

Шариат қоидаларида мутлақо зид бўлган гапни қайси домла айтгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Аммо бу ўринда муҳими, шу гапнинг пайдо бўлганидир. Шу боис, бошқа диндорларга ҳам микрофон тутдик.


Тоқати етмай қолаётганга бир қултум сув?!

Тошкентлик диндорлар билан суҳбатлардан маълум бўлдики, Рамазон ойи ёзнинг чилласига тўғри келган ўтган йили Ўзбекистонда рўзадорларга оз миқдорда сув ичишга рухсат берилгани ҳақида ҳам овозалар тарқалган.

Жумладан, тошкентлик Мўътабар Аҳмедова уч қултум сув ҳақида эшитгани овозани хотирлади.

- Мен ўзим аёллардан эшитдим. Жудда иссиқ бўлиб кетганда, бир қултум, икки қултум, уч қултум сув ичишга рухсат бўлибди экан, деган гапни. Мутлақо мумкин эмаску! Шу гап тарқалди ўтган йили, менимча, бунга эргашлар ҳам бўлди, дейди Мўътабар Аҳмедова.

Бу овозалар ортидан Ўзбекистондаги айрим масжидларга сим қоқдик.

Тошкент, Фарғона ва Бухородаги бир неча масжидда телефон гўшагини кўтарган диний ходимлар бундай овозаларга аҳамият бермасликка чақирдилар.

- Бунақа гапларга парво қилмангда энди?! Рўза тутган одамга бир қултум сув ҳам мумкин эмас, синглим. Бизда имомлардан ёки домуллолардан бунақа гап чиқиши мумкин эмас. У гапирган иймони сустларга эмас, имомларга қулоқ солингда сиз, дея, ҳатто, бироз ранжиди Бухородаги масжидлардан бирининг ходими.


Суданликларга рўзасини очиш ҳақида фатво?!

Озодликка боғланиб, диний мавзуларда фикр-муносабатларини билдириб келган ўзганлик диндор Ҳикматуллоҳ қори эса яна бир овозадан гап очди.

- Яъни, ўтган йили ҳарорат 60 даражадан ошиб кетган экватор чизиғига яқин мамлакатларда, эслашимча, Суданда камбағал, иссиқда паноҳи йўқ одамларга рўзасини очишга фатво берилди, деб мен ҳам эшитдим. Аммо қулоқдан қулоққа кўчган гап бу. Бу фатвони ким берган, ўзи умуман бунақа гап бўлганми, бу менга маълуммас. Лекин биласиз, халқ орасида шунақа гаплар тарқалиб туради, деди Ҳикматуллоҳ ака.

Айни пайтда у киши бунақа гаплар қулоққа чалинар экан, албатта, маҳаллий уламолардан сўраб, уларнинг маслаҳати билан иш тутиш зарурлигини таъкидлади.


Рўзангизни очманг, имтиёздан фойдаланинг!

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур халқ оғзида юрган "имтиёзлар" ҳақидаги овозаларни эшитганини айтди.

- Ўтган йили Мадинада ярим литр, бир литр сув ичишга рухсат берилибди экан, деган гапни мен ҳам эшитиб, роса кулган эдим. Буни кимдир ҳазиллашиб гапирган. Агар тутолмаса, бутунлай тутмаслиги керак ўша куни. Ёки Қуръонда белгиланган тоифаларга кирса, ўрнига фидясини бериб, тутмаслиги керак. Минг кунлар узун бўлиб, иссиқ бўлиб кетса ҳам бир қултум, бир томчи сув ичса, рўзаси очилади, деди шайх Абдулазиз Мансур.

Қуйида у киши билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:16 0:00
Бевосита линк



Рўзадорларга тавсиялар

Ўзганлик имом Ҳикматуллоҳ қори ёзнинг иссиқ чилласида рўза тутмоқчи бўлган мусулмонларга баъзи тавсияларни эслатди.

- Имкони бўлса, мусулмонлар таътилларини Рамазон кунларига мосласалар анча енгиллик бўлар эди. Бундан ташқари, пайғамбаримиз с.а.в.дан қолган баъзи суннат амаллар ҳам бор. Муҳими, Қуръонда ўзингизни салқинлатинг, мазмунида оятлар бор. Аммо асло ва асло сув ичинг ёки рўзангизни очинг, деган гап йўқ. Мусулмонларимиз сабрли, тоқатли бўлишлари ва иссиқда келсин, совуқда келсин, тоқати етса, рўзани тутишлари керак, дейди ўзганлик Ҳикматуллоҳ қори.

Қуйида у киши билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:48 0:00
Бевосита линк

Дунёнинг аксар мусулмон давлатларида Рамазон ойи муносабати билан мусулмон фуқароларга енгилликлар берилиши кузатилади.

Мана бу линкда бу ҳақда қўшимча маълумотлар билан танишишингиз мумкин.


Ўзбекистонда бу йилги фидя 6 минг сўм

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансурга кўра, Қуръонда белгиланган тоифадаги мусулмонлар рўзани тутиб, кейин сабри етмай очиб юборганидан кўра, ўз ҳақларидан фойдаланиши лозим.

- Соғлиги кўтармайдиган, ёш болалари бўлган, ёши катта бўлганлар, узрли бўлганлар рўзани Рамазон ойида тутолмасалар, йилнинг бошқа пайтида тутиб беришлари мумкин. Агар узрлилар унда ҳам тутолмасалар, фидя беришлари мумкин. Бу жарима, дегани бўлади ва бу йил Ўзбекистонда фидя 6 минг сўм қилиб белгиланди. Аммо тоқати етганлар рўза тутишлари фарз, деди шайх Абдулазиз Мансур.

Қуйида у киши билан суҳбатни тўлиқ тинглашингиз мумкин.


Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:55 0:00
Бевосита линк


Аслида ёзда рўза тутиш осонроқ

Шарқона, ноанаъанавий даволаш услуби билан танилган олима Ойдин Солиҳ мусулмонларга ёзда рўза тутиш осонроқ, деб ҳисоблайди.

Асли ўзбекистонлик, ҳозир эса муҳожиратда яшаётган биолог олим Ойдин Солиҳ кун қанчалик иссиқ бўлса, танадаги қон ҳам шунчалик иссиқ бўлади ва иссиқ қон танада йиғилиб қолган метаболик тиқинларни шунчалик тез эритиши билан фойдали, деган фикрни илгари суради.

- Фақатгина, бундай биологик жараён бораётган паллада танада ҳарорат ошгани боис одам ўзини бироз лоҳас ҳис қилиши мумкин. Бироқ бу қўрқинчли эмас. Муҳими, саҳарлик ва ифторликни тўғри қилиш керак. Саҳарликка кўп ва аралаш овқат еганларгина ҳушидан кетиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун тўғри саҳарлик қилиш керак, дейди биолог олима Ойдин Солиҳ.

Олима ўз сўзига далил сифатида пайғамбар с.а.в.нинг саҳарликда камтаом бўлгани ва таоми таркиби ҳам одмигина бўлгани ҳақида гап борган кўплаб ҳадисларни тилга олади.

Мана бу линкда олима берган тавсиялар билан тўлиқ танишишингиз мумкин.
XS
SM
MD
LG