Линклар


Россия президент “Газпром инвестхолдинг” бош директори Алишер Усмоновни “Ватан олдидаги хизматлари учун” IV даражали ордени билан тақдирлади. Усмоновнинг “металлургия саноати ривожига қўшган ҳиссаси ва кўп йиллик ҳалол меҳнати” эвазига шундай орденга сазовор бўлгани айтилмоқда.


Россиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, Россия президенти Владимир Путин 6 июл куни имзолаган фармонда Алишер Усмонов “давлат олдидаги катта хизматлари, жамоат ва хайрия ишларидаги фаоллиги учун” бу орденга сазовор бўлган.

“Меҳнат фаолиятида эришган ютуқлари ва кўп йиллик ҳалол меҳнати учун” 2004 йилда Алишер Усмоновга “Ҳурмат белгиси” ордени берилган эди.

2011 йилда Қозоғистон ҳукумати келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмоновни “Дўстлик” ордени билан Жанубий Осетия ҳукумати эса “Ҳурмат белгиси” ордени билан тақдирланган.

Forbes журнали эълон қилган россиялик миллиардерлар рўйхатида 2013 йилда яна 59 яшар Алишер Усмонов биринчи ўринни эгаллади.

The Sunday Times нашри жорий йил апрелида эълон қилган Буюк Британия ва Ирландиядаги энг бой шахслар рўйхатида ҳам россиялик тадбиркор Усмонов биринчи ўринни эгаллади. Ўтган йили у бу рўйхатда иккинчи ўринга қўйилган эди.

Нашр “Металлоинвест” металл-маъдан ширкати соҳиби, Англиядаги "Арсенал" футбол жамоаси акцияларининг 30 фоизига эга бўлган Усмонов бойлигини 20,3 миллиард АҚШ долларига тенг деб баҳолади.

Британиядаги The Independent нашрига кўра, Лондон шимолида Алишер Усмоновнинг 73 миллион долларлик саройи бор.

Алишер Усмонов юқори технология соҳаларига катта сармоялар ётқизган.

2009 йилда унга тегишли бўлган DST жамғармаси Facebook акциялари олди-соттиси ортидан қарийб бир ярим миллиард доллар фойда кўрган.

Айни пайтда, Алишер Усмонов Интернетдаги Mail.ru ва MegaFon уяли алоқа ширкатларининг акцияларига ҳам эга.

Яқинда Алишер Усмонов Apple ширкатининг 100 миллион долларлик акцияларини сотиб олди.

Бу қарорини изоҳлаган Усмонов¸ Apple асосчиси Стив Жобс вафот этганига қарамай, ширкатнинг порлоқ истиқболига ишонишини урғулаган эди.

1953 йилда Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида прокурор оиласида туғилган Алишер Усмонов 1976 йилда Москвадаги Халқаро муносабатлар давлат институтини тамомлаган.

Алишер Усмоновга “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени берилгани муносабати билан мазкур институт коллективи уни табриклади.

Владимир Путин фармонига кўра, Россиядаги бошқа йирик тадбиркорларлар ҳам “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Улар орасида “Интеррос” холдинги соҳиби Владимир Потанин ва “Реновы” ширкати асосчиси Виктор Вексельберг ҳам бор.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG