Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:28

Қирғизистонлик Сноуденга бошпана таклиф қилди


Эдвард Сноуден
Эдвард Сноуден

Қирғизистон АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ ходими Эдвард Сноуденга сиёсий бошпана бериши шарт. Қирғизистон Миллий ахборот агентлигида ўтган матбуот анжуманида “Финанс” ҳаракати раиси Чингиз Болотбеков мана шундай баёнот берди.

Чингиз Болотбековнинг айтишича, АҚШ махсус хизматларининг фуқароларни таъқиб ва назорат қилиш юзасидан ишлаб чиқилган сир сақланувчи дастурлари ҳақида бутун дунёни огоҳ қилган Сноуден Қирғизистондан бошпана топа олади.

-Эдвард Сноуден Боливияга бормоқчи, лекин Москвадан у ерга 9 минг километр. Ҳеч ким у ерга бора олмайди, хатто Сноуден ҳам. Шунинг учун унга Бишкекдан бошпана бериш керак. Негаки, АҚШ собиқ президентнинг ўғли Максим Бакиевга қарши жиноят иши очганида уни қўлга олиш ва қамаш имконияти пайдо бўлган эди. Аммо Қўшма Штатлар бу жиноят ишини ёпди ва Қирғизистонни Бакиевларни жазолаш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Сноуденга бошпана бериш орқали Қирғизистон АҚШга муносиб жавоб қайтарган бўлади,-деди Чингиз Болотбеков.

Аммо “Финанс” ҳаракати раҳбарининг Миллий ахборот агентлиги минбаридан туриб берган бундай баёноти кўпчиликда кулги уйғотди. холос. Бу баёнот журналистлар томонидан ҳам, фуқаролик жамияти томонидан ҳам жиддий қабул қилингани йўқ.

Бишкекда Сноуден масаласида матбуот анжумани ўтаётган бир пайтда асосан Россияга таалуқли бўлган оммавий ахборот воситалари Венесуэла ҳукумати Сноуденнинг бошпана бериш тўғрисидаги аризасини қабул қилиб олгани ҳақида хабар тарқатди.

“Бизга бошпана бериш юзасидан хат келди. Энди у қачон бу ерга келишини, агар у бунга ниҳоят қарор қила олса, ҳал қилиши керак. Биз бу ёш йигитга уни империя (АҚШ назарда тутилмоқда- таҳ.)таъқиб қилаётган бўлса, "бизнинг олдимизга кел", деб айтганмиз, –деб билдирди Венесуэла президенти Николас Мадуро.

Ўтган ҳафтада Венесуэла, Никарагуа, Боливия, кеча эса Куба раҳбарияти Эдвард Сноуденга бошпана беришга тайёрлиги ҳақида баёнотлар қилганди.

Россия оммавий ахборот воситалари 23 июн куни Ҳонгконгдан Москвага учиб келган Эдвард Сноуденнинг ҳали ҳам “Шереметъево” аэропорти транзит ҳудудида қолаётганини билдирмоқда.

Июн ойи бошида Эдвард Сноуден АҚШ махсус хизматларининг электрон таъқиб дастурларига оид махфий маълумотларни ошкор қилганди. Бир қанча айблов юклатилаётган Сноуден, агар Қўшма Штатларга қайтгудек бўлса, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG