Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:23

Рамазон айтиш тиланчилик эмас


Илдизлари исломдан аввалги анъаналарга бориб тақаладиган рамазон қўшиқлари¸ минтақага ислом ëйилгач¸ бошқача мазмун касб этди. Бугунга келиб болаларнинг бу анъанадан мосуво ўсаëтгани¸ ўзбек маданияти учун бир йўқотишдир¸ дейди Озодлик билан суҳбатда фолклоршунос олим.



Рўза пайтида оқшом тушганидан бошлаб болакайлар уйма-уй юриб¸ қадимий рамазон қўшиқларини айтиши рамазон манзарасининг ажралмас қисми дея билинади.

Ашхобод Ë Рамазончилари
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00
Бевосита линк


Айни кунларда Ўзбекистоннинг катта шаҳарларида рамазон қўшиқларини айтаëтган болалар сони сийраклашган, дейди фолклоршунос олим¸ профессор Тўра Мирзаев Озодлик билан суҳбатда:

- „Ë рамазон“ қўшиқлари илгаридан барча вилоятларида кенг тарқалган эди. Халқ орасида ё рамазон, рабиман, рабигон, райвон, рамазон, раван, рабибон, ўребезон каби номлар билан аталади. Рўза кунлари ана шундай қўшиқларни куйловчилар рамазончилар ёки райванчилар деб юритилган¸ дея гап бошлаган Тўра Мирзаев рамазон айтиш ритуалининг умумий манзарасини ҳам тасвирлаб берди:

- Рамазон айтиб келдим, эшигингга¸ Xудойим ўғил берсин, бешигингга¸ деб биргалашиб айтишади. Ана шундан кейин гуруҳдаги чечан бола¸ “Бу уйнинг тепасида ой кўрдик¸ Бу уйнинг эгасини бой кўрдик” деган мисраларни айтади. Кейин орқадаги гуруҳ “Сўм-сўм тилло, сўм тилло, Сувга солса ботмасин. Худо берган кенг давлат, Тепкиласа кетмасин¸” деб куйлайди. Ритуал сўнгида хонадон эгаси болаларга егулик ва пул улашади. Агар хонадон эгаси ҳеч нарса бермаса¸ рамазончи болалар тарафидан ҳажв қилинган¸ дейди рамазон қўшиқларини ўрганган профессор Тўра Мирзаев.

Хасис уй эгаларини ҳажв қилувчи қўшиқ намунасини бизга хоразмлк уй бекаси Интизор опа айтиб берди:

- Энди бошқа келмаймиз эшигингизга.
Таëғим кириб кетгай тешигингизга.


Рамазон айтиш тиланчилик эмас

Профессор Тўра Мирзаевга кўра¸ шаҳарлардаги баъзи”ўқимишли одамлар” рамазон айтишни тиланчиликка тенглаштириб¸ фарзандларига рамазон айтишни тақиқлашади. "Бу тўғри эмас¸" дейди Тўра Мирзаев Озодлик билан суҳбатда:

- Буни тиланчик билан боғлаш мутлақо нотўғри. Ўчоғда кул¸ кармонда пул¸ чиқарақолинг 10 сўм пул¸ деган баъзи шаҳар жойларида айтилаëтган ясама сатрлар бу айбловлар учун асос бўлмоқда. Аммо бизнинг ëшлигимизда бундай мисраларни айтмасдик. Аслида уй эгаларидан ҳадя олиш райванчиларнинг асосий мақсади эмас, улар ота-боболарнинг удумига риоя қилиб савоб олиш, асрий анъаналаримизга умрбоқийлик бахш этиш ниятида “ё рамазон” айтадилар:

Рўзани уч кун тутиб келдик сизга,
Рўзанинг закотини беринг бизга.
Рамазон айтган билан тўямизми,
Бурунгининг қаъдасини қўямизми?

“Ё рамазон” қўшиқларини айтувчиларга хос энг муҳим белгиларидан бири шундаки, улар оилага фарзанд тилаш, яъни "қўш кокилли ўғил" ёки "кўнгил гули-қиз" фарзанд ато этилишига, ҳар бир хонадондан алла садолари янграб туришига бўлган эзгу умид мужассамлашган:

Ё рамазон айтиб келдик эшигингизга,
Қўчқордай ўғил берсин бешигингизга,
Қўчқордай ўғил берса бешигингизга,
Ким келиб, ким кетмайди эшигингизга".

«Ё рамазон» қўшиқлари тиланчининг зори эмас¸ балкли аждодлардан келаëтган маданият ип учларини узмасдан сақлаб¸ “бурунгиларнинг қаъдасини қўймаслик” деган фалсафа ичига жам бўлган¸ дейди суҳбатдош.

Ўртадаги олтин бешик

Хоразмда истиқомат қиладиган уй бекаси Интизор опа ҳар йили рамазон бошида келиб эшик олдида туриб тилак тилаëтган болалар овозини жон қулоғи билан тинглашини айтади:

- Бу уйнинг у ëни тешик¸ бу ëни тешик¸ ўртасинда олтин бешик.
Бу уйни олағайлар булағайлар¸олтин билан сувағайлар.
Рамазон айта-айта келдик сиза ¸
Рўзани закотини беринг биза¸ дея Интизор опа хоразмлик болаларнинг рамазон ойидаги қўшиқларидан куйлаб берди.

Хоразмга қўшни бўлган Бухорода айтилаëтган рамазон қўшиқлари эса диний ривоятлар унсурлари билан йўғрилган.

Бухоронинг Жондор туманида айтилган бу қўшиқ Юсуф ҳақидаги ҳузун ҳикояни ҳам ўз ичига олади:

- Пайғамбарнинг ўн бир ўғли бор эди,
Ўн биридан шоҳ Юсуф гулзор эди.
Шоҳ Юсуфни овга олиб чиқдилар,
Чоҳга ташлаб, бўри еди, дедилар.
Онаси югуриб чиқди чоҳ бошига,
Чашмалар равон бўлди кўз ёшига.

Бу мисралар айтилганидан кейин ўн чоғли бола мана бу нақоратни куйлайди:

Рўзанинг ўн бешини тутиб келдим сизга,
Рўзанинг закотини беринг бизга.
Бу уйнинг орқасидан тутун чиқар,
Бу уйнинг қатламаси бутун чиқар.
Етти келин югуриб чиқар.

Рамазон айтиб келдим, эшигингизга,
Худойим ўғил берсин, бешигингизга.

Рамазон айтиш тарихи

Фолклоршунос олим¸ профессор Тўра Мирзаев Озодлик билан суҳбатда рамазон айтиш бугунги Марказий Осиë ҳудудларида ислом дини кириб келишидан олдин ҳам мавжуд бўлганини айтади:

- Одамларга қўшиқлар воситасида эзгу тилаклар тилаш анъанаси ислом кириб келганидан кейин бошқача мазмун касб қилди. Зардўштлардаги шамол тиндириш¸ ëмғир ëғдириш ëки фарзанд тилаш каби тилаклар ислом даврига келиб рамазон билан боғланди¸ дейди суҳбатдош.

Озодлик билан суҳбатда Тўра Мирзаев бундан юз йил олдин Туркистонда катта –катта одамлар рамазон айтишганига эътибор қаратди.

Туркистонда рамазон ойида ижро этиладиган халқ қўшиқлари ҳақида илк маълумотлар шарқшунос олим Николай Остроумовга оид.

Остроумов 1898 йили “Туркестанская туземная газета” да чоп этилган мақоласида Тошкент ва Туркистоннинг бошқа шаҳарларида рўза бошланиши биланоқ болалар рамазон ойи шарафига қўшиқлар айтишини, бу одат ўша даврда дарвешлар орасида ҳам машҳур бўлганлигини қайд қилган.
XS
SM
MD
LG