Линклар

Маркази Берлинда жойлашган Transparency International ташкилоти ўтказган сўнгги сўровда қатнашганларнинг аксари кейинги икки йил давомида ўзи яшаëтган мамлакатдаги коррупция вазиятининг янада ëмонлашганига ишонишини билдирди.

Transparency International ноҳукумат гуруҳи эълон қилган 2013 йилги Коррупция барометри деб номланган янги ҳисобот дунëнинг 107 давлатида яшовчи 114 минг одам билан ўтказилган сўровга асосланади.

Мазкур сўровда қатнашганларнинг аксарияти – тахминан 53 фоизи ўз атрофидаги порахўрликнинг камайиш эмас¸ аксинча¸ кўпайиб кетганини таъкидлаган.

Бундай фикрдагилар орасида Бразилия ва Россия¸ Покистон ва АҚШ¸ Туркия ва Украина аҳолиси бор.

Коррупциянинг асосий шакли¸ ҳамон пора эвазига иш битириш бўлиб қолмоқда ва сўров иштирокчиларининг ҳар тўртдан биттаси ўтган йил ичида кимгадир пора беришга мажбур қолганини эътироф этган.

Пора билан иш битириш даражаси бўйича Африка ғарбидаги жимиттеккина Сиерра Леон биринчиликни эгаллаган ва бу мамлакатда сўралганларнинг 75 фоиздан кўпроғи иш битириш учун қайсидир расмийга пора беришга мажбур бўлганини билдирган.

Афғонистон ва Қирғизистонда сўралганларнинг 40 фоизи¸ Қозоғистон¸ Покистон ва Украинада сўровда қатнашганларнинг 30 фоизи кейинги бир йил ичида пора берганини эътироф этган.

Канада¸ Япония ва Норвегияда “пора бердим”деганлар сўралганларнинг 5 фоизини ташкил қилган ва бу давлатлар дунë бўйича ўтказилган сўров хулосасига кўра¸ энг кам коррупциялашган дея топилди.

Сўров хулосасига кўра¸ постсовет ҳудудида фақат биргина давлат – Грузиядагина коррупция муаммоси жиддий ечимини топган кўринади¸ дейди Transparency International тадқиқотчиси Светлана Савицская:

- Бунинг сабаби Грузия ҳукуматининг коррупцияга қарши кенг кўламли¸ кескин ислоҳотлар бошлагани ва биринчи галда¸ полиция¸ автомобил назорати хизмати ва таълим соҳасидаги порахўрликни йўқотишга қаттиқ киришганидир. Айни пайтда Тбилиси ҳукумати жамоатчилик ва фуқаролик қайд идоралари фаолиятини ҳам жиддий ислоҳ қилди. Оқибатда¸ бизнес юритиш учун лицензия олиш жараëни имкон қадар соддалашди¸ талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилди. Бугун биз Грузияда порахўрлик деярли қолмаганини эътироф этамиз¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Савицкая.

Греция¸ Россия ва Украинада сўралган аҳолининг 80 фоиздан кўпроғи ҳокимиятнинг фақат ўз манфаатини кўзловчи йирик монополист ширкатлар ëхуд алоҳида шахслар гуруҳи томонидан назорат қилинаëтганига ишонишини билдирган.

Буюк Британиядан тортиб Ироқ ва Боснияга қадар оддий аҳоли¸ сиëсий партияларнинг мамлакатдаги энг коррупциялашган тизим деб билса¸ постсовет ҳудуди аҳолиси адлия ва ҳуқуқ тартибот тизимларини энг коррупциялашган деб билишини айтган.

Сўровда иштирок этганларнинг қарийб 90 фоизи¸ имкони бўлса¸ коррупцияга қарши курашда иштирок этишга ҳозирлигини билдирган.

Transparency International гуруҳи ўзбекистонликлар орасида сўров ўтказа олмагани боис¸ бу мамлакатдаги коррупция аҳволи сўнгги сўровда акс этмаган.

Аммо ташкилотнинг коррупцияга оид бошқа ҳисоботлари¸ хусусан Коррупция индексининг 2012 йилги сўнгги нашрида¸ Ўзбекистон порахўрлик бўйича дунëдаги 176 давлат орасида рўйхатнинг энг туби – 170-ўриндан жой олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG