Линклар

Ғиждувон бозорининг кўчирилиши "дангасаларни" кўпайтириши мумкин


Ғиждувон тумани ҳокими муовини савдогарлик қилмоқчи бўлганлар янги бозордан дўкон сотиб олиши керак, демоқда.

Ғиждувон тумани ҳокими муовини савдогарлик қилмоқчи бўлганлар янги бозордан дўкон сотиб олиши керак, демоқда.

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани марказидаги буюм бозори кўчирилишидан тадбиркорлар зарар кўрмоқда. Бозорда савдогарлик қиладиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозор бундан олти йил аввал кўчирилган пайтда 25 миллион сўмдан сотиб олинган дўконлар учун товон пули берилмаётир. Ғиждувон туман ҳокимлиги расмийси, Озодлик билан суҳбатда, тадбиркорликни давом эттириш истагида бўлганлар янги бозордан 18 миллион сўмдан 48 миллион сўмгача бўлган дўконларни сотиб олиши мумкинлигини билдирди.



Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани марказида, деҳқон бозорига туташ буюм бозори туманнинг чеккароқ ҳудудига кўчирилаётгани маҳаллий тадбиркорларга қимматга тушадиган бўлди.

Расмийлар бозор кўчирилишига президент қарорини рўкач қилаётганига қарамасдан, маҳаллий тадбиркорлардан бирининг Озодликка айтишича, бозордаги савдогарлар орасида бунинг ортида бозор маъмуриятига раҳбар этиб тайинланган Валижон исмли милиция собиқ ходими билан туман ҳокимияти мутасаддиларининг шахсий манфаатлари ётибди, деган ишонч бор.

- Ғиждувон туманидаги бозор мен ëшлигимдан ишонасизми 10 марта кўчирилди ака. Ҳоким янги бўлади, бозор кўчирилади. Яна янги бўлади, яна кўчирилади. Бу қамалади, яна янги бўлиб, яна кўчирилади. Чекка бир қишлоқ жойга кўчираяпти. У ерга ҳеч ким бормайди. Бозор қўмитанинг ўзи қилаяпти. Вали деган келган. Бозор қўмитани ўзи қилиб олибдида. Бир бозорни кўчиради, киссасини қаппайтиради, шу билан кетади, дейди исми сир тутилишини сўраган ғиждувонлик савдогар.



Мажбурлаш йўқ

Суҳбатдошимиз ёрдами билан буюм бозори маъмурияти бошлиғи Валижон (фамилиясини айтмади) билан ҳам боғландик. Озодлик билан суҳбатда бозор директори янги бозордан жой сотиб олиш мажбурий эмас, истаган сотиб олсин, истамаганга катта кўча, қабилида жавоб берди. Бозор маъмури эски бозордаги дўконлар учун товон пули берилмаслигини ҳам тасдиқлади.

- Мажбурий эмас. Мажбур қилганимиз йўқ бизлар. Лекин президент фармони бўйича прилавка, пештахталарда савдо қилмасдан, савдо комплекси қилиб, қайта қурилсин турғун савдо дўконлари қилиб дейилган. Бизларга пулининг алоқаси йўқ. Ўзаро келишиб олган бўлса, “мен сотиб олдим ëки сотдим” дейди. Уни бизлардан сотиб олгани йўқ. Уни ўзаро келишиб, нима қилса, нима қўйса ўзи билади, деди Ғиждувон буюм бозори директори Валижон.


Президент қарорида тадбиркорларга ёрдам кўзда тутилмаган

Озодлик мухбири Ғиждувон тумани ҳокимиятидан ҳам бозор кўчирилиши боис тадбиркорлар зиён кўраётгани билан боғлиқ вазиятни суриштирди. Туман ҳокимининг ижтимоий ва иқтисодий масалалар бўйича муовини Абдулло Йўлдошев, бозорни кўчириш Ўзбекистон президенти қарори билан амалга ошаётгани, тадбиркорларга ёрдам кўрсатиш бу қарорда кўзда тутилмаганини таъкидлади.

- Ўзбекистон республикаси президентининг 2011 йил 26 апрелдаги ПФ-1326 сон қарорга асосан буюм бозор деган нарса қолгани йўқ. Ҳаммаси савдо комплексига айлантирилади ака. Шунга асосан ҳамма ҳужжатларни тайëрлаб, давлат адресний программага киритиб, бозор қуришни бошлаганмиз. 1000та дўкон қурамиз. Ҳар хил размерда бўлади. Сиз айтгандай 18 миллион сўмлик тўртга тўрт, 32 миллион сўмлиги бор, 48 миллион сўмлиги бор. Размерига қарабда. Тадбиркорлар масалан, биз буни республика билан келишганмиз, дўконни пулини тўлайди, қуриб берамиз, дўконда ўтириб савдо қилади.

Эски бозордаги дўконлар масаласига келсак, дея қўшимча қилди туман ҳокими ўринбосари Абдулло Йўлдошев, тадбиркорлар уни истаганча ишлатиши мумкин, хоҳласа, озиқ-овқат сотсин, хоҳласа кўчириб олиб кетсин.

"Дангасалар" кўпаяди

Шахси сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган тадбиркор, суҳбат сўнгида, туман аҳолисининг катта қисми тирикчилигини кўрган Ғиждувон бозори кўчириладиган бўлса, президент айтмоқчи, Россиядаги дангасалар армияси ғиждувонликлар ҳисобидан кўпаяди, деб ҳазиллашган бўлди.

- Аҳолини масалан 100 фоиз десак, 30 фоизини Россия боқса, 70 фоизини Ғиждувон бозори боқади. Ҳеч қандай иш йўқ. Одамларга ўхшаб Россияга борсак керакда. Дангасалик қилгани. Нима қилайлик ака? Бола-чақа боқиш керак. Ўлайликми бу ерда,- дейди тадбиркор.

Ғиждувон бозори кейинги икки-уч йил ичида кўчирилаётган илк бозор эмас. Ўзбекистон президентининг 2010 йилги қарори билан бутун мамлакат бўйлаб бозорлар у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа кўчирилаётгани минглаб тадбиркорлар учун қимматга тушмоқда.

Вилоятлар марказларида бундан беш-олти йил аввал қурилган буюм бозорларидан ўн миллионлаб сўмга дўкон сотиб олган тадбиркорлар ҳали фойдага кириб улгурмасдан бошқа жойга кўчирилган бозордан дўкон сотиб олишга мажбур бўлгани Озодликда аввал ҳам кўп марта ёритилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG