Линклар

logo-print

Ўзбекча ёрлиғи бўлмаган импорт моллари чегарада йиғилмоқда


Ўзбекистонлик тадбиркорлар ўзбекча ёрлиқ ёпиштириш талабини уддалай олмаётгани боис, божхона терминалларида хорижий памперсларнинг йиғилаётгани, дўконларда озаяётгани айтилмоқда.

Ўзбекистонлик тадбиркорлар ўзбекча ёрлиқ ёпиштириш талабини уддалай олмаётгани боис, божхона терминалларида хорижий памперсларнинг йиғилаётгани, дўконларда озаяётгани айтилмоқда.

Ўзбекистонга кириб келаётган халқ истеъмоли молларини мажбурий маркировка қилиш талаби ортидан дўконларда импорт моллари чўғи озайиб бормоқда. Тошкентдаги тадбиркорлар ва сотувчилардан олинган маълумотга кўра, маҳсулот упаковкасига ёпиштирилиши керак бўлган ўзбекча ёрлиқни тайёрлаш жараёни қийин, қиммат ва узоқ кечмоқда.


Импортнинг чўғи озаймоқда

Тошкент шаҳрида халқ истеъмоли молларини сотувчи бир неча дўкон эгаларидан олинган маълумотларга кўра, шу кунларда ўзбекча ёрлиқ ёпиштириш сўралаётган хорижий имтеъмол товарларининг чўғи пасаймоқда.

Шаҳарнинг Мирзо Улуғбек туманидаги дўконлардан бири сотувчисининг айтишича, чўғи пасаяётган импорт хўжалик моллари кўпроқ упаковка қилинган маҳсулотлардир.

“Масалан, памперсга ўхшаган маҳсулотлар. Улар битта целлофан халтага ўралган, ичида 50 та памперс бор. Уларни олиб келаётган заказчиклар четдаги ишлаб чиқарувчига заказ бериб, товарнинг қутисига ўзбекча ёздириши керак экан”, деди Озодлик мухбирига микрофонсиз сўзлаган тошкентлик сотувчи.



Сотувчилардан олинган маълумотларга кўра, доналаб сотилиши мумкин бўлган, аммо, бир нечаси битта упаковкага ўралган баъзи товар маҳсулотларининг ҳам упаковкаси, ҳам ичидаги товарнинг ҳар бирига ўзбекча ёрлиқ ёпиштириш талаб қилинмоқда.

“Масалан, битта коробка плиткали шоколад бўлса, унинг коробкасига ҳам ёпиштирасиз маркировкани, ичидаги плиткаларгаям биттадан ёпиштириб чиқишингиз керак. Чунки, шоколадни биттаданам сотасиз, қутиси билан сотишингиз ҳам мумкинда. Шунга российский шоколадлар ҳам сал камайган”, деди Юнусобод туманидаги қандолат маҳсулотлари дўкони сотувчиси.

Ўзбекистонга хориждан келадиган халқ истеъмоли молларига ўзбекча ёрлиқ ёпиштириш талаби Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасига истеъмол товарлари олиб киришни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида қўйилди.

13 майда эълон қилинган қарор 1 июлдан кучга кирган.

Бу қарорга эса Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг 2013 йилнинг 29 январида “Мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рақобатбардошлигини янада ошириш ва товарларнинг мамлакатга ноқонуний олиб қирилишига қарши курашни кучайтиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида” қабул қилган қарори туртки бўлган эди.


Ёрлиққа буюртма бергувчилар ҳали оз

Шу кунларда буюртмачиларга ўзбекча ёрлиқ тайёрлаб бераётган тошкентлик хусусий тадбиркор Қодиржоннинг айтишича, ёрлиққа маҳсулотининг номи, таркиби, сақланиш муддати ва ишлаб чиқарилган жойи ёзилмоқда.

Соч бўёғига ёпиштирилган ўзбекча ёрлиқ.

Соч бўёғига ёпиштирилган ўзбекча ёрлиқ.

Унинг сўзларига кўра, ўзбекча ёрлиқ тайёрлаб бериш ҳақида буюртма берувчилар ҳозирча анча оз.

Айтилишича¸ кўпчилик тадбиркорлар ўзбекча ёрлиқ тайёрлаш мажбуриятини ҳали тўлиқ тушунмаган ва бундан келадиган ҳаражатни ҳисоб-китоб қилишга ҳам улгурмаган.

“Ўзи оддий, оқ, самоклей қоғозга қора шрифтда ёзиладиган оддийгина ёрлиқ. 3Х4 размерда. Бизга буюртма келса, нархини сонига қараб чиқариб берамиз. Чунки, қоғознинг размери катта. Масалан, 50 минг дона ёрлиқ заказ қилсангиз, 10 сўмдан чиқариб берамиз. Агар 1000-2000 та заказ қилсангиз, унда 50 сўмдан тушади”, деди Тошкентда хусусий босмахонаси бўлган Қодиржон.

Тушунилишича, Россияда ишлаб чиқарилган плиткали шоколаднинг ҳар бир донаси учун ёрлиқ нархи ўртача 25-50 сўмга тушмоқда.

Яъни, хориждан 2 минг дона плиткали шоколад келтирган тадбиркор ёрлиқ учун 100 минг сўм атрофида пул тўлаши керак бўлади.

Тошкент бозорларидаги плиткали шоколадлар ўртача нархи айни дамда 3 минг 500 сўмга тўғри келмоқда.


Таржима аслига тўғрими?

Тадбиркорлардан олинган маълумотга кўра, маҳсулот устига ёпиштириладиган ёрлиқдаги таржиманинг аслига тўғри экани ва стандартларга мослигини Ўзбекистон Республикасининг Экспертиза ва сертификатлаш марказлари тасдиқлаб бериши лозимлиги айтилган.

Озодлик мухбири бу марказдан ҳозирча қўшимча маълумот олишга муваффақ бўлмади. Аммо ташкилотнинг ўзини таништирмаган расмийси барча маълумотларни Интернетдаги расмий сайтдан олиш мумкинлигини айтиш билан чекланди.

Қодиржондан олинган маълумотга кўра, уларга келаётган буюртмачилар қўлларида тайёр ёрлиқ нусхаси билан келмоқда.

"Экземплаяр билан келсангиз, биз тезда қилиб берамиз. Кейин Божхона постига олиб борасиз, улар бир кўриб чиқиб, бўлади ёки бўлмайди, дейди, бўлди менимча. Мен тайёрлаб берган ёрлиқни ҳали қайтаришмади", деди Қодиржон.

Хорижий маҳсулотга ёпиштирилган ўзбекча ёрлиқ.

Хорижий маҳсулотга ёпиштирилган ўзбекча ёрлиқ.

Тошкентдаги бир қатор дўконларда бўлиб, 1 июлдан сўнг пайдо бўлган ўзбекча ёрлиқларни кўздан кечирган журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, ҳозирча бу борада қатъий бир стандартга амал қилинаётгани кузатилмаяпти.

- Жуда майда ёзувлар билан, эни 2Х5 сантиметрли қилиб, оддий оқ қоғозга ёпиштирилган. Унинг ичидаги ёзувларини ўқишам жуда қийин, дейди журналист.


Ўзбекча ёрлиқ божхона терминалида ёпиштирилмоқда

Қодиржон хориждан мол келтирадиган тадбиркор ўртоғининг сўзларига таяниб, чегарадаги Божхона постлари терминалларида ёрлиқни кутиб ётган импорт товарлари йиғилаётганини айтади.

. Менинг ўртоғим чет элдан телевизор, кондиционерлар олиб келади. У ҳам айтадида, маркировкани олиб бориб, терминалга кириб, биттама-битта ёпиштириб чиқяпти ҳозир. Унгача мол терминалда туради”, дейди Қодиржон.

Тошкентлик тадбиркорлар ва сотувчилардан олинган маълумотларга кўра, товарга бир парча ўзбекча ёрлиқ ёпиштириш импорт чекловига қаратилган янги тартибнинг енгил қисмидир.

Тартибнинг оғир қисми упаковка қилинган халқ истеъмоллари, мисол учун, ўралган, коробкаларга солинган ва доналаб сотиладиган импорт моллари устига ўзбекча маълумот киритиш талабидир.

Мисол учун, хориждан болалар памперсини олиб келадиган ўзбекистонлик буюртмачи хориж компаниясидан ишлаб чиқарган маҳсулоти ҳақида битилган маълумот сирасига алоҳида ўзбекча банд киритилишни сўраши лозим.

“Масалан, ҳозир Қозоғистондан Procter and gamble ширкатининг шампунлари келади. Уларнинг идишига заводда урилган ёзувида ўзбекча ёзилган жойи бор. Энди шу ўзбекча ёзуви бўлмаган товарларга ўша чет элдаги заводидан шунақа ёзув билан олиб келасизлар, дейишяптида. Бу энди долгий процессда”, деди Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ массивидиги дўконлардан бирининг Озодлик мухбирига микрофонсиз сўзлаган сотувчиси.


Маркировканинг якка тадбиркорга алоқаси йўқ

Тошкентда хориждан келадиган халқ истеъмоли молларини сотувчи қатор хусусий тадбиркорлардан олинган маълумотларга кўра, аслида товарларга ўзбекча ёрлиқ ёпишитириш муаммоси ҳозирча якка тартибдаги тадбиркорлар зиммасига тушаётгани йўқ.

“Бизга ўхшаган тадбиркорларга чет элдан товарни олиб келиб берадиганлар бор. Поставшик фирмалар. Улар ҳал қилади, ҳаммасини. Биз Ўзбекистонга кирган жойидан товарни оламиз ва сотамиз”, деди Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги қандолат маҳсулотлари дўкони сотувчиси.

Озодлик мухбири бу сотувчи билан суҳбатдан сўнг Ўзбекистонга хориждан қандолат маҳсулотлари, жумладан, шоколад ва шу каби ширинликлар келтирадиган ширкатларни топишга уринди.

Аниқланган норасмий маълумотларга кўра, мамлакатга хориждан келадиган шоколад ва шу каби ширинликлар импорти соҳаси маҳаллий савдогарлар орасида Ҳоким ака, деб ном чиқарган, ўзи эса Швейцарияда яшайдиган бир бизнесменга тегишлидир.

Озодликда бу норасмий маълумотни тасдиқловчи қўшимча далиллар ҳозирча йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG