Линклар

GM-Uzbekistan'нинг Ўзбекистондаги дилерлари вақтинчалик фаолиятини тўхтатди


“GM-Uzbekistan” Ўзбекистон-Америка қўшма корхонасининг асосий дилери бўлмиш “Ўзавтосаноат” ширкатига қарашли барча автосалонлар 6 июлдан номаълум муддатга ўз фаолиятини тўхтатди.

Айни пайтда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги автосалонлар эшигида “Переучёт”, “Инвентаризация” ёрлиқлари осилиб тургани айтилмоқда.

Тошкентдаги “Роҳат” автосалони савдо бўлими ходими Санжар Ниёзовга кўра, мазкур ҳолат ширкат автомобиллари нархи ошиши ҳамда “Ўзавтосаноат” ширкати томонидан янги прейскурант тасдиқлангунига қадар сотишни тўхтатиш ҳақида кўрсатма берилгани билан боғлиқдир.

Аввалроқ интернет тармоғида GM-Uzbekistan қўшма корхонаси ўз автомобиллари нархини 5 фоиздан 30 фоизгача оширгани ҳақидаги маълумотлар тарқалган эди.

- Интернетдаги тарқатилган маълумотлар ҳали расмий кучга эга эмас. Бизга ҳақиқий прейскурант ва автомобилларнинг оширилган нархлари бўйича жадвал ҳали берилгани йўқ. Қолаверса, сотувдан қолдиқ маҳсулотларнинг тақдири борасида ҳам кўрсатма йўқ, - деди Тошкентнинг Яккасарой туманидаги “Miss” автосалони ходими.

Пойтахтдаги “Tashkent DEU” автосалони ходими Рустам Аҳмедовга кўра, автосалонларда инвентеризация жараёни мамлакат бўйлаб шу йилнинг 1 августига қадар давом этади.
XS
SM
MD
LG