Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:39

Ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш тартиби ўзгарди


Ўзбекистонда жорий йил охиригача ёши еттига етиши мумкин бўлган болалар эндиликда қўшимча текширувларсиз 1- синфга бориши мумкин.


Бу қоида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги томонидан чиқарилган психологик-педагогик ташхис комиссиялари фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисидаги буйруқда акс этган.

Буйруққа мувофиқ, вазирликнинг 2012 йил апрелида тасдиқланган низомига ўзгартишлар киритилган. Мазкур низомга кўра, авваллари 1-синфга январ ойидан сентябргача етти ёшга кирган болалар қабул қилинарди. Энди эса йил якунигача, яъни 31 декабригача ёши еттига етажак барча болалар махсус комиссия текширувисиз 1-синфга қабул қилинишлари мумкин.

Айни қоида Ўзбекистоннинг барча жойларидаги мактабларда бўлгани каби Фарғонадаги таълим муассасаларида ҳам жорий этилаётган экан.

- Вазирнинг буйруғи билан ўзгартириш киритилдики, 2006 йил 1 январидан бошлаб 31 декабригача туғилган болаларнинг ҳаммаси етти ёшли ҳисобланади. Олдин октябригача эди, энди уч ойлик ҳам қўшилиб, улар ҳам етти ёшга тўлган болалар қаторига кириб кетди, - дейди Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси вакили.

Бошқарма мулозими 1-синфга махсус комиссия текширувидан ўтган 6 ёшли болалар ҳам қабул қилиниши мумкинлигини қўшимча қилади.

- 2007 йилнинг 1 январидан бошлаб 1 сентябригача туғилган ва мутлақо соғлом деб топилган болалар, ташхис комиссиясининг хулосасига кўра, мактабга тайёрлиги аниқланади. Уларга “ҳақиқатан ҳам мана шу бола 1-синфда ўқиса бўлади” деган тавсия берилади ва ўшанга асосан у мактабга қабул қилинади, - деди Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси ходими.

Суҳбатдошимизга кўра, олти ёшли боланинг мактаб нагрузкасига жисмоний ва ақлий жиҳатдан қанчалик тайёр эканини, унинг тафаккури, нутқи ва бошқа муҳим хусусиятлари нақадар ривожланганини текшириши лозим бўлган мазкур ташхис комиссиялари таркибига бошланғич синф ўқутувчилари, психологлар, логопедлар ва бошқа мутахассислар киради.

Айни пайтда Фарғона вилоят халқ таълими бошқармаси вакили мазкур комиссия текширувидан ўтганидан кейин ҳам 6 ёшли болаларнинг мактабга бориш-бормаслиги ихтиёрий эканини урғулайди.

- Мисол учун, бола ҳақиқатан ҳам лойиқ, лекин ота-она: “Йўқ, мен бу йил ўқитмайман, ёшига тўлсин” деб, олиб кетяпти. Шунақа ҳолатлар ҳам бор. Шунинг учун хулоса берилади ташхис комиссияси томонидан, “ҳақиқатан ҳам шу ўқишга тайёр” деб айтилади, шундан кейин ота-она боласини мактабга олиб бориши ёки олиб бормаслиги мумкин, - деди таълим бошқармаси ходими.

Биринчи синфларни комплектлаш бўйича мазкур ўзгаришларга, кўп йиллар мактабда ўқитувчилик қилган Ғайбулла ака фикрича, ўқувчи етишмаслиги сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

- Туғилиш кам бўляпти. Турли хил йўлларни топиб, болаларни мактабга жалб қилишда бундан мақсад. Болалар етишмаяпти, синфларни тўлиқлаш учун турли хил йўлларни ўйлаб топишаяпти, - деди Ғайбулла ака.

Маълумотларга кўра, 6 ёшлилар иқтидорини аниқловчи ташхис комиссиялари июл ойида ҳафтада бир кундан, 1 августдан 25 августгача эса ҳар куни ишлайдилар. Мазкур комиссия мутахассислари хулосасидан норози бўлган ота-оналар маҳаллий халқ таълими бошқармаси қошидаги апелляция комиссиясига мурожаат қилишлари мумкинлиги айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG