Линклар

Хоразмнинг Ҳазорасп туманида яшовчи Худойшукур Отаниëзов уй қуриш учун хусусий мулк қилиб берилган ер участкасига эгалик қила олмаяпти.

Душанба куни Худойшукур Отаниëзов ўзига тегишли ерга борганида бу ҳудуд ўзиники эканлигини иддао қилган Жаҳонгир Хўжаев тарафидан ҳайдаб солинди.

Воқеа ҳақида Озодликка билдирган Хоразм вилояти “Нажот” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раиси Ҳайитбой Ëқубовга кўра¸ бировнинг ерига ўзбошимчалик билан эгалик қилаëтган Жаҳонгир Хўжаев тарафидан мулк эгаси Худойшукур Отаниëзов бир неча марта калтакланган.

Озодлик мухбири бу муаммоли вазиятга ойдинлик киритиш учун Ҳазорасп тумани ҳокимлигига мурожаат қилди.

Хокимликнинг ўзини таништирмаган мулозимига кўра¸ низога боис бўлган ер участкаси Отаниязов Худойшукурга тегишли.

Мулозимнинг айтишича¸ бу борада махсус ҳужжат ҳам бор:

- Ҳазорасп тумани ҳокимининг 2004 йил 15 декабрдаги 610-сонли қарори бўйича фуқаро Худойшукур Отаниязовга Мухомон қишлоғида 5-контурда жойлашган 600 метр квадрат миқдордаги ер участкаси иморат қуриш учун хусусий мулк қилиб берилган¸ дейди мулозим.

Бу низоли вазиятни ўрганган инсон ҳуқуқлари фаоли Ҳайитбой Ëқубовга кўра¸ Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ер кадастри ва бошқа мутасадди идоралар Худойшукур Отаниязов бу тўғридаги барча ҳужжатларга эга эканини тасдиқлаганлар.

10 йил мобайнида ўз ерига эгалик қила олмаган Худойшукур ва унинг отаси Одамбой ота икки марта маҳкамага мурожаат қилишган.

Озодлик тасарруфидаги маҳкама қарорларида мулк хақиқий эгасига қайтарилиши борасида аниқ кўрсатма бор.

Фуқаролик ишлари бўйича Боғот ва Урганч туманлараро судларининг Ўзбекистон Республикаси номидан чиқарилган 2008 йил 13 мартдаги ва 2008 йил 12 сентябрдаги ҳал қилув қарорлари ер эгаси Худойшукур Отаниязов фойдасига чиқарилган.

Аммо суд қарори шу пайтгача ижро қилинмай келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Ҳайитбой Ëқубовга кўра¸ бировни ерига ўзбошимча эгалик қилаëтган Жаҳонгир Хўжаев суд ижрочиларини ҳам ҳайдаб солмоқда:

- Маҳаллий ҳокимиятдаги танишларига орқа қилган Жахонгир Хўжаев ҳар сафар, “Сен ишонган суд нима қилди, барибир мени айтганим бўлади”, деб, ўз зўравонлигини ошкора намоëн қилмоқда. Инсон умри ўтиб бормоқда. Мазкур муаммо мана 10 йилга яқин вақт ўтибдики, қонуний ҳал қилинмасдан келаяпти¸ дейди Ҳайитбой Ëқубов.

Ҳазорасп туман ҳокимиятидаги исмини айтмаган мулозим бу низоли воқеадан ҳабардорлигини айтар экан¸ бир мақол келтирди:

- Даъвогар суст бўлса¸ қози муттаҳам бўлади¸ деган гап бор. Булар ҳам 10 йил олдин оғзидаги ошини бировга олдирмагани маъқул эди. Сиз Жаҳонгир Хўжаев вазиятини ҳам тушунинг¸ у киши бу ер участкасига бундан 10 йил олдин пул сарф қилиб тупроқ тўктирган. Ўшанда ер эгалари бунга жиддий қаршилик қилишмаган¸ дейди мулозим.

Бу мулозимнинг гап оҳангида суд ҳукмини менсимаслик руҳи бор эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG