Линклар

Полиция пугачевликларни тургеневликлар яқинига йўлатмади

6 июл куни Пугачевда вояга етмаган чечен ва собиқ десантчи маҳаллий йигит қиз талашиб муштлашиши оқибатида десантчи пичоқлаб ўлдирилди.

Ўспирин чечен боланинг миллати татар бўлган Руслан Маржанов исмли десантчини ўлдириб қўйиши Пугачёв шаҳри аҳолисини оёққа турғизди. 8 июл куни шаҳар марказий майдонига йиғилган фуқаролар чеченларни шаҳардан кўчириш талаби билан Самара-Саратов федерал трассасини ёпган бўлса, бир кун ўтиб улар асосан кавказликлар йиғиладиган “Ҳалол” кафесини ёқиб юборишга уринди.

Кафени ёқиб юборишга отланган 100 дан ортиқ ғалаёнчи шаҳарга ташланган ОМОН ва полиция ходимлари томонидан тўхтатилди. Қолган бир неча юз пугачёвликларнинг бошқа бир қисми асосан чеченликлар истиқомат қилувчи Тургеневка қишлоғига йўл олди, аммо улар ҳам полиция бўлинмалари томонидан тўхтатилди. Полиция қаршилик кўрсатган бир кишини ҳибс этганини хабар қилди.

Шаҳарда оммавий ғалаëнлар давом этаётганига қарамасдан, Пугачёв маъмурияти вазият назорат остига олинганини хабар қилмоқда.




Шаҳарга Ички ишлар қўшинлари ташланганига қарамасдан, чечен ёшлари шаҳардан вақтинчалик чиқиб кетаётгани, қолганларининг эса кўчада кўринмаётгани хабар қилинмоқда.

Норозилар билан 9 июл куни Саратов вилояти губернатори Валерий Радаев ва вице-губернатори Денис Фадеев билан учрашди.

Улардан олдинроқ шаҳарликларни тинчлантиришга уриниб кўрган шаҳар ҳокими устидан сув қуйиб, ҳуштак чалиб йиғиндан чиқариб юборишган эди.

- Кўчириб юборилсин! Кўчириб юборилсин! – дея ҳайқирди шаҳар ҳокимига қулоқ солишни истамаган шаҳарликлар.

Айни пайтда Россия Тергов қўмитасининг Саратов вилояти бўйича бошқармаси 20 ёшли Руслан Маржановнинг ўлдирилгани юзасидан тергов давом этаётганини маълум қилди. 16 яшар чечен йигити ва Руслан Маржанов ўртасида “Золотая бочка” кафеси олдида 6 июл куни чиққан жанжал муштлашувга айланиб кетган. Чеченистонлик ўспирин скалпел билан бир неча маротаба рақиби кўкрагига зарба берган. Оғир яраланган Маржанов шифохонада жон берган.

Маҳаллий суд чечен йигитини 2 ойга дастлабки тергов муддатига ҳибсда қолдирди. Терговчилар ҳодиса маиший жанжал экани, унга миллий адоват тусини бериш мутлақо ноўринлигига эътибор қаратди.

Вазиятдан миллатчилар "унумли" фойдаланиш ниятида

Пугачевдаги оммавий чиқишларни кузатувчилар аллақачон “иккинчи Кондопога” деб аташмоқда. Маҳаллий ёшлар, десантчилар ва Пугачёв шаҳрининг оддий фуқаролари норозилик акциялари рус миллатчи ташкилотлари қизиқишини ўзига тортди.

10 июл куни шаҳарликлар полиция бўлинмаларини ёриб ўтиб, иккинчи маротаба 226-федерал трассани тўсишга уринди.

Пугачев шаҳрига Россиянинг бошқа шаҳарларидан рус миллатчи ташкилотлари вакилларининг йиғилаётгани кузатилмоқда. “Русская партия” миллатчилар ташкилоти раҳбари Николай Бондарикнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида барча миллатчиларни пайшанба 11 июл куни Саратов шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштираётган нимойишга чақирди.

Чеченистон президенти Рамзан Қодиров Маржановлар оиласига ҳамдардлик билдирди. У айбдор шахс ўз қилмиши учун жавобгар экани ва бу муштлашувдан миллатлараро низо келтириб чиқармасликка даъват қилди.

“СОВА” Ахборот-таҳлил маркази эксперти Вера Алперович Озодлик билан суҳбатда¸ агарда бу муштлашувда чечен йигити ўлдирилганида бу ҳодиса жамоатчилик эътиборини ўзига қаратмас эди, дейди.

“Аслида муаммо Россияда миллий сиёсатнинг йўқлигида”, дея давом этади мутахассис:

- Таъкидлаш жоизки, халқ олдига чиққан ҳукумат вакилларидан бирортаси очиқчасига “Биз ҳеч кимни ҳеч қаерга кўчирмаймиз! Биз Сталин даврида яшамаяпмиз - вагончага тиқиб, даштга кўчириб юбориш учун. Биз ҳеч кимни кўчира олмаймиз, чунки улар Россия фуқаролари”, демади, дейди таҳлилчи Вера Алперович.

Пугачев шаҳри полиция назоратида қолмоқда

Оммавий норозиликлардан чўчиб кетган Федерал миграция хизмати туманда ноқонуний муҳожирлар овини бошлади. Намойишчилар агар улар қўяётган талаб бажарилмаса, оломон судини ўтказишини айтмоқда.

Бу шаҳарга 18-асрда рус чоризми истибдодига қарши оммавий қўзғолон кўтарган ва қўлга олинганидан кейин калласидан жудо қилинган донлик казак Емелян Пугачёв номи берилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG