Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 02:30

Россия БМТга суриялик исёнчилар кимёвий қурол қўллаганига оид далил топширди


Россиянинг БМТдаги доимий элчиси Вмталий Чуркин, Ню Йорк ш., 2013 йил 9 июл.
Россиянинг БМТдаги доимий элчиси Вмталий Чуркин, Ню Йорк ш., 2013 йил 9 июл.

Россиянинг БМТдаги доимий элчиси Сурияда исёнчилар тарафидан заҳарли газ ишлатилгани ҳақидаги маълумотларни БМТга топширди. Элчи далилларнинг воқеа жойида россиялик экспертлар томонидан олинганини алоҳида таъкидлади.


БМТдаги Россия элчиси Виталий Чуркинга кўра, россиялик мутахассислар ўтказган текширув натижалари суриялик исёнчилар асабга таъсир этувчи заҳарли зарин гази тайёрлаб¸ уни Ҳалаб (Алеппо) шаҳри яқинида қўллаганини кўрсатган.

Жорий йил 19 март куни Сурия шимолида жойлашган Ҳалаб вилоятининг Хон Ал-Ассал минтақасида кимёвий қурол ишлатилгани оқибатида 26 киши нобуд бўлган, ўнлаб одам жароҳат олган.

Бу воқеа халқаро ҳамжамиятнинг жиддий ташвишига сабаб бўлди.

Сурия ҳукумати кучлари ва исёнчи гуруҳлар бир-бирини кимёвий қуролдан фойдаланганликда айблаб келмоқда.

Виталий Чуркин россиялик экспертларнинг воқеа жойида текширув ўтказганини алоҳида урғулади:

- Мен ҳозиргина Бош котибга россиялик экспертлар Хон Ал-Ассалдан олган намуналарни топширдим. Шуни таъкидламоқчиманки, Бош котибга тақдим этилган бошқа ҳисоботлардан фарқли ўлароқ бизнинг намуналар шахсан россиялик экспертлар томонидан воқеа жойидаги снарядлардан олинган. Уларни бизга учинчи томон бермаган, деди Россиянинг БМТдаги элчиси.

Виталий Чуркинга кўра, снаряд кимёвий моддаларга мўлжалланган стандартда бўлмагани учун, уни исёнчилар қўллаган, деган хулосага келиш мумкин:

- Шу сабабли қуролли мухолифат жанггарилари Хон Ал-Ассалда кимёвий қуролдан фойдаланган, дейишга асос бор. Биздаги маълумотларга кўра, Озод Сурия aрмиясига алоқадор бўлган Башар ал-Нассир бригадаси “Башар 3” снарядлари ишлаб чиқаришни 2013 йил феврал ойида йўлга қўйган, деди Виталий Чуркин.

Душанба куни Сурия ҳукумати Хон Ал-Ассалда кимёвий қурол қўлланилгани бўйича Ташқи ишлар вазирлари даражасида музокара ўтказиш учун БМТ махсус комиссияси бошлиғи Аке Селлстром ва БМТнинг Қуролсизланиш бўйича мутасадди раҳбари Ангела Канени Дамашққа таклиф қилди.

Виталий Чуркин бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб¸ уни “текширув ўтказишга олиб келиши мумкин бўлган жараён” дея баҳолади.

АҚШ, Британия ва Франция БМТ Бош котиби Бан Ки Мунга Сурияда кимёвий қуроллардан фойдаланилган бошқа ҳужумлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этган.

Бан Ки Мун Суриянинг бошқа жойларида ҳам кимёвий қурол қўлланилгани бўйича кенг кўламли текширув ўтказилишини хоҳлашини айтган.

Вашингтонда Оқ уй матбуот котиби Жей Карни Қўшма Штатлар “Сурия ҳукуматидан бошқалар кимёвий қуролдан фойдаланиш имкониятига эга эмаслиги ва кимёвий қуроллар ишлатганини кўрмаганини айтди.

Сурия кимёвий қуролларни тақиқлаш ҳақидаги халқаро конвенцияга 1997 йилда имзо чеккан етти давлатнинг биридир.
XS
SM
MD
LG