Линклар

'Ўзбекистон - тожикистонликлар учун энг хатарли мамлакат'


М-Vector тадқиқотига кўра, тожикистонликлар тирикчиликка имконият яратаётган Россияни ўзлари учун энг мақбул давлат, деб ҳисоблайдилар.

М-Vector тадқиқотига кўра, тожикистонликлар тирикчиликка имконият яратаётган Россияни ўзлари учун энг мақбул давлат, деб ҳисоблайдилар.

М-Vector тадқиқот ширкати томонидан сўралган тожикистонликлар ўзлари учун ҳатто Афғонистондан ҳам хатарли бўлган мамлакат сифатида Ўзбекистонни кўрсатганлар.


Хусусан, тадқиқот қамраб олган респондентларнинг 24 фоизи Тожикистон аҳолиси учун энг кўп хавф туғдирадиган мамлакат сифатида Ўзбекистонни, 22 фоизи эса Афғонистонни кўрсатган. Тожикистонликлар ўзига “душман” ва “хатарли” деб биладиган мамлакатлар орасида АҚШ ҳам (7 фоиз) бор.

“M-Vector Тожикистон” вакилларига кўра, шу йилнинг 20 майидан 3 июнигача ўтказилган сўровдан мақсад Тожикистондаги аҳолининг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий “кайфияти”ни ўрганиш бўлган.

Маълум бўлишича, ушбу сўров Тожикистоннинг турли ҳудудларида яшовчи 1008 киши орасида ўтказилган бўлиб, саволлардан бири “Сизнингча, Тожикистон учун энг хавфли мамлакат қайси?” бўлган.
Натижада сўралганларнинг 24 фоизи бу саволга “Ўзбекистон” деб жавоб берган.

Мазкур тадқиқот натижалари 95 фоизга ишончли эканини таъкидлаган “M-Vector Тожикистон” вакиллари иддаосича, тожикистонликлар орасида сўров ўтказишда холис тадқиқотнинг барча меъёрларига амал қилинган.

"M-Vector" га кўра, сўров республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган. Унда респондентларнинг жинси, ёши бўйича тенг пропорцияларга риоя қилинган.

Тадқиқотдан респондентларнинг Тожикистон учун “дўст” давлатлар ҳақидаги мулоҳазаларини акслантирувчи рақамлар ҳам ўрин олган.

Жумладан, сўралганларнинг 39 фоизи Тожикистон ҳамкорлик қилиши лозим бўлган мамлакат сифатида Россияни кўрсатган. Яъни, сўралганлар мулоҳазасича, бугунги кунда тожикистонликлар учун Россиядан кўра яқинроқ ва жозиброқ бошқа бирор мамлакат йўқ.

Тожикистонликлар ўзларига яқинроқ деб биладиган давлатлар ичида Хитой ва Эронни ҳам кўрсатиш мумкин. Хусусан, сўралганларнинг 13 фоизи Хитойни, 10 фоизи эса Эронни ҳамкорлик қилиш мумкин бўлган дўст давлат ўлароқ кўрсатганлар.

Айни пайтда Марказий Осиёдаги энг камбағал мамлакатлардан бири ҳисобланмиш Тожикистон аҳолиси, сўралганлар фикрича, келажакда мамлакатда ижобий ўзгаришлар бўлиши борасида некбиндир. Хусусан, сўралганларнинг 89 фоизи мамлакатдаги иқтисодий вазият йилдан йилга яхшиланиб бораётганини айтганлар.

Бундан ташқари, “Тожикистон - дунёвий давлат” эканини урғулаган респондентларнинг 60 фоизи “дин давлат сиёсатида ҳеч қанақа рол ўйнамаслиги лозим”, деб ҳисоблайди.

“M-Vector Тожикистон” тадқиқотида иштирок этган респондентларнинг аксарияти 2013 йилда мамлакатда президентлик сайловлари ўтказилишини билишларини қайд этганлар. Уларнинг 94 фоизи овоз беришда иштирок этишларини, ярмидан кўпи эса ҳозирданоқ ким учун овоз беришларини билишларини маълум қилганлар.

M-Vector халқаро тадқиқот-консалтинг ширкати 1997 йилдан буён Канада, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда фаолият юритувчи нодавлат ташкилоти бўлиб ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG