Линклар

Свастика соҳиби Атамбаевдан совға олди


Президент Атамбаев жаҳон чемпиони Поветкинга Манас рамзи туширилган сувенирни топширмоқда.

Президент Атамбаев жаҳон чемпиони Поветкинга Манас рамзи туширилган сувенирни топширмоқда.

Ижтимоий тармоқларда бокс бўйича жаҳон чемпиони Александр Поветкиннинг Қирғизистон президенти билан учрашувга Россия миллатчилик ҳаракатига алоқадор экани иддао қилинаётган неонацистик свастика рамзи туширилган кийимда келгани кенг муҳокама қилинмоқда.

11 июл куни ижтимоий тармоқлардаги фаол қирғизистонликлар¸ асосан¸ президент Алмазбек Атамбаевнинг жаҳон чемпиони Александр Поветкин билан учрашувини муҳокама қилдилар.

Муҳокамада бир гуруҳ президентни “миллатчилар раҳнамоси” сифатида баҳолади, иккинчи гуруҳ эса президент маъмуриятидаги чаласавод одамлар Атамбаевга панд берганини иддао қилди.

Гап шундаки, 2011 йилда ўзбекистонлик боксчи Руслан Чагаевни енгиб, чемпионлик шоҳсупасига яқинлашган Александр Поветкин Алмазбек Атамбаев қабулига “Русич”ёзуви ва неонацистларга таалуқли экани айтиладиган свастика рамзи туширилган футболка кийиб келган:

- Бу эмблема русларнинг “Северное братство” деб аталадиган миллатчилик экстремистлик ташкилотининг рамзи экан. 2012 йилнинг 6 августида Москва шаҳар суди ўз қарори билан мазкур ташкилот фаолиятини таъқиқлаган. Экстремистик ва фашистик руҳдаги мазкур ташкилот рамзларини очиқдан-очиқ тақиб олган одамлар Қирғизистонга кириши ҳам мумкин эмас эди. Уларни эса Қирғизистон президенти қабул қилди ва бунинг устига совға ҳам берди. Поветкиннинг қўлида ҳам свастика рамзи туширилган татуировкаси бор, -деди Қирғизистондаги нуфузли “Алиби” газетасининг бош муҳаррири Адилет Айтикеев Озодлик мухбири билан суҳбатда.

"Алиби"газетаси муҳаррири А. Айтикеев боксчи Поветкиннинг қўлидаги татуировканинг ҳам свастика эканини иддао қилмоқда.

"Алиби"газетаси муҳаррири А. Айтикеев боксчи Поветкиннинг қўлидаги татуировканинг ҳам свастика эканини иддао қилмоқда.



Қирғизистон президенти маъмурияти ва кучишлатар тузилмалари ҳозирча қирғиз жамиятида қизғин муҳокама қилинаётган мазкур мавзу доирасида бирон бир тушунтириш беришдан тийилмоқда. Александр Поветкиннинг ўзи билан эса эса Иссиқкўлдаги қишлоқлардан бирида машқ қилаётгани учун боғланиш имкони бўлмади.

Қирғизистон ҳукуматини танқид қилгани учун мамлакатга киритилмаган россиялик сиёсатшунос Александр Князев неофашистлар свастикаси рамзи туширилган кийим кийган одамнинг президент хузурига киритилиши Бишкек расмийларининг салоҳияти йўқ эканидан дарак беришини айтди.

- Бу воқеа Атамбаев ва унинг атрофидагилар салоҳиятсиз эканини англатади. Демак, шундай муваффақият билан Атамбаев қандайдир халқаро жиноятчини ҳам қабул қилиши мумкин. Афсуски, бугунги кунда қирғиз сиёсий элитасининг салоҳияти жуда заиф, -деди Александр Князев.

Бокс бўйича жаҳон чемпионлари Александр Поветкин ва Денис Лебедев Россиядан Иссиқкўлга машқланиш учун келган эдилар. Бу икки машҳур спортчини президент Атамбаев 9 июл куни қабул қилган.

Александр Поветкин Қирғизистонда Владимир Кличко билан октябр ойида Москвада ўтадиган жангига тайёрланмоқда.

Поветкин профессионал рингда 25 жанг ўтказиб, унинг 17 тасида рқибини нокаут қилган. Бирорта жангда у ютқизган эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG