Линклар

logo-print
11 июлдан бошлаб “Капиталбанк” хориждан келган пул жўнатмаларидан хизмат ҳақи олмайди. Бу ҳақда банкнинг расмий сайтида хабар қилинди. Ўтган ой банк хориждан юборилаётган пул жўнатмаларидан хизмат ҳақи олишни бошлаган ва бу меҳнат муҳожирларининг норозилигига сабаб бўлган эди.

“Капиталбанк” очиқ ҳиссадорлик-тижорат банки хориждан юборилган пул жўнатмаларидан хизмат ҳақи олиш хусусидаги бир ой аввал жорий қилган тартибини бекор қилди.

“Капиталбанк”нинг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, энди хориждаги меҳнат муҳожирлари қўрқмасдан пул жўнатаверсин, деб айтди:

- Биз пул жўнатмаларидан фоиз олганимиз йўқ, балки клиентларга хизмат кўрсатилган учун комиссия ушланаётган эди. Бугундан бошлаб ана шу комиссион тўловлар ушлаб қолинмайди, деди банк мулозими.

Банк мулозими, нима сабабдан пул жўнатмаларидан фоиз ушлаб қолиш ҳақидаги тартиб бекор қилингани ҳақидаги саволга, "буни энди раҳбарлар ўзлари билишади, мен билмайман", деб жавоб берди.

“Капиталбанк” июн ойидан бошлаб хориждан юборилаётган пул жўнатмаларининг нолдан 300 гача уч доллар(ҳар 100 доллардан бир фоиз), 301 дан юқори суммага 5 доллар комиссион тўлов олаётган эди.

“Капиталбанк”нинг хориж пул жўнатмаларига фоиз жорий қилиши меҳнат муҳожирларининг кескин норозилигига сабаб бўлган эди.

- Сабабини ҳечам тушунолмай қолдик мен ва шерикларим ҳар ойда уйга пул узатамиз . Масалан¸ биз жўнатган 16 минг доллардан 500 долларига Ўзбекистон банклари шериклик қиляпти. Бу бизга қаттиқ ботаяпти¸ деган эди Озодликка бундай ўлпондан норози бўлиб гапирган меҳнат муҳожирларидан бири.

Ўзбекистон банклари орасида фақат "Капиталбанк"нинг хориж пул жўнатмаларидан комиссион тўлов олиб қолиши, бу банк мижозларининг бошқа банкларга ўтиб кетишига сабаб бўлди. Хориждаги мижозларини бутунлай йўқотиб қўймаслик учун¸ айрим тахминларга кўра¸ "Капиталбанк" яна аввалги иш тартибига қайтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG