Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:20

Тошкент емакхоналарида ифтор ўтказиш тақиқланди


Тошкент шаҳридаги ресторанларга Рамазон ойида ифторлик учун буюртма қабул қилиш тақиқланди. Ресторанлар маъмурларидан олинган маълумотларга кўра, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг махсус буйруғи бор.

Шаҳардаги ресторанлардан бир нечасига мижоз тариқасида боғланган Озодлик мухбири деярли бир хил жавоб олди.

Деярли барча ресторанларда аввалига телефон гўшагини кўтарган ходимлар "ифторлик" сўзини эшитиши билан масалани маъмурларга оширдилар:

"Биздан стол буюртма қилишингиз, хоҳлаган пайтингизда келиб, худди "гап" ёки бошқа тадбир ўтказгандай қилиб тутсангиз ўзингизни, яъни, ўзингизни ифторлик ўтказгандай қилиб тутмасангиз, унда майли буюртмангизни қабул қиламиз. Лекин унақа ошкора ифторлик қилиш тақиқланди", деди Миробод туманида шарқона услубда қурилган ҳашаматли ресторанлардан бирининг менежери.

Мирзо Улуғбек туманидаги ресторанлардан бири менежери ҳам мижоз тариқасида боғланган Озодлик мухбирига деярли айни жавобни бераркан, айни ҳол ўтган йили ҳам кузатилганини қўшимча қилди:

"Ифтор ўтказишлар тақиқланган. Даа. Ўтган йилиям тақиқланган эди. Даже ўтган йили шаҳар ҳокими ҳамма ресторанларни хўжайинларини чақириб, ифторлик қилмайсизлар, деб лично айтган", деди совет замонларидан буён ишлаб келаётган ресторан соҳиби.

Айни пайтда у шаҳар ҳокимиятининг бу қароридан норозилигини ҳам қўшимча қилиб ўтди:

"Мен шуни ҳеч тушунмайман - рамазонда нега ифторликни запрещать қилишади. Барибир ҳамма ифтор қилади бизни ўзбекларда. А ресторанда ҳаммага қулай ҳозир. Темболее ифторлик кеч бўлаяпти, тўғрими? Келасиз меҳмонларингиз билан, ейсиз, турасиз-кетасиз. А уйда қанча овворагарчилик тўғрими?" дея норозилигини билдирди Мирзо Улуғбек туманидаги ошхона соҳиби.

Унинг сўзларига кўра, бу ресторанда ўтган йили ҳам ифторлик берилган ва бу йил ҳам ифторлик буюртмалари қабул қилинади.

"Потихоньку, потихоньку ўтказамиз энди, нима қиламиз?! Ўтган йили ҳам ўтказдик ҳа. Бу йил ҳали заказ тушмади. Биринчи бўлиб сиз телефон қилдингиз", деди ресторан маъмури.

Шундан сўнг Озодлик мухбири Тошкент, Самарқанд, Бухоро вилоятларидаги ресторанларга ҳам боғланиб кўрди.

Вилоятлардаги ресторанлар соҳиблари эса ифторлик ўтказмаслик тавсия қилинган бўлсада, бемалол ифторлик ўтказиш мумкинлигини айтмоқдалар.

"Ҳай келаверинглар бемалол. Ифторликка, деб келсангиз ҳам майли. Неча киши келасизлар шуни айтиб қўйинг", деди дарҳол буюртмани қабул қилишга ошиққан самарқандлик ресторанчи.

Айни пайтда мижозга айланган Озодлик мухбири билан суҳбатлашган ресторан ва ошхоналарнинг деярли ҳаммаси таомларининг ҳалоллигини таъкидладилар.

Бироқ уларнинг барчасида рамазон пайтида ҳам спиртли ичимликлар сотилиши айтилди.

Озодлик мухбири билан сўзлашган тошкентлик рўзадорларга кўра, Рамазон ойининг илк кунлари бўлгани боис ҳали ифторлик мавсуми бошланиб улгургани йўқ.

Ҳозирча маҳалла-кўйлардаги аҳоли уйларида оз сонли рўзадорлар иштирокида ифторликлар бўлмоқда. Бу ифторликлар ҳам маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари назорати остида ўтказилмоқда.

2008-2009 йиллар давомида Ўзбекистонда ишлаб турган қатор ҳалол ошхона, кафе ва ресторанлар ёпиб қўйилган эди.

2011 йилда эса ҳукумат топшириғи билан Ўзбекистондаги савдо дўконлари ва бозорлар пештахталарини тўлдирган ҳалол маҳсулотлардан "ҳалол" ёрлиғи олиб ташланди.

2013 йилга келиб, маълум бўлишича, Ўзбекистон ҳукумати "ҳалол" стандартидан тамомила воз кечган.

Тошкентлик рўзадор пенсионер Абдуманнон Холжўраев "ҳалол" тамға олинган бўлсада, одамлар орасида ҳалол, деб ном чиқарган овқатланиш муассассалари борлигини айтади:

- Лекин уларнинг аксариятига ҳозир бар қўшилган. Бар бор, дегани бу ерда алгокол сотилади, деганида. Ҳозир ҳаммасига мажбурлаб бар қўштирилган, деди Холжўраев.

2010 йилдан буён Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳри ва қатор вилоятларидаги умумий овқатланиш муассассаларида спиртли ичмликларни сотиш талаб қилинаётгани айтилган эди.
XS
SM
MD
LG