Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 21:48

Рамазон пайтида тўйхоналар бўшаб қолди


Рамазон кириши билан Тошкентда тўй-томоша ва концерт ўтказиш кескин камайгани кузатилади.

Тошкентдаги тўй ташкилотчилиги билан шуғулланадиган ширкатнинг ўзини Армен деб таништиган соҳиби Озодлик мухбири билан суҳбатда рамазон пайтида тўй ўтказиш индустриясининг ўнлаб тармоқлари деярли ишсиз қолишини айтади:

- Тўйхона ходимлари¸ ошпаз¸ сартарош¸ ижарага кийим берувчилар¸ тўй олиб борувчи ўртакашлар¸ созанда ва машшоқлар ҳамда лимузин ҳайдовчилари зарар кўришади¸ дейди суҳбатдош.

Айни пайтда суҳбатдош Тошкентнинг русийзабон аҳолиси яккам-дуккам тўй ўтказаëтганини айтади:

- Ўзбекистондаги тўй ўтказиш индустрияси асосан маҳаллий аҳоли сегментига қурилган. Шу боис рамазон пайтида кўрилган зарар сезиларлидир¸ дейди Армен Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда суҳбатдош шу кунларда ЗАГСга ариза бериш кўпайганини ҳам айтди:

- Ҳамма рамазондан кейин тўй қилиш режасида. Рамазондан кейин роса тўй бўлади¸ ўшанда зарарларни қоплаб оламиз¸ дейди Артур.

Бухоро вилоятида ўтган йиллари одамлар рамазон пайтида ҳам тўй қилишди¸ аммо бу йил бирорта ҳам тўйга буюртма олмадик¸ дейди ўзини Музаффар деб таништиган бухоролик тўй ташкилотчиси.

Суҳбатдош бу йилги рамазон пайтида суннат тўйлари ва юбилей тўйлари ўтказилишидан умид қилади:

- Агар ўтказилса¸ хурсанд бўлар эдик. Аммо ҳозирча бекормиз. Зарар кўраяпмиз¸ дейди тўй ташкил қилиш билан тирикчилик қиладиган бухоролик Музаффар.

Тўйларни тасвирга олувчи Хоразмдаги ширкатнинг ўзини Ғайрат деб таништирган вакили бу йилги рамазон пайтида тўйхоналар буткул ëпилганини айтди:

- Бултурги рўза пайтида Хоразмдаги тўйхоналар очиқ эди¸ бу йил ëпиқ. Секин- секин водий ва Тошкентдаги тутум Хоразмга ҳам ëйилди¸ шекилли. Ҳозир тўйхонага бориб келдим¸ буюртма фақат рўзадан кейинга олишяпти. Бундан биз видеотасвирчилар зарар кўраяпмиз. Бир ой бекор ўтирамиз¸ дейди суҳбатдош.

Тошкентдаги тўйларга торт пишириб берадиган ширкат қандолатчиси Наргиза Озодлик билан суҳбатда тўйларга аталган муҳташам тортлар савдоси буткул тўхтаганини айтади:

- Ҳозир рўза пайтида ҳеч ким тўй қилмайдику. Ўшанга тортга буюртма йўқ. Аммо ифторлик учун пирожноега буюртма бор¸ дейди Наргиза.

Тўй видеоси оладиган хоразмлик тасвирчига кўра¸ рамазон боис тўхтаган тўйлардан¸ асосан¸ қўшиқчилар зарар кўрмоқда:

- Масалан¸ тўйга торт қиладиган қандолатчилар рўза мавсумида нишолда¸ печак¸ лавзина¸ пашмак пишириб фойда қилмоқда. Артистнинг аҳволи чатоқ. Рамазон пайтида концерт ҳам йўқ. Ифторда қўшиқ куйланмайдику ахир¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова ўз касбдошларини Интернетдаги Youtube портали орқали рамазон билан қутлаб, ўзи ҳам рўза тутишга ҳаракат қилишини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган кўпгина қўшиқчилар эса рамазон пайтида дам олишларини айтишди.

Ўзбек кинотомошабинлари орасида “Кулги қироличаси” номини олган актриса Зуҳра Солиева Озодлик билан суҳбатда рамазон пайтидаги бир ой мобайнида рўза тутиб дам олишини билдирди:

- Рўза даврда тақвони кучайтириб¸ ўзимга дам бераман. Кинода суратга тушиш¸ концертлар ва бошқа тадбирларда қатнашмайман¸ дейди санъаткор.

Рамазон пайтида санъаткорларнинг баъзилари зарар кўрганидан нолийди. Зуҳра Солиеванинг бу борада ўз фикри бор:

- Рўза боис зарар кўрдим¸ деган гапни калта ўйлаган санъаткорлар айтади. Санъатини фақат пул билан баҳолайдиганлар шунақа дейди. Ҳақиқий санъаткор бунақа ҳовлиқмайди¸ пулсиз қолдим¸ концертсиз қолдим деб¸ дейди хонанда.
XS
SM
MD
LG